Гулчининг сири ёки кичик томорқадан 250 миллион сўмлик даромад

Пахтачи туманида томорқасидан яхшигина даромад олаётган оилалар кўп. Туманнинг Ҳунармандлар маҳалласида яшовчи Бобоқул Норбўтаев шундай омилкорлардан бири.
Унинг 9,5 сотихли 2 та иссиқхонасида асосан тувак ва дала шароитида ўстириладиган гул етиштирилмоқда. Бир-биридан чиройли, турфа хил гул кўчатлари ўстирилаётган 4,5 сотихли ойнаванд дала остидаги биринчи иссиқхонага кирган киши ўзини гўё истироҳат боғи ёки афсонавий гулзорлар орасига тушиб қолгандек ҳис қилади. Бу ерда ўстирилаётган гиран, ҳамиша баҳор, виола, алоэ, бананза, Хитой жаннат гуллари, катарантус, питуня, салвия кўчатлари кишига ўзгача кайфият улашади.
Бугунги кунда термостат усулида тикланган иссиқхонада етиштирилаётган қарийб 30 навга яқин 40 минг тупдан зиёд гул кўчатлари нафақат туман маркази ва мавжуд хиёбон, балки Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғлари ва марказий кўчалар атрофларига экилмоқда. Бобоқул аканинг оила аъзолари томорқа ерларида етиштирилаётган гул кўчатлари орқасидан йилига 200-250 миллион сўм даромад кўрмоқда.
У гул кўчатлари етиштиришдаги тажрибаларини ошириш, илғор иш услубларини ўрганиш мақсадида бир неча марта Тошкент, Наманган шаҳарларида ўтказилган “Гуллар сайли” да иштирок этиб қайтди. Гулчилик билимдонлари томонидан берилган тавсия, маслаҳатларни олиб кам бўлмади. Нозик касб сир-асрорларини ҳамқишлоқлари билан баҳам кўриб, уларни ҳам гулчилик соҳасига қизиқтирди. Меҳнатлари эвазига “Илғор томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Дарвоқе, туман ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими фитосанитар назорат давлат инспекторлари режа асосида томорқа ерларида бўлиб, зараркунанда ҳашаротларни аниқлаш, унга қарши профилактик чора-тадбирларни белгилаётгани ҳам самарасини кўрсатмоқда. Улар доим томорқачилар билан ҳамфикр фаолият юритмоқда.
Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизмати.