Тарих, адабиёт ва тафаккур уйғунлиги “Самарқандим”нинг янги сонида
“Самарқандим” - “My Samarkand” журналининг навбатдаги 4-сони китобхонлар қўлига етиб борди.
Таҳририят жамоасининг бу галги ижод маҳсули ҳам мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётини чуқур таҳлил ва юксак дид билан акс эттирган.
Журналнинг ушбу сони Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг “Ўзбекистон тарихий қадам ташламоқда...” мақоласи билан бошланган. Унда мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг янги босқичи — Ўзбекистоннинг илк бор жаҳон акциялар бозорига чиққани, Миллий инвестиция фонди орқали миллий компаниялар акцияларининг бир вақтнинг ўзида Лондон ва Тошкент фонд биржалари савдосига қўйилгани ҳақида муҳим фикрлар баён этилган. Мақола юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро майдондаги амалий натижасини яққол кўрсатади.
Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродовнинг “Менинг Президентим!” мақоласи эса содда ва самимий услубда ёзилган бўлса-да, катта маънавий юкни ўзида мужассам этган. Муаллиф Юртбошимизнинг Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасини қайта тиклаш ва янгилаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари орқали миллатимиз нуфузини бутун дунёда юксалтиришга қўшган ҳиссасини таъсирчан мисоллар билан очиб беради.
Журнал саҳифаларида жой олган Қудратилла Рафиқовнинг адиб Абдусаид Кўчимовнинг “Юксалиш симфонияси” китоби ҳақидаги таҳлилий мақоласи, Соҳибқирон Амир Темурнинг солиқ сиёсати хусусида бугунги соҳа мутахассисларининг мулоҳазалари, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуровнинг “Ялдо кечаси” ҳақидаги фикрлари журналнинг илмий ва адабий салмоғини янада оширган.
Айниқса, фан арбоби Анвар Зоҳидовнинг илм-фан тараққиёти ва замонавий илм инқилоби ҳақидаги қарашлари, шоир Ўткир Раҳмат билан бўлган самимий суҳбат ўқувчини мушоҳадага чорлайди. Бу материаллар инсон тафаккури, ижод ва маънавият ўртасидаги боғлиқликни теран англашга хизмат қилади.
Журналист Муртазо Қаршибойнинг “Самария”ни ўқиб”, Дилшод Нуруллоҳнинг “Даҳбедия довруғи: Румдан — Хитойгача”, Нуриддин Бегалиев ҳамда Абдурайим Туробовнинг “Самарқанднинг унутилган номлари” мақолалари эса ўқувчини яқин тарихимизнинг бизга номаълум бўлиб келган қирралари билан таништиради.
Шунингдек, журнал Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Темур тузуклари” шеъри, Германиянинг Марбург университети катта илмий ходими Шароф Худойбердиевнинг “Нобель орзуси”, Муҳаммадихон Бузруковнинг “Қоғоз Самарқандда кашф этилганми?” ҳамда Фаррух Ҳамроевнинг “Аҳмаджон Мухторовнинг армонлари...” каби мазмунли мақолалари билан янада бойитилган.
Қисқаси, “Самарқандим” журналининг янги сони нафақат адабий-бадиий ёки ижтимоий-сиёсий нашр, балки миллат тафаккури, тарихий хотираси ва маънавий юксалишини ўзида мужассам этган муҳим маърифий манба сифатида қадрлидир.