Қизил Ярим Ой жамияти кўнгилсиз вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича корхона-ташкилотларда семинар-тренинг ўтказди

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси томонидан жамиятнинг вилоят ташкилоти билан ҳамкорлик қилиб келаётган давлат идоралари, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари иштирокида икки кунлик семинар-тренинг ўтказилди.

Иштирокчиларга иш жойида, кўчада ва хонадонда юзага келган кўнгилсизлик оқибатида инсон жароҳатланганда, шикастланганда унга биринчи ёрдам қай ҳолатда кўрсатилиши, саросимага тушмаган ҳолда қандай ҳаракат қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Айниқса, иштирокчиларда инсон қўлига шиша бўлаги кирганда (албатта грим қилган ҳолатда) қандай ҳаракатларни бажариш кераклиги жонли мисоллар билан кўрсатгани катта таассурот қолдирди.  Машғулотларни жамиятнинг вилоят ташкилоти раиси М.Арипова, ташкилотнинг ижрочи директори, соҳа фахрийси Ҳайдар Холов,  ташкилотнинг мутахассиси Д.Алиева олиб борди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси тарихи ҳамда унинг асосий мақсад вазифалари ҳам айтиб ўтилди.  

-  Бу каби семинарларни ташкил этишимиздан асосий мақсад, инсонларда биринчи ёрдам кўрсатишга бўлган кўникмасини шакллантиришдан иборат, - дейди  Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамиятининг тиббий ижтимоий бўлими бошлиғи, “Биринчи ёрдам” дастури координатори Санжар Умаров. - Энг муҳими, Самарқандда ўтказилган амалий машғулотларда иштирокчилар шижоати бизни қувонтирди, жараёнларда бевосита ўзлари қатнашди ва буни амалда қўллаб кўрди. Бу билан уларда биринчи ёрдам кўрсатишга кўникма ҳосил бўлди. Ҳатто иштирокчилар келгусида бизнинг ташкилотда волонтёрлик қилиш истаги борлигини билдирди. Биз кўзлаган мақсад ҳам айнан шу эди.

Якунда ташкилот томонидан иштирокчиларга сертификат ва эсдалик совғалари берилди.