“Ёвуз учлик” ва етакчилик: кучлилар ғолибми ёки таъсирчанлар?

Психологлар узоқ вақтдан бери нарциссизм, психопатия ва макиавеллизм каби хусусиятларни тасвирлаш учун “ёвуз учлик” атамасини қўллаб келади.

Янги тадқиқот муаллифлари eтакчилик ва нуфузга тунд феълли шахслар эмас, балки яхши таассурот қолдиришга моҳир кишилар кўпроқ интилишини аниқлаб олишди.

“Ёвуз учлик”  тушунчаси  учта хусусиятни ўз ичига олади: субклиник психопатия (совуқ муносабат ва таъсирчанлик), макиавеллизм (сурбетлик ва манипуляция устаси) ва нарциссизм (устунлик ҳисси ва эътиборга муҳтожлик).

Бундай одамлар ўзларининг хусусиятлари ортидан “мевали” жойларга интилишади ва тегишлича тақдирланади. Масалан, психопатлар тадбиркорликка қизиқади, макиавеллизм эгалари ижтимоий ишлардан қочади, нарцистлар эса ижодий, ижтимоий ва етакчи ролларни афзал кўришади.

Янги тадқиқотда олимлар турли хусусиятлар ўртасидаги ўзаро таъсирларнинг бутун тизимини кўриш имконини берадиган тармоқли таҳлил усулидан фойдаланиб, юқорида келтирилган учликнинг соғлиқни сақлаш фанлари, ижодий дунёқараш, технология, одамлар билан ишлаш, ташкилий фаолият, таъсир (мавқега интилиш учун бошқаларни ишонтира билиш), табиат ва буюмлар билан ишлаш каби саккиз ўлчовини ўз ичига олган профессионал қизиқишларни ўлчаб чиқишди. Тадқиқот натижалари “Personality and Individual Differences” журналида чоп этилди.

Америкадаги йирик университетнинг 609 талабаси иштирок этган сўров икки босқичда ўтказилди. Дастлаб иштирокчилар анкеталардаги саволларга жавоб беришди; икки ҳафта ўтгач, худди шу талабалар музокара қилишдан тортиб ҳайвонларга ғамхўрлик қилишгача бўлган турли тадбирлардан завқланишларини баҳолаб чиқди. Тадқиқотчилар ҳар бир индикатор алоҳида бўғимга айланган ва бу бўғимлар орасидаги икки хусусият бир-бирига қанчалик тобелигини кўрсатган тармоқ моделини қурдилар. Бундан ташқари, олимлар хусусиятлар кластери ва мартаба кластери ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилган бўғим мараказийлигини ҳисоблаб чиқди.

Маълум бўлишича, бир оғир феъл хусусиятининг турли қирралари турли мартаба афзалликларига боғлиқ экан: дадил ва қўрс психопат етакчилик ва обрў-эътиборга талпинади, у технология билан ёлғиз ишлашни афзал кўради. Макиавеллчилар фойдали касблардан қочишади, лекин улар орасидаги сурбетлар бошқаларга таъсир ўтказа олиш билан банд. Нарцисстлар эса ижодкорлик ва ҳукмронликдан завқ олади.

Етакчилик ва нуфузга эга бўлган қизиқиш барча тунд хусусиятлар ва профессионал манфаатлар ўртасидаги марказий кўприк бўлиб чиқди. Шу билан бирга, очиқдан-очиқ душманлик фазилатлари ҳеч қайси томондан лидерлик билан боғланмайди – тепага чиқиш учун фақат яхши таассурот қолдира оладиганлар устунликка эриша олиши мумкин, - дея хулоса қилади тадқиқотчилар.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.