Зураб Пололикашвили фахрий профессор бўлди

Мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Халқаро туризм академияси фаолияти билан танишди.

Халқаро туризм академияси 2023 йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси доирасида очилган эди.

Академия туризм соҳаси тадбиркорлик субъектлари буюртмасига кўра бир йилда бир неча маротаба таълим гуруҳлари шакллантирган ҳолда билан ўқув курслари ташкил этади. Бу ерда уч йилда 2740 нафар ўрта бўғин мутахассислари қайта тайёрланади.

Жумладан, биринчи академик йилда битта дастур – меҳмондўстлик менежменти бўйича 2024 йилда 20 нафар тренер ва 2025 йил январдан 200 нафар мутахассис тайёрланади. Иккинчи академик йилдан бошлаб мавжуд уч йўналишда 60 нафар тренер ва 1200 нафар мутахассис ўқитилади.

Академиянинг ўқув дастури Швейцария меҳмондўстлик мактаблари тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Машғулотлар чет эллик маслаҳатчилар томонидан олиб борилади. Академияни тамомлаганларга ҳамкор таълим муассасалари томонидан тан олинган сертификат берилади. Ҳар бир модулни тугатгандан сўнг талабалар хусусий сектор ҳамкор компанияларида амалиёт ўташ орқали соҳа бўйича тажрибага эга бўлади.

– Ўтган йилги юбилей сессиямиз чоғида мазкур академияни очганимизда ҳали бу ерда ишлар якунига етмаган эди, – дейди Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили. –   Бугун эса академияда бутунлай ўзгача муҳит яратилганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдираман. Дунёда бундай муассасалар кўп эмас, Самарқанддаги академиямиз улар орасида ўз имкониятлари билан ажралиб туриши шубҳасиз. Айни пайтда Африка, Лотин Америкаси давлатларида ҳам туризм соҳаси бўйича мутахассислар тайёрловчи таълим муассасалари ташкил этишга қизиқиш билдирилмоқда. Менга бугун шунга амин бўлдимки, уларга Самарқанд академиясини намуна қилиб кўрсатишимиз мумкин экан. Биз келгуси йилда Самарқандда туризм учун кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланган иккинчи халқаро форумни ўтказмоқчимиз. Мазкур академия эса бунда асосий база бўлади.

Зураб Пололикашивили ва Азиз Абдуҳакимов академия биринчи талабалари билан суҳбатлашди, таълим жараёнлари билан танишди.

Тадбир чоғида Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвилига Самарқанд халқаро туризм академиясининг фахрий профессори унвони берилди.