Дабдабали тўйлар ва беадаб хатти-ҳаракатлар — Самарқанд номига доғ

Вилоят Матбуот уйида республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Холбек Кўбаев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шу мавзуда фикрлар билдирилди.
Дастлаб жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган маънавий-маърифий ишлар, уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган истиқболли режалар хусусида сўз юритилди.
– Самарқандда ўтаётган дабдабали тўйлар ва уларда ёшлар томонидан содир этилаётган нописанд қилиқлар биз учун оғриқли нуқта, – деди Х.Кўбаев. – Бундай ҳолатларга қарши фақат маҳалла фаоллари ёки маънавият тарғиботчиларининг ҳаракати билан натижага эришиб бўлмайди. Шу боис биз тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда турли тадбирлар ўтказяпмиз.
Масалан, яқинда бир тўйдан кейин автомашиналар иштирокида содир этилган ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Бу воқеага муносабат билдириш мақсадида вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда махсус тадбир ташкил этдик. Натижада ушбу автомашина ҳайдовчисига нисбатан тегишли жарима қўлланилди.
Бироқ шунчаки жарималар билан муаммони ҳал этиш қийин. Агар йўлда бошқаларнинг хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳаракатларни амалга оширган ҳайдовчиларга нисбатан жарималар кескин оширилса, ҳатто уларнинг қимматбаҳо автомашиналари мусодара қилинса, шундай ҳолатлар анча қисқарар эди.
Матбуот анжуманида “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллаларда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, корхона ва таълим муассасаларида ўтказилаётган ўрганишлар, ОАВ орқали амалга оширилаётган кенг кўламли тарғибот ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Тўлқин Сиддиқов.