Жомбой туманида янги ижтимоий хизмат йўлга қўйилди

Инсоннинг жамиятдаги ўрнини сақлаб қолиши, кундалик ҳаётга мослашуви ва яқинларининг доимий кўмагини таъминлаш ижтимоий ҳимоянинг муҳим йўналишларидан биридир. Шу мақсадда туманимизда руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги хизмат йўлга қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида давлат-хусусий шериклик доирасида “Янги кун” кундузги қараб туриш хизмати ташкил этилди. Аёллар учун мўлжалланган масканда хизмат олувчилар кун давомида мутахассислар назоратида бўлиб, улар учун зарур шароитлар яратилган.

Бу ерда психолог ва ҳамшира томонидан хизмат олувчиларга тегишли кўмак кўрсатилади. Хизматнинг кундузги шаклда ташкил этилгани эса фуқароларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини қўллаб-қувватлаш билан бирга, уларнинг оила аъзоларига ҳам кундалик юмушларини бажариш имконини беради.

Шунингдек, Зарафшон маҳалласида эркаклар учун ҳам кундузги қараб туриш хизмати ташкил этилди.

Янги масканларнинг очилиш маросимида туман ҳокими Хуршид Назаров, соҳа масъуллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, яратилган шароитлар билан танишди.