Нур бор эди қалбида унинг

Аҳмаджон Мухторов ўз даврининг таниқли зиёлиси эди. Биз учун фахрлиси шундаки, у Самарқанднинг оддий, лекин зиёли хонадонида камол топган. Дипломни олган кунидан то «Қишлоқ ҳаёти» газетасига муҳаррир бўлиб тайинлангунига қадар (1985 йил) «Зарафшон» («Ленин йўли»)да ишлаган. Бу ерда касбимизга оид катта-кичик – барча юмушларни бажариб, зуволаси пишган. Бундан ташқари, мазкур даргоҳда бағрикенг, иқтидорли ижодкорлардан таҳсил ва ибрат олган. Ундаги иштиёқ, заковат Аҳмаджон Ғуломовичнинг айнан журналистика учун туғилганлигини кўрсатиб турарди.

Шу сабабли устоз ўз даврининг таниқли зиёлисига айланди. «Зарафшон» газетаси у киши раҳбарлигида республикада ном қозонди. Фақат бугина эмас, А.Мухторов ижтимоий муҳитда ҳам нафақат ҳамкасбларимизга, барча ижодий зиёлиларга чинакам ибрат, фидойилик намунаси эди. Бу хислатлари республика пойтахтида «Қишлоқ ҳаёти» ва «Халқ сўзи» газеталарида бош муҳаррир бўлиб ишлаш жараёнида кўзга янада яққол ташланди. Пойтахтда Аҳмаджон ака чинакам сиёсий сиймо сифатида эътироф этилди. Мамлакат Олий советига депутат, республика журналистларига сардор этиб сайланди.

Устознинг шогирдларидан бири, фахрий радиожурналист Раҳимжон Султонов эзгу ишга қўл уриб, «Маънавият» нашриётида «Аҳмаджон Муҳторов замондошлар хотирасида» китобини чоп этди. Ушбу мажмуа устоз таваллудининг 90 йиллигига муносиб совға бўлди.

Табиийки, китобдан ижтимоий ҳаётда, сиёсатда, журналистикада А.Мухторов билан бирга ишлаган, у кишининг меҳридан, сабоқларидан баҳраманд бўлган ҳамкасбларимизнинг хотиралари ўрин олган. Бинобарин, бу ёдномаларнинг муайян қисми газетамизда ҳам чоп этилган эди.

Бу китоб бизга нафақат бир фидойи журналист ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Балки, унинг ибратли ҳаёти ҳамкасбларимизни ҳамиша адолат, ҳалоллик, фидойилик сари ундаб туриши, шубҳасиз.