Мутолаа: Қўлингизни беринг, акамулло...
Ҳабиб СИДДИҚ
Ишдан қайтаётгандим. Бекат яқинида лўли аёл йўлимни тўсди.
- Қани, қўлингизни беринг, акамулло.
- Нега? - дедим хушламайроқ.
- Қўлингизга қараб тақдирингиздан фол очаман.
Шундоқ ҳам таранглашиб турган асабим энди чидамади.
- Нари тур-э, - деб бақириб бердим. - Сен айтмасанг ҳам ҳаммаси қўлимга қараб аниқланишини билиб бўлганман. Ўзи уйда еттитаси қўлимга қараб турибди. Ишхонада бошлиқ қўлимга қарайди. Боғчада мудира аввал қўлимга қараб, кейин набирани олади. Мактабда директор иложи бўлса иккала қўлимни кўриб қўйгиси келади. Чунки, иккита невара ўқийди – шунинг учун бўлса керак-да. Ҳов каттароқ мактабларда ҳам бу қўлларнинг нусхалари унга-бунга кўриниб юрибди. Ўша қўллар ҳам худди шу сен кўриб қўймоқчи бўлган қўллардан озиқланиб туради.
- Ҳеч бўлмаса бир йўталиб қўйинг, акамулло...
- Ана холос, энди “йўталинг” дейишни сен ҳам ўрганиб олибсан. Қаерга бормай йўталишимни кутишади-я, яшшамагурлар. Катта-катта идораларда ҳам салом бериб киргандан кўра “йўталиб” кирганларнинг обрўси баланд бўлиб турибди. Бу казо-казоларинг ҳар қадамда кирганнинг ҳам, чиққаннинг ҳам “йўталиши”ни кутаверишса ҳамма кўкйўтал бўбкетмаса деб қўрқаман.
- Хўп, денг, энди, акамулло... Беринг қўлингизми...
- Э-э, нима деяпман сенга?! Ўзи бошимда мингта ташвиш. Уларни ҳал қиладиганларнинг олдига боролмай юрибман. Борсам, биламанки, қўлимга қарайди. Қараса, бу қўл ўлгурда қабариқдан бошқа нарса кўринмаса... уларку хижолат бўлишмайди-я, ўзим ноқулай аҳволга тушаман.
Йўлда ҳам беғалва юролмайман. У ер-бу ерда йўл ҳаракати назоратчиси ола таёғини кўрсатиб, тўхтатади-да, қўлимга қарайди. Қуруқ қўл билан кўчага чиқиб бўлмай қолди...
Айримлар зўр бериб “пул қўлнинг кири” деб уқтирмоқчи бўлишади. Наҳотки, дейман таажжубланиб. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, бу гапни айтганлар қўлимнинг кирини кўзга суртадиганларнинг сони-ю саноғига ета олармикинлар?
Бунинг устига бўм-бўш қўлларимдан уялиб, орқамга яшириб юрсам, телевизорда эртадан кечгача қайта-қайта “қўлингизни совунлаб ювинг” деб эслатишади. Ўзим ҳам биламан, айтишмаса ҳам. Ахир бир этак фарзандлару невара-чевараларни катта қилиб, ўқитиб, ҳунар ўргатиб, уйли-жойли қилгунимча ҳали қанча одамларга ишим тушади-ю, қанчаси қўлимга қарайди?.. Ўзимнинггина эмас, бутун сулоламизнинг тақдири боғлиқ бўлган шундай табаррук қўлни ювмай бўладими?..
- Ман келажагингизни башорат қиламан, акамулло...
- Э, бор, бор. Ўзи ғам-ташвишлар жонга тегиб ўнгу тесимни адаштира бошладим шекилли, хотиним эҳтиёт чорасини кўриб қўйибди, охирги пайтларда туманимиздаги руҳий хасталиклар шифокори ҳам қўлимга қараб турибди. Унинг ҳам дарди битта, ҳар гал қўлимга қарайди-да бир гапни такрорлайди: “Саломатлигингиз ўз қўлингизда”. Тавба, деб қўяман гоҳида. Илгари шифокорлар беморнинг кўзига, тилига қарарди. Энди сенга ўхшаган лўлилардан ўргандими, билмадим, улар ҳам фақат қўлга қараб ташхис қўядиган бўлиб кетишди.
- Иби, акамулло, - деб қорамтир лаблари орасидан сариқ тишларини кўрсатиб кулди лўли аёл. - Уларингиз бундайчигин қилабуришса... биз лўлиларга ҳам нон қолмасакан-да... Эҳ, эсиз!..