Коррупцион ҳолатлар бўйича 17 нафар банк масъуллари жиноий жавобгарликка тортилди
“Миллийбанк” акциядорлик жамияти вилоят бошқармасида халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки тизимида ўтказилаётган аксилкоррупция ҳафталиги доирасида ташкил этилган тадбирда банк вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий банк хизматлари марказлари ва банк хизматлари офислари ходимлари бевосита ҳам ZOOM платформаси орқали қатнашди.
Вилоят прокуратураси, адлия бошқармаси ва бошқа тегишли органлар масъул ходимлари юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритдилар. Жорий йил 5 март куни Президентимиз иштирокида ўтказилган коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида берилган топшириқлар асосида мамлакатимиз банк тизимида коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди.
– Вилоят прокуратураси томонидан жорий йилда “Банк ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонун ва соҳага оид бошқа ҳужжатлар ижроси юзасидан 26 та текширишлар ўтказилиб, 28 та ҳужжатга протест, 10 та тақдимнома киритилган, – деди вилоят прокуратураси бўлим прокурори Жаъфар Шаропов. – Тақдимномалар муҳокамасига кўра, 100 нафардан ортиқ банк ходимига интизомий ва маъмурий чоралар қўлланилган. Банкларда мавжуд муаммоли кредитлар таҳлил қилинганда аксариятида коррупцион омиллар борлиги аниқланди. Яқинда бўлган ҳолат – 2022 йилда амалга оширилган лойиҳага шу йилнинг август ойида кредит ажратилгани расмийлаштирилган. Ахир бунинг ортида нима турганини оддий одам ҳам англайдику. Умуман, шу каби коррупцион ҳолатлар учун 17 нафар банк масъуллари жиноий жавобгарликка тортилди, 26 текшириш, 100 дан ортиқ банк ходимига чора кўрилган. Яхши биласизлар, Президентимиз томонидан коррупцияга қарши кураш бўйича Самарқанд тажрибасини йўлга қўйиш, соҳаларни рақамлаштириш орқали маиший коррупцияга барҳам бериш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган. Бу борада вилоят прокуратураси ва коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш ҳамкорлигида давлат органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида “Йўл харита”си ишлаб чиқилган. 88 та идора ва ташкилотга прокуратура ходимлари бириктирилди. Ҳар ойда битта соҳада коррупцион ҳолатларни ўрганиш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилиб, натижаси ҳудудий кенгашда муҳокама қилиб келинмоқда. Бундан албатта, банк соҳаси масъуллари ва ходимлари ҳам хулоса қилиши лозим.
Тадбир давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари банк ходимларини коррупцион ва иқтисодий жиноятларни келтириб чиқарадиган омиллардан огоҳ этиб, уларга ҳуқуқий тушунча берди, қонунлар моҳияти тушунтирилди.
“Очиқ эшиклар куни” доирасида банк ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан жавоблар олдилар.