Таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида жорий йилнинг 1 ноябридан 1 декабрига қадар коррупцияга қарши курашиш ойлиги эълон қилинган.

Ушбу ойлик доирасида ҳудудларда “Мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, коррупцияга қарши профилактика чора-тадбирларини ташкил этиш” мавзусида очиқ мулоқот ҳамда семинарлар ташкил этилмоқда.

Мазкур мулоқотларнинг навбатдагиси Самарқанд вилоятида ZOOM платформаси орқали ташкил этилиб, унда вазирликнинг коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқий-назорат хизмати ходими Ғофиржон Содиқов ҳамда бошқарма бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов томонидан мактабгача ва мактаб таълими тизимига кирувчи барча муассасаларда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, давлат ҳаридларида очиқликни таъминлаш, “манфаатлар тўқнашуви”нинг салбий оқибатларидан тизим вакилларини огоҳ этиш ва таълим ходимларини “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш каби бир қатор йўналишлар бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Мулоқот давомида вазирлик вакили Ғ.Содиқов коррупцияга қарши курашишга оид ички локал ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтирди. Тадбирда коррупция ҳақида хабар беришга мўлжалланган вазирлик ва тизим ташкилотлари алоқа каналлари кенг тарғиб қилинди ва бу ҳақда тайёрланган тарғибот материаллари, тақдимотлар ходимларга мустақил ўқиб ўрганиш учун етказилди.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун кучга киргунига қадар унда белгиланган талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалалар ўрганилиб, ходимларга услубий тавсиялар берилди.

Шунингдек, ҳар бир ходим билан якка тартибда профилактика тадбирлари ўтказилиб, ходимларда “ҳалоллик вакцинаси” иммунитетини шакллантириш учун уларни ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари, унга имкон бераётган ҳолатлар тўғрисида ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик мавжудлиги ҳақида расман огоҳлантирилди.

Очиқ мулоқотда вилоят прокуратураси масъул ходими Д.Раҳимбердиев ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси вакили Ж.Нуралиев иштирок этиб, улар томонидан таълим соҳасини шаффоф ва коррупциядан холи тизимга айлантириш йўлида ҳамкорликни янада яхшилаш зарурлиги билдирилди.

Мулоқот давомида иштирокчиларга коррупцион ҳаракатларнинг аянчли якунларига бағишланган махсус видеороликлар намойиш этилиб, ҳар бир таълим муассаса раҳбари билим даргоҳларида ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш учун масъул эканлиги таъкидланди.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати.