Самарқандда тарихий анжуманга тайёргарлик қизғин паллага кирди

Октябрь ойи сўнгги кунларида Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини бошлайди.
Мазкур халқаро форумнинг сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги қароргоҳидан бошқа жойда – Шарқ ва Ғарбни боғлаган Самарқандда ўтказилиши ташкилотнинг 80 йиллигига тўғри келгани билан ҳам тарихий аҳамиятга эга. Яна бир эътиборли томони, 43-сессияда ташкилотнинг амалдаги раҳбари ваколат муддати тугаши муносабати билан янги бош директор сайланади. Шу сабабли ЮНЕСКО бош штаб квартираси ҳамда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан юбилей сессиясига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 15 мартдаги қарорига кўра, мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ташкилий қўмита томонидан сессия билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан ишчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан зарур вазифалар бажарилмоқда.
– Сессия иштирокчилари ва нуфузли меҳмонларни муносиб кутиб олиш ва кузатиш учун Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалида қўшимча имкониятлар, шароитлар яратилди, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов. – Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, зарурат туғилганда, тиббий хизмат кўрсатиш, транспорт хизмати ва бошқа масалалар юзасидан тегишли ташкилотлар билан бирга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Меҳмонларнинг асосий тадбирлардан бўш вақтларида вилоят бўйлаб саёҳатга чиқишлари учун олти йўналиш бўйича сайёҳлик дастурлари тузилди. Шунингдек, ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлишлари ва халқимизнинг ўзига хос турмуш тарзи билан танишишлари учун ҳам улар борадиган манзиллар белгилаб олинди.
22 сентябрдан Самарқанд шаҳрида халқаро форумга ҳозирлик бўйича штаб расман фаолият бошлади. Штабга вазирлик ва идоралар, масъул ташкилотлар ходимлари бириктирилган ва уларнинг кунлик фаолияти мониторинг қилиниб, умумлаштирилмоқда. Штаб ЮНЕСКО бош штаб-квартираси билан ҳамкорликда ишламоқда ва фаолият мувофиқлаштириляпти.
Масъулларнинг қайд этишича, дастлабки кунларданоқ логистика, ОАВ билан ҳамкорлик, ахборот материалларини тайёрлаш ва иштирокчилар ҳамда меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳал этилди.
Асосий тадбирлар “Ипак йўли” халқаро туризм марказида ўтказилади. Бу ердаги 8 та меҳмонхонада нуфузли делегациялар, тадбир иштирокчиларини жойлаштириш учун жойлар банд қилиб қўйилди. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги 130 та меҳмонхонада ҳам сессия қатнашчилари ва меҳмонлар учун хоналар ҳозирланади.
Халқаро даражадаги тадбирни ўтказишга тайёргарлик доирасида халқаро туризм мажмуаси ҳудудидаги экспо-марказда иштирокчилар, меҳмонлар ва ОАВ вакиллари учун замонавий, қулай ва хавфсиз инфратузилма яратилмоқда. Жумладан, 600 киши учун ишчи офисларни янгиланмоқда. Бир вақтнинг ўзида 1500 кишини қабул қиладиган 7 та панель сессиялари залларини таъмирлаш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ишлари якунига етмоқда. 12 та кўргазма стендларини ўрнатиш, инновацион лойиҳалар ва технологияларни намойиш этиш учун жойлар ҳозирланмоқда. Марказ ҳудудида ва Самарқанд шаҳрида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот марказлари фаолияти йўлга қўйилади.
Тадбирда ЮНЕСКО раҳбарияти ва котибияти тўлиқ таркибда, ташкилотга аъзо 193 давлатдан 4 мингдан ортиқ делегат қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар етакчилари, вазирлар ва элчилар нуфузли анжуманда иштирок этади.
Сессия доирасида ЮНЕСКОнинг Ёшлар форуми, миллий комиссиялар йиғилиши, Беруний номидаги Ўзбекистон-ЮНЕСКО мукофотини топшириш маросими, музейларда халқаро кўргазмалар, жаҳон юлдузлари иштирокида концерт дастурлари ўтказиш режалаштирилган.
43-сессия ва бошқа тадбирларни ёритиш учун Самарқандга келадиган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилмоқда.
Ғ.Ҳасанов.