“Темур тузуклари” илк марта беларус тилига таржима қилинди

Низомий номидаги Ўзбекистон миллий университети ва Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Инновацион педагогика қўшма таълим олий мактаби ташаббуси билан “Темур тузуклари” беларус тилига таржима қилиниб, “Улажэнне Цямура” номи остида нашр этилди.

Муҳим жиҳати шундаки, жанр жиҳатидан ҳужжатли, тарихий, бадиий, автобиографик асар деб баҳоланадиган мазкур асар илк марта беларус тилига таржима қилинди. “Амир Темур ойлиги” доирасида нашр этилган ушбу асар беларусиялик китобхонлар учун Амир Темур давридаги ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

— Ҳамкорлик доирасида Беларусга сафарларимиз давомида ҳар гал янги таассуротлар билан қайтамиз, — дейди Инновацион педагогика қўшма таълим олий мактаби декани, профессор Омилхон Исмоилов. — Қўшма таълим дастурлари доирасидаги ўқув амалиётлари давомида хорижлик талабаларнинг буюк аждодларимиз ва уларнинг жаҳон тарихидаги ўрнига қизиқиши жуда юқори эканини кўп кузатамиз. Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университетидаги дарс машғулотларидан бири Соҳибқирон ва Темурийлар давлати тарихига бағишлангани, шунингдек, талабаларнинг “Темур тузуклари”га бўлган қизиқиши бизда катта таассурот қолдирди.

Шу жараёнда ушбу бебаҳо меросни беларус тилига таржима қилиш ғояси пайдо бўлди ва икки йиллик изланишлар натижасида “Темур тузуклари” беларус тилига таржима қилиниб нашр этилди. Ўйлаймизки, ушбу нашр икки халқ ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлайди, тарихий меросимизни кенгроқ тарғиб этишга хизмат қилади. Беларус китобхонларига, айниқса, ёшларига Амир Темурнинг давлат бошқаруви ва ҳарбий санъат борасидаги ўгитлари билан ўз она тилларида танишиш имконини беради.

Таъкидлаш керакки, “Темур тузуклари” асарини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш ҳамда 2030 йилгача мўлжалланган “Йўл харитаси” доирасида ноёб қўлёзмалар рақамлаштирилиши белгиланган.