Баҳорда экилган кўчатларни парваришламаган
Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш дунё миқёсидаги энг долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Иқлим ўзгариши, ҳаво ва сув ресурсларининг ифлосланиши, чиқиндилар ҳажмининг ортиши каби омиллар нафақат экологик ҳолатга, балки аҳоли саломатлиги ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, ҳудудларда амалга оширилаётган экологик сиёсат ва ислоҳотлар самарадорлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Самарқанд вилоятида ҳам экологик муҳитни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятнинг бой табиий мероси ва туристик салоҳиятини асраб-авайлаш, келгуси авлодларга соғлом ва мусаффо атроф-муҳитни мерос қилиб қолдириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Атхам Қурбонов билан суҳбат уюштирдик.
- Атхам ака, Республика даражасидаги йиғилишларда «Яшил макон» умуммилий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар етарли эмаслиги танқид қилиб келинади.
- Ҳақиқатда ҳам кейинги пайтларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда дарахтлар экилишида бир қанча хато камчиликларга йўл қуйилгани сир эмас.
Масалан, аввалги даврларда экилган дарахтлар илмий ўрганилмасдан иқлим шароитига мос бўлмаган дарахтлар экилганлиги, уларни парвариш қилиш бўйича аниқ чоралар белгиланмаганлиги ва суғуриш тизими етарли даражада эмаслиги оқибатида амалда экилган кўчатларнинг кўпчилиги йўқолиб кетишига олиб келди.
Кейинги 4 йил давомида Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш маданияти ва мактаби шакллантирилди. Вилоятимиз ҳудудида ҳам шу даврда иқлим шароитига мос 27 турдаги 70 миллиондан ортиқ мевали, манзарали ва бутасимон дарахт кўчатлари экилди. Натижада вилоятимизда яшиллик даражаси 27 фоизга ўсганлиги кузатилмоқда.
Аммо айрим жойларда масъулиятсизликларга йўл қўйиб келинмоқда.
Мисол учун, жорий йил баҳорги мавсумда экилган кўчатларни парвариш қилиш тадбирларини амалга оширмаган 16 нафар юридик шахс аниқланиб, уларга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳар бир ҳуқуқбузарга БҲМнинг 10 баробаридан жарималар қўлланилган ва бу жараён айни пайтда ҳам давом эттирилмоқда.
- Лойиҳа доирасида «Яшил макон» платформасида туман ва шаҳарларнинг кўкаламзорлаштирилганлик даражаси ҳам белгиланганми?
- Бугунги кунда Ўзкосмос агентлиги берган маълумотга кўра, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, вилоятимизда яшиллик даражаси 27 фоизгача ўсганлиги кузатилмоқда.
Кейинги пайтларда Самарқанд шаҳри ва шаҳар атрофи, Нуробод, Қўшработ туманларида экилган кўчатларни парваришлаш мақсадида замонавий сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш орқали суғориш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур амалиёт қолган ҳудудларга ҳам кенг татбиқ этилиб келинмоқда.
- Бугун айрим мутасаддиларда экологик ҳуқуқий маданият етишмаётгандай?
- Ҳа, айрим ҳолатларда экологияга оид ҳуқуқий маданият ва масъулият етарли даражада шаклланмаганини кўриш мумкин. Бу фақат бир соҳада эмас, балки шаҳарсозлик, чиқиндиларни бошқариш, сувдан фойдаланиш, дарахт кесиш, қурилиш ва саноат тармоқларида ҳам сезилади.
Масалан, экологик қонунлар бор бўлса-да, уларга доим ҳам қатъий амал қилинмайди. Баъзи қарорларда иқтисодий манфаат экологиядан устун қўйилади, бунда аҳоли фикри ва экологик экспертиза етарлича инобатга олинмаслиги мумкин.
Айрим мутасаддилар экологик оқибатларни узоқ муддатли эмас, қисқа муддатли нуқтаи назардан баҳолайди.
Шу билан бирга, кейинги йилларда ижобий ўзгаришлар ҳам бор, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси каби ташаббуслар, экологик назоратнинг кучайиши, аҳолининг экологик онги ошиб бораётгани, ёшлар ва жамоатчиликнинг экологик масалаларга фаолроқ аралашаётгани кузатишимиз мумкин.
Экологик ҳуқуқий маданият фақат мансабдорларда эмас, жамиятнинг барча қатламларида шаклланиши муҳим. Чунки табиатни муҳофаза қилиш - фақат давлатнинг эмас, ҳар бир инсоннинг масъулияти.
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда экологик ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ 30 дан ортиқ модда бор. Улар амалда қўлланиладими?
- Аввало, қайд этиш лозим, сўнгги пайтларда олдинги йилларга қараганда экологик ҳуқуқбузарликлар бирмунча камайган. Бироқ фуқароларимизнинг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-, 91(1)-, 90- 70(1)-моддаларида ҳуқуқбузарликлар кўрсаткичи ҳали ҳам давом этаётгани ачинарли ҳол, албатта. Шу сабабли ҳам бошқарманинг экополиция тезкор гуруҳи томонидан 24 соатлик назорат постлари ташкил этилган бўлиб, вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида алоҳида кучайтирилган рейд тадбирларини олиб бормоқда.
- Бу борада аввал экологик ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги махсус ахборот тизимига фотосурат ва видеоёзувлар юбориш мумкин эди. Уларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича муайян миқдорда пул мукофоти билан рағбатлантириларди. Бу тартиб ҳалиям амалдами?
- Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 7-апрелдаги “Давлат экологик назорати ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида назоратнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жисмоний шахсларнинг видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалари орқали қайд этилган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш, шунингдек, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар акс эттирилган фотосуратлар ва видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.
Аризачи томонидан юборилган (видео, аудио ва фото) кўринишидаги ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича амалга оширилмайди. Бу жарима ундирилган пайтдан эътиборан ўн беш кун муддатда унинг тегишли органлар ҳисобида қолдириладиган қисмидан амалга оширилади. Бунда ушбу рағбатлантириш ҳуқуқбузардан жарима ундирилгандан сўнг фуқаронинг уяли телефон рақами ҳисобига ёки банк пластик картасига тегишлилиги бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ёки Маданий мерос жамғармаси ҳисобварағига ўтказилган маблағлар ҳисобидан автоматик тарзда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
- Жуда яхши, энди бевосита экологик ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олишда жамоатчилик билан қандай иш олиб борилаётганига тўхталсангиз.
- Бу борада вилоятимизда 72 соатлик ўқув курслари жорий этилган. Айни пайтда курсни битириб, махсус гувоҳномасига эга бўлган 25 га яқин табиатга бефарқ бўлмаган кўнгилли ва фидойи бўлган жамоатчилик назоратчи вакиллари, табиатни ва экологияни асраб-авайлашга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
- Мораторий эълон қилинганига қарамай вилоятимизда ҳам дарё тошларини ковлаб олиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу борада очилган ишларнинг мониторинги юритиладими?
- Президентимизнинг 2024-йил 17-январдаги “Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2024-йилнинг 1-май кунидан эътиборан Зарафшон дарёсидан қум-шағал аралашмасини ковлаб олишга қарши мораторий эълон қилинган. Мазкур мораторий эълон қилингандан сўнг гарчи оғир кечса-да, дарё ўзанларидан қум-шағал ковлаб олинишининг олди олинмоқда. Мисол учун, жорий йил 1-январидан 12-май кунига қадар дарё ўзанлари ва муҳофаза зоналарида 447 та ҳуқуқбузарликлар содир этилган.
Барча ҳолатлар бўйича МЖтКнинг турли моддалари бўйича жарималар белгиланиб, ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
- Манфаатдор идора сифатида бу борада очилган ишларнинг якуни билан қизиққанмисизлар?
- Бундай ҳолатлар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иш олиб боради. Биз эса ваколатимиз доирасида назорат тадбирларни олиб бориб, тегишли ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этамиз.
- Ижтимоий тармоқлар, умуман масс-медиада вилоятдаги экологияга зарар етказаётган ва атмосферага зарарли чанг чиқараётган корхона ҳақида деярли маълумот учрамайди.
- Афсуски, бу фикрингизга қўшилолмайман. Чунки, 2025-йилнинг ноябрь ойидан эътиборан республикамизда қўмита раиси А.Абдуҳакимов ташаббуси билан ҳар бир саноат корхоналари ва иссиқхоналарда 24 соатлик кучайтирилган назорат рейд тадбирлари олиб борилиб, ижтимоий тармоқлар ва телеканаллар орқали ёритиб борилди.
Бу амалиёт шу кунларда ҳам давом эттирилиб, экополициянинг тезкор гуруҳи, Миллий гвардия, ИИБ патрул пост хизмати ходимлари ҳамроҳлигида қўшма тадбирлар олиб борилиб, ҳар бир корхона хатловдан ўтказилмоқда. Маълумот ўрнида айтишим мумкин, бугун вилоятда мавжуд 197 та 1- ва 2- тоифадаги саноат корхоналарида автоматик мониторинг станциялари, чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш орқали атмосферага ташланадиган ташламаларни очиқ релефга ташланиш даражаси 80 фоизга камайган.
Шунингдек, транспорт воситаларидан ҳавога чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 10 фоизга қисқартиришга эришиш мақсадида, йилига икки маротаба ИИБ ЙҲХБ ва Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамкорлигида “Тоза ҳаво” тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Бу каби тадбирларда вилоятда ҳаракатланувчи ҳар бир автотранспорт воситаси назоратдан ўтказилиб, улардан чиқувчи "ис” гази ва тутун миқдорларини ўлчаш ишларини амалга ошириш билан бир қаторда ҳайдовчиларга тавсия ва тушунчалар бериб ўтилмоқда.
- Жамоатчилик орасида кўпгина оқова сув тозалаш иншооти мавжуд талабга жавоб бермаслиги ҳақида айтилади. Бу ҳақда нима дейсиз?
- Самарқанд вилоятидаги сув тозалаш иншоотлари, Самарқанд сув таъминоти АЖ га қарашли биологик тозалаш иншоотлари, «Сиёб шавкат орзу» фермер хўжалигига қарашли биологик тозалаш иншооти, ЎзБАТ АЖ га қарашли биологик тозалаш иншооти каби 10 га яқин самарали фаолият юритиб келаётган сув тозалаш иншоотлари мавжуд. Шулардан, Каттақўрғон шаҳри, Жомбой тумани ва Булунғур тумани каби бир неча ҳудудлардаги оқова сув тозалаш иншоотлари ўз муддатини ўтаб бўлганлиги ва бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги боис деярли фаолияти тўхтаб қолган. Айни пайтда биз тегишли мутасаддилар иштирокида ҳолатни батафсил ўрганиб, тегишли таклифларни мутасадди вазирликларга тақдим этганмиз ва бу борада молиявий режалар тасдиқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 25-ноябрдаги 783-сонли қарори ижросига биноан локал тозалаш иншоотларининг қурилиши ва реконструкция ишлари бошланган. Бундан кўзланган мақсад вилоятда оқова сувларни қайта ишлаш самарадорлигини оширишдир.
- Бугун вилоятда экология билан боғлиқ қандай оғриқли масалалар сақланиб қолмоқда?
- Бугунги кунда вилоятда бир нечта муҳим экологик муаммолар ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда. Хусусан, ҳаво ифлосланиши вилоятда автомобиллар сонининг кўпайиши, саноат корхоналари ва қурилиш ишлари сабаб атмосфера ҳавоси ифлосланмоқда. Экология назорати рейдлари давомида юзлаб қонунбузарликлар аниқланган.
Бундан ташқари, чиқиндилар муаммоси. Маиший ва саноат чиқиндиларини қайта ишлаш тизими ҳали тўлиқ ривожланмаган. Айрим ҳудудларда ноқонуний чиқинди ташлаш ҳолатлари учрайди.
Нотўғри суғориш ва кимёвий моддалар тупроқ сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабаб ҳозир вилоятда “яшил иқтисодиёт”, сувни тежаш технологиялари ва экологик назоратни кучайтириш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда.
Бир гапни айтиб ўтишим керак, тизим ходимларига аҳоли билан ишлаш ўта қийин кечади. Нега?
Чунки фуқароларимиз йиллар давомида хоҳлаган пайтда дарахт кесган, чиқиндиларни истаган ерга ташлаб келган, хонадонида кундалик турмушда ҳосил бўлган оқовали чиқиндиларни кўчага бемалол тўккан ва ариққа оқизган. Бунга эса, ҳеч ким индамаган ва бунга ўрганиб қолган. Экологлар бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун бир фуқарога учрашса, битта жавоб эшитади «битта ман эмас-ку, ҳамма шундай қиляпти-ку…».
Ё.МАРҚАEВ суҳбатлашди.