Амир Темур қабридан топилган тобутпўш Соҳибқироннинг жанговар байроғими?
Тобутпўш қадимдан дафн маросимларида қўлланилиб, марҳумни ҳурмат-эҳтиром билан охиратга кузатиш мақсадида тобут устига ёпилган махсус мато ҳисобланган.
Ислом дини тарқалиши билан тобутпўш маънавий ва диний мазмун касб этиб, поклик, эҳтиром ҳамда охиратга ҳозирлик рамзи сифатида қабул қилинган. Безаги ва ким учун ишлатилишига қараб оддий, диний ёзувли, безакли, махсус ҳамда маҳаллий урф-одатларга хос турлари шаклланган.
1941-йилнинг 19-июнь куни Соҳибқирон Амир Темур қабри илк бор очилганида, унинг жасади арчадан ишланган тобутга солиб дафн этилгани аниқланади. Тобут усти қорамтир кўкиш рангли газламадан тайёрланган тобутпўш билан ёпилган бўлиб, тобутнинг ўзи қорамтир рангда, бақувват ва силлиқланган тахталардан ясалган, алоҳида қопқоққа эга бўлган. Тобут қопқоғи устида икки қисмдан иборат газлама парчалари топилган.
Ушбу газламанинг бош қисмида олтин иплар билан ишланган нақшлар сақланиб қолган. Бироқ қабрни сув босгани сабаб газлама ёмон сақланган, чириган ҳолатда бўлгани учун нақшнинг тўлиқ кўринишини тиклаш имкони бўлмаган. Шу билан бирга, газламанинг ипакдан нафис қилиб тўқилгани, унинг ўрта қисмида эса олтин иплар билан арабча имлода битилган ёзувлар мавжудлиги аниқланган.
Эҳтимол мазкур ёзувлар Қуръон оятларидан иборат бўлган, аммо газламанинг бутун ҳолда сақланмагани ёзувлар маъносини аниқлашга имкон бермаган. Археолог В.Шишкиннинг тахминига кўра, Амир Темур тобути устига ёпилган мазкур газлама қандайдир авлиёнинг қабри устидан олинган ёки Каъбадан олиб келинган бўлиши мумкин. Маълумки, Каъба устига ёпиладиган улкан чойшаб ҳар йили янгиланиб, эскиси эса тумор ёки муқаддас ёдгорлик сифатида ҳожиларга тарқатилган. Шу боис мазкур газламанинг келиб чиқиши ҳам муқаддас манба билан боғлиқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
1941 йилнинг 16-24 июнь кунлари экспедиция томонидан Амир Темур мақбарасидаги қабрлар бирин-кетин очилади. Қазишмалар якунланиб, қабрлардан чиқариб олинган Амир Темур, Мироншоҳ, Шоҳруҳ, Улуғбек ва Муҳаммад Султонларнинг суяклари махсус қутиларга жойланиб, Тошкентга олиб кетилади. Амир Темур мақбарасидан қазиб олинган суяклар илмий жиҳатдан ўрганиб бўлингач, 1942 йилнинг охирларига келиб, қайтадан ўз жойига дафн этилади. Лекин тобут билан бирга, қабрлардан олинган кўпгина нарсалар, газламалар, Мирзо Улуғбекнинг либослари, марҳумларнинг мўмиёланган тана аъзолари, кафанлар, соч-соқоллари қайта ўз жойига қўйилмагани боис Самарқанд музейида сақланади.
Жумладан, Соҳибқирон тобутининг қопқоғи ва тобут устига ёпилган газлама бўлаги ҳам. Айнан қабр очилган пайтда экспедиция раҳбари бўлган Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий (1897-1970) журналистларга берган интервьюсида тобут устига ёпилган мато қолдиқлари Соҳибқирон Амир Темурнинг жанговар байроғи бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни ҳам илгари сурган. Қайд этилишича, тобут устига ёпилган газлама қора рангда бўлиб, ипакдан тўқилган ва тобут қопқоғини бутунлай қоплаб турган.
Амир Темур қабри очилганида тобут қабрдан чиқарилгач, қайта дафн этишга яроқсиз бўлгани учун қайтариб жойига қўйилмаган. Кейинчалик реставрация қилиниб “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонасига топширилган ва узоқ муддатда музей сақланган. Ҳозирда Соҳибқироннинг жасади солинган ёғоч тобут ва унинг устига ёпилган тобутпўш Амир Темур мақбарасига олиб келиниб, махсус ҳимоя тизими билан жиҳозланган ҳолда замонавий витринада ўрнатилган.
Тўлқин БЎРИЕВ,
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тарих бўлими бошлиғи.