Иштихон давлат ўрмон хўжалиги ташкил этилади, бу ерда павловния етиштирилади
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўрмон фонди ерлари ва суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда ёғочбоп маҳсулотлар етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Norma» хабар берди.
Унга кўра, қуйидагиларда павловния ва бошқа тез ўсувчи дарахтлар плантацияларини ташкил қилиш йўлга қўйилади:
- ўрмон фонди ерларида, қишлоқ хўжалиги экинлари экилган ер майдонларининг четларида, истироҳат боғларида, аҳоли яшаш пунктларида, дарё қирғоқбўйи минтақаси муҳофаза зоналарида;
- Андижон, Бекобод, Жиззах, Жомбой, Каттақўрғон, Наманган, Оқдарё, Пахтачи, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Шўртан, Ўртаорол, Қамаши ва Қизириқ давлат ўрмон хўжаликларида;
- ўрмон майдонларини кенгайтириш, павловния ва бошқа тез ўсувчи дарахт турларини етиштириш мақсадида Самарқанд вилоятида Иштихон давлат ўрмон хўжалигини ташкил этиш.
Шунингдек, қабул қилинган қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022–2026 йилларда ўрмон фонди ерларида павловния ва бошқа тез ўсувчи дарахтларни экиш ва уларнинг кўчатларини етиштириш ҳажмлари;
- 2022–2024 йилларда туманлар ҳокимликлари захирасидаги ер майдонларида, қишлоқ хўжалиги экинлари экилган ер майдонларининг четларида, истироҳат боғларида, аҳоли яшаш пунктларида, дарё қирғоқбўйи минтақаси муҳофаза зоналарида павловния ва бошқа тез ўсувчи дарахтларни экиш ва уларнинг кўчатларини етиштириш ҳажмлари;
- суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилишнинг манзилли дастури.