Буюк Ипак йўли ҳақида нималарни биласиз?

Шарқ ва Ғарб халқлари ўртасида тарихий-маданий алоқалар ва савдо мунособатларни боғлаб туришда қадимда Буюк Ипак йўли муҳим ўрин тутган. Бу йўлдан милоддан аввалги II асрда вужудга келиб, XVI асрга қадар фойдаланилган.

Буюк Ипак йўли деган номни эса 1877 йилда шу йўл орқали ривожланган савдода ипак энг муҳум аҳамиятга эга бўлгани учун немис тарихчиси К.Рихтҳофен берган.

 Буюк Ипак йўли 12 минг чақиримгача узунликда бўлиб, бу йўл орқали кўплаб Шарқ давлатлари билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатилган. Буюк Ипак йўли Сариқ денгизи соҳилларидан бошланиб, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Эрон, Месопатамия орқали Ўрта Ер денгизи соҳилларигача борган. Иккинчи йўналиш Ўрта Осиё орқали Ҳиндистонга олиб борган.

Бу йўлда Сиан, Дунхуан, Ёркент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Марв каби жуда кўп кўҳна шаҳарлар жойлашган. Хитойнинг Аноси шаҳрига келиб эса Буюк Ипак йўли бир неча тармоқларга бўлинган. Биринчи тармоқ Аноси, Қашқар орқали Қўқонга, ундан кейин эса Тошкентга ўтган. Бу ердан Жиззах ва Самарқанд орқали Бухорога келган йўл Урганч орқали Гуревга, ундан эса Оқсарой орқали Қора денгиз бўйларига чиққан. Яна бир тармоқ эса Дунхиан орқали Хўжандга, ундан Лаҳорга ўтиб кетган. Бухорога келиб эса бу тармоқ иккига бўлинган. Жанубий йўналиш Бухорога, Қарши, Термиз орқали Нишопурга ўтган. Нишопурдаги тармоқларнинг бири Теҳрон, Боғдод йўналиши бўйлаб Ўрта Ер денгизи бўйидаги Тир шаҳригача чўзилган. Умуман олганда, Буюк Ипак йўлининг жанубий тармоғи Ўзган орқали Ўшга ўтиб, Қува ва Марғилон, Қўқон орқали Хўжанд, Самарқанд, Бухорога ўтган. Шимолий йўналиш эса Хазор хоқонлиги ва Булқор давлати орқали Киев Руси ва Европа мамлакатларига борган.

Буюк Ипак йўлининг карвон йўлларидан ташқари ички савдо йўллари ҳам мавжуд бўлган. Савдогарлар молдан ташқари турли фан ва маданият соҳалари янгиликларини ҳам келтирган. Суғдиёнадан Хитойга жун-газлама, гилам, қимматбаҳо тошлар, безаклар ва кўп бошқа буюмлар олиб борилган. Бақтриядан туялар олиб борилган бўлса, Фарғонадан зотдор отлару Ҳиндистондан зираворлар, кумуш ва фил суягидан ишлов берилган буюмлар олиб борилган. Буюк Ипак Йўли бўйлаб кўплаб шаҳарлар, бозорлар, карвонсаройлар қурилган. Савдогарларнинг аксарияти йўлнинг охиригача бормаган, чунки Ўрта Осиё шаҳарлари ушбу йўлнинг марказида жойлашгани боис савдогарлар Хоразм, Термиз, Самарқанд ва бошқа ҳудудларда нарсаларини сотиб, тугатиб маҳаллий маҳсулотларни харид қилиб кетган.

Буюк Ипак йўли даврида барпо этилган меъморчилик ёдгорликларини ўрганиш вақтида кўплаб тангалар, сопол мис буюмлар топилган. Хусусан, Афросиёбдан сополлар, Рим шамдонлари, Миср муҳрлари, Термиздан Рим тангалари хазинаси ва Ўрта Ер денгизи атрофида Кушон тангалари топилган.

Темурийлар даврида Буюк Ипак йўлига катта аҳамият берилган. Кўплаб карвонсаройлар, бозорлар, карвон бекатлари қурилиб, эскилари таъмирланган. Карвонларни маҳаллий ҳокимликлар томонидан қўриқчилар ҳимоя қилиб, бир манзилдан иккинчи манзилга кузатишган.

Буюк Ипак йўлида ўз дипломатик миссиясини бажарган Руи Гонзалес де Клавихо ўзига ва Миср элчисига кўрсатилган эътибор ҳақида алоҳида эслатиб ўтган. Масалан, унда Миср элчисини 20 нафар ҳарбий қўриқлаб боргани ёзилган. Соҳибқирон карвон йўлларида кимда-ким зарар кўрса, бундай ҳуқуқбузарликларга жавобгарликни шу ҳудуд амалдорларига юклаган. Зарарни амалдорлар ҳиссасидан ундириш қоидасининг жорий этилиши халқаро савдо йўлидаги ҳуқуқий кафолатлардан бири бўлиб қолган.

Буюк Ипак йўлида жойлашган шаҳарлар, аввало, Самарқанд Амир Темур даврида юқори даражада равнақ топган. Самарқандда дунёнинг барча ҳудудларидан савдогарлар келиб турган. Бу ерда дўкону бозорлар, ҳунармандчилик расталари, устахоналари сон-саноқсиз бўлиб, маҳаллий маҳсулотлар четга сотилган.

Дилноза Ғаниева,

Регистон ансамбли гид экскурсоводи.