Фарзанд учун ота-она меҳри – беқиёс устун
Оила муқаддас маскан ва бу масканнинг икки мустаҳкам устуни бор. Улар ота ва она! Бу устунларнинг мустаҳкам бўлмаслиги мурғак қалб эгаларининг қийналишига, меҳрга, ҳимояга ташна бўлиб яшашига сабаб бўлади. Фарзанд учун ота ва она меҳридан муҳим нарса йўқ. Оилада ҳар бир аъзо ўз мавқеига эга, ота-оналар эса унинг таянчи ҳисобланади.
Кўп учрайдиган ва деярли кўпчиликни ўйлантирадиган масалалардан бири – хорижга ишлаш учун кетиш ҳолатидир. Албатта, оилани моддий жиҳатдан таъминлаш, фарзандлар эҳтиёжини қондириш кўпинча эркак зиммасига юкланади. Бироқ оиладан узоқда меҳнат қилиш айрим ҳолларда эр-хотин муносабатларида келишмовчиликларни келтириб чиқаради, шунингдек, фарзандлар тарбиясида муайян бўшлиқлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳар қандай вазиятда фарзанд учун отанинг тарбияси ва онанинг меҳри, парвариши муҳим ҳисобланади. Улардан бирининг бўлмаслиги фарзандларимизга жиддий таъсир кўрсатади.
Атроф-муҳитга назар ташласак, бугунги кунда кўплаб оилаларда эркаклар, баъзан аёллар ҳам оилани моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида чет элга ишлаш учун кетаётганига гувоҳ бўламиз. Афсуски, айрим ҳолларда улар турли ваъдаларга ишониб, алданиб қолишмоқда.
Масалан, бир танишимнинг эри Россияга ишлаш ниятида кетган эди. Дастлаб иши юришиб кетди, уйига мунтазам равишда пул юбориб турди. Бироқ вақт ўтиши билан вазият ўзгарди: у уйига кам келадиган, кейинчалик эса умуман пул юборишдан тўхтади. Натижада қўлида тўрт нафар боласи билан қолган аёл тирикчилик ташвишига ботди – бировларнинг мол-қўйларига қараб, рўзғор тебратишга мажбур бўлди.
Орадан йиллар ўтди. Тўнғич ўғли мактабни битириб, давлат гранти асосида талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Бу, албатта, она учун катта ютуқ ва умид эди. Бироқ беш йил деганда хориждан қайтган эр катта қарзга ботганини айтиб, улардан кечирим ва ёрдам сўради. Оила яна оғир танлов қаршисида қолди. Она иложсизликдан ўғлини ҳам отаси билан хорижга ишлашга юборишга мажбур бўлди.
Энг аламлиси, ёш йигитнинг ўқишини ташлаб кетиши бўлди. Давлат гранти асосида қўлга киритилган имкониятдан воз кечиш – нафақат унинг шахсий келажаги, балки оиланинг эртанги куни учун ҳам катта йўқотишдир. Энди бу оиланинг кейинги тақдири қандай кечиши эса номаълум. Бу каби ҳолатлар ҳар биримизни чуқур ўйлантириши лозим.
Бундан ташқари, бир дугонамнинг отаси доим ишлаш мақсадида чет элда юрарди. Оилада беш қиз ва икки ўғил фарзанд бор эди. Тўнғич фарзанд ҳаётда ўз ўрнини топди, турмушида ҳам камчилик йўқ. Эҳтимол, бу унинг маълум бир даврда ота-она меҳри ва назоратини тўлиқ ҳис қилгани билан боғлиқдир. Аммо қолган фарзандлар ҳалигача на оилавий, на шахсий жиҳатдан тўлиқ ривожлана олмаяпти. Албатта, улар ҳеч нарсадан кам бўлмай вояга етди, моддий томондан етарлича таъминланди. Бироқ ҳаёт кўрсатмоқдаки, пул ҳар доим ҳам соғлом муҳит ва мустаҳкам тарбия ўрнини боса олмайди.
Хорижга кетганларни бир четга қўяйлик, ўз уйида яшаб туриб ҳам фарзандига вақт ажратмайдиган ота-оналар ҳам оз эмас. Бугун эрта тонгда ишга кетиб, кечқурун чарчаб қайтадиган, уйда бўлса ҳам иши ёки телефони билан банд бўлиб, фарзанди билан суҳбатга фурсат тополмайдиганлар кўпаймоқда. Эҳтимол, жамиятда учраётган айрим камчиликлар ва салбий ҳолатларнинг илдизи ҳам ана шу бефарқлик ва эътиборсизликка бориб тақалар.
Шундай экан, азиз ва ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизни ёлғиз қолдирманг. Уларга меҳр беринг, дардини тингланг, ютуқларини қўллаб-қувватланг, энг муҳими – вақт ажратинг. Чунки фарзанд учун энг катта бойлик – ота-она меҳри ва эътиборидир. Келажакни пул эмас, тарбия ва меҳр барпо этади. Фарзандларимизнинг эртанги кунини бегона қўлларга эмас, ўз қалбимиз ва масъулиятимизга топширайлик.
Заҳро ИБРАГИМОВА,
Нурота тумани.