Ғурбатда кечган йигирма йил

* Қатағон қурбонлари

Бу унинг НКВД ходимлари томонидан иккинчи марта ҳибсга олиниши эди. Шу сабабли ўзини унчалик йўқотмади. Аксинча, аввало хотини Ирина Станиславовнани тинчлантиришга уринди. “Энди мендан ҳам кўра сенга қийин бўлади. Ўзингни маҳкам тут, болаларнинг, онамнинг таянчи ёлғиз ўзинг бўлиб қоляпсан”.

Бу гапларни менга кейинчалик онасидан эшитган, отаси Раҳим Шокирбеков 1941 йил 2 январда ҳибсга олинган пайтда ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган қизи Элианора Раҳимовна Шокирбекова айтиб берган эди. Элианора Раҳимовна СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига ёши саксондан ошганлигига қарамай тез-тез келиб турар, отасига алоқадор анчагина ҳужжат ва суратларни ҳам музей фондига топширганди. Элианора опа 2024 йил март ойида, 84 ёшида вафот этди.

Ўзбекистон ССР НКВДси давлат хавфсизлик бошқармаси 2-бўлими 1-бўлинмасининг катта тезкор вакили Бардаснинг Р.Шокирбековни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида чиқарган қароридан: “1930 йилда Р.Шокирбеков ОГПУнинг Ўрта Осиёдаги мухтор вакили томонидан ЎзССР Маориф халқ комиссарлигида мавжуд бўлган аксилинқилобий-миллатчилик ташкилотининг фаол иштирокчиси сифатида ҳибсга олинган ва 1933 йилда ОГПУ коллегияси томонидан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган” эди. Қамоқ муддатини 1935 йилда ўтаб бўлиб, уйга қайтган.

1937 йилда фош этилган ва А.Икромов, Ф.Хўжаев раҳбарлик қилган ҳамда Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритган кўп тармоқли “Миллий истиқлол” ташкилоти бўйича олиб борилган тергов давомида Р.Шокирбеков ушбу жиноятчилар гуруҳи мавжудлигини билганлиги аниқланди. Номи келтирилган ташкилот қуролли қўзғолон ҳамда ВКП(б), совет ҳукумати раҳбарларига нисбатан террор уюштириш натижасида Ўзбекистонни СССРдан ажратиб олишни мақсад қилиб қўйган...

Шокирбеков шунингдек, бу аксилинқилобий-миллатчилик ташкилотини фош этган Обид Саидовга нисбатан террорни тайёрлаш ва амалга оширишдан хабардор бўлган... У ВКП(б) ва совет ҳукумати томонидан халқ таълими ҳамда адабиёт соҳасида олиб борилаётган тадбирларга қарши кенг миқёсдаги бузғунчилик ишларини олиб борган. Бу ҳолатлар унинг 1930 йилда ҳибсга олиниши вақтида терговдан яширилган.

Бундан ташқари, уни 1930 йилда Маориф халқ комиссарлигида аксилинқилобий-миллатчилар гуруҳи борлигини била туриб улар ҳақида тегишли ташкилотларга маълумот етказмаганликда ҳам айбладилар. Бу гуруҳда Боту, Боис Қориев (Олтой), Рамзи, Носир Саидов, Усмон Салимий, Собир Қодиров, Зоҳидов, Орифхонов, Зуфар Муҳаммадиев, Лутфулла Алавий, Алимов бўлган, дейилади ҳужжатларда.

Аслида Раҳим Шокирбеков шахсига НКВД томонидан бунчалик алоҳида эътибор қаратилишининг сабаби нимада эди? Нега уни 1930-1935 йилларда “Наркомпрос иши” бўйича 5 йил қамоққа тиққанларига қарамай 1941 йил 2 январда яна ҳибсга олишди? Бунинг сабабини унинг таржимаи ҳолидан излаш керак, деган фикрдаман.

Раҳим Шокирбеков 1901 йилда (баъзи ҳужжатларда 1899 йил деб кўрсатган) Тошкент шаҳрида ўзига тўқ оилада таваллуд топди. Отаси Шокирбек Аҳмадбековнинг Тошкент ва Қўқон шаҳарларида савдо дўконлари бўлган. Раҳим саккиз ёшга тўлганда отаси оиласидан ажрашиб, Қўқон шаҳрига кўчиб кетди. У онасининг қарамоғида қолади. Тошкентдаги мактабларда ўқиб, савод чиқарди. Лекин отаси 1913 йилда ҳаж сафарига отланиб, ўғли Раҳимни ҳам ўзи билан олиб кетади. Ўша пайтлари ҳажга борувчилар Туркияга бориб, султоннинг розилигини олиши керак бўлган. Отаси уни Истамбулдаги “Истамбул-Султония” коллежига ўқишга жойлаштириб, ўзи Сидиқмат ҳожи билан Макка ҳамда Мадинага йўл олади. Ёш Раҳим ушбу коллежда тўрт йил таҳсил олди. Коллежда турк, француз, форс тилларини ўзлаштирди. Лекин 1917 йилда отаси Қўқонда вафот этгач, доимо олиб турган пулдан маҳрум бўлиб, моддий аҳволи оғирлашади. Шундан сўнг, 1918 йил ўрталаригача Истамбулдаги бир дўкондорга ёрдамчи бўлиб ишлайди. Ватанида бўлаётган воқеаларни эшитиб, Ўзбекистонга қайтиш ниятига тушади. Аввал Туркияда яшаётган кавказликлар билан Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрига келади. Маблағ топиш учун бир мактабда ўқитувчилик қилади.

1919 йилнинг ёзида Боку шаҳрига кўчиб ўтади. Бу ерда у Туркиядан келган одамлар билан танишиб, улар ташкил қилган “Ҳиммат” партиясига киради. Бу партия чоп этаётган “Ишчи ва деҳқон” газетаси фаолларидан бирига айланади. 1920 йил бошида “Ҳиммат” партияси намояндаларидан бири Ҳусайин Ҳилмий билан Тошкентга етиб келади. Бу партия ўзини ишчи-деҳқонлар манфаатларини ҳимоя этувчи, деб эълон қилгани учун коммунистик партияга яқин эди. Ўша пайтлар Москванинг кўрсатмаси билан Тошкентда “Шарқда байналминал тарғибот” бўлими очилади. Бўлимни Туркияда ҳам инқилобни амалга ошириш ниятида юрганлардан Мустафо Субҳий исмли шахс бошқарарди. Раҳим Шокирбеков ушбу партия ижроия бюроси ва “Новий мир” газетаси таҳрир ҳайъати аъзоси этиб тайинланади. Бу ерда у бир йил ишлайди.

1921 йилда уни Қўқонга, милиция бўлими бошлиғи ўринбосари вазифасига йўллашади. Шунингдек, Андижонда ҳам айрим вазифаларни бажаради. 1922 йилда Қўқон ер-сув бўлими бошлиғи ўринбосари, район партия қўмитаси масъул ходими вазифаларида ишлайди. Кейинчалик Фарғона вилояти ер-сув бўлимида ва Қўшчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси ўринбосари лавозимида меҳнат қилади.

1923 йилда уни Тошкентга чақириб олишади. Тошкентнинг Эски шаҳар тумани ер тузиш, халқ маорифи бўлимларида бошлиқ ўринбосари, бошлиқ вазифаларида ишлайди. 1924-1925 йилларда Коммунистик партиянинг Эски шаҳар тумани қўмитасида бўлим мудири ўринбосари, бўлим бошлиғи эди.

1941 йил 18 февралда ЎзССР НКВДсининг давлат хавфсизлик бошқармаси катта тезкор вакили Бардась олиб борган сўроқ далолатномасидан:

 - Шундан кейинги йилларда қаерларда ишладингиз?

 - 1925-1926 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасида матбуот бўлими юриқчиси, шу билан бир вақтда Самарқандда чоп этилаётган “Зарафшон” газетасининг масъул муҳаррири вазифаларида хизмат қилдим. 1927 йилда Карманага, Зарафшон округ маориф бўлими мудири вазифасига тайинландим. У ерда 1928 йилнинг сўнгги кунларигача меҳнат қилдим. Ўша пайтлари бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Компартияси Каттақўрғон тумани қўмитаси котиби ҳам эдим. 1929 йилдан мени Зарафшон округ партия қўмитаси маданият ва тарғибот бўлими мудири этиб белгилашди. 1930 йил бошидан Самарқандда Маориф халқ комиссарлигида ҳисоб-тақсимлаш бўлимида, маъмурий-хўжалик бўлимида бошлиқ, охирги пайтлар эса Маориф халқ комиссари вазифасини вақтинча бажардим. 1930 йилнинг якунларида НКВД томонидан “Наркомпросс иши” бўйича ҳибсга олинганимда Ўзбекистон Компартияси Бекобод тумани қўмитасининг котиби бўлиб ишлаётгандим.

 - 1930 йилда Маориф халқ комиссарлигида мавжуд бўлган аксилинқилобий-миллатчилар гуруҳи йиғилишларида иштирок этганмисиз?

 - Маориф халқ комиссарлигида қандайдир “аксилинқилобий-миллатчилар гуруҳи” бўлганлигидан хабарим йўқ. Ҳа, биз баъзида Маориф халқ комиссарлигида ишлайдиган кишилар уйида ташкил қилинган меҳмондорчиликларда биргалашиб иштирок этиб, суҳбатлашардик. Одатда бундай ўтиришлар якшанба кунлари бўларди. Масалан, Маориф халқ комиссарлиги кадрлар бўлими бошлиғи Собир Қодиров ташкил қилган меҳмондорчиликда мен ҳам иштирок этганман. Унда Усмон Салимий, Зоҳидов оилалари билан, Боту ва бошқалар бор эди. Биз мусиқа тинглаб, адабиёт ҳақида, шоир ва ёзувчиларнинг янги китоблари тўғрисида суҳбатлашардик. 

 - Биринчи марта ҳибсга олинганигизда жазо муддатини қаерларда ўтагансиз?

 - Судгача НКВДнинг Тошкентдаги қамоқхонасида, кейин Москвадаги Бутирка ҳибсхонасида. Ҳукм эълон қилингач, Новосибирск лагерларига юборишди. Ўша ердан 1935 йилда озодликка чиқдим.

 - Сиз Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 67- ва 68-моддалари билан айбланаяпсиз. Ўзингизни айбдор деб тан оласизми?

 - Йўқ, тан олмайман.

Бундай сўроқлар 1941 йилнинг январь ойидан сентябрнинг ўрталаригача давом этди. Бу орада бир нечта терговчи алмашди. Лекин Раҳим Шокирбеков ўзига қўйилган бирорта айбни тан олмайди. Давлат хавфсизлик қўмитаси архивида сақланаётган унга оид ҳужжатлардан кўриниб турибдики, Р.Шокирбеков 1935 йилда Новосибирск лагерларидан қайтгандан кейин ҳам мунтазам равишда НКВД назоратида бўлган. У аввал асаларичиларни тайёрлаш курсларининг, кейин Самарқанддаги колхоз раҳбарларини ўқитиш мактабининг мудири қилиб тайинланган. Лекин “халқ душмани” сифатида қамалган, деган айб билан тез орада бу вазифалардан четлаштирилади. Шундан кейин Самарқанддаги 4-болалар уйида хўжалик ишлари мудири бўлиб ўрнашиб, иккинчи марта НКВД томонидан ҳибсга олингунча шу ерда меҳнат қилди.

“Иванова” лақабли НКВД хуфяси бўлган аёл берган маълумотдан: “Шокирбековнинг хотини Яурованинг айтишича, у беш тилни билган – ўзбек, рус, турк, француз ва тожик тилларида бемалол ёзиб, гаплашган. Самарқанддаги 8-болалар уйи директори Лещенко, педагогика билим юрти хўжалик ишлари мудири Аҳтам Шокиров, Тошкентдаги болалар уйи директор Книшев, Самарқанддаги 4-болалар уйи директори Дунин билан яқин бўлган”.

Юқорида номлари келтирилган одамларнинг бирортаси ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилинганда унга қарши ҳеч қандай гап айтмаган. Бу одамлар Р.Шокирбековни ҳалол ва ростгўй, ҳар жиҳатдан тоза одам сифатида таърифлашади.

Шокирбеков шахси НКВДни у 1935 йилда қамоқдан чиққан пайтдан бошлаб қизиқтирганини шундан ҳам билса бўладики, Акмал Икромовни 1937 йил 10-12 октябрь кунлари тергов қилган НКВД ходими ундан Р.Шокирбеков ҳақида сўрайди. А.Икромов “Мен Раҳим Шокирбековни Маориф халқ комиссарлиги ходими сифатида билардим”, дея қисқа жавоб беради.

Турли ёлғон-яшиқлар билан (балки тазйиқлар, жисмоний азоблар туфайлидир) унинг бошига мағзава тўкишга интилганлар ҳам топилган. Шулардан бири Қамчинбек бўлган. 1941 йил май ойида у Раҳим Шокирбеков билан юзлаштирилганда терговчининг “Шокирбековни инқилобгача Қўқон шаҳрида кўрганмисиз?” деган саволига “Уни мен Қўқондаги “Ғайрат” дўконида 1917 йилнинг иккинчи ярмида кўрганман. Ушбу дўкон “Иттилоҳ ва тараққий” ташкилоти томонидан очилган эди”, деб жавоб беради. Лекин Р.Шокирбеков унинг бу гапини бутунлай рад этади. “Мен Ўрта Осиёга фақат 1920 йил январда қайтганман-ку!”, дея жавоб беради.

У бутун вужуди, кучи билан бу ноўрин айбловларни кескин рад этар, терговчилар тўқиган барча ёлғонларни фош этишга интиларди. 1941 йил 3 мартда ЎзССР НКВДси терговчиси, Давлат хавфсизлиги лейтенанти Баришев чиқарган қарордан: “Тергов пайтида терговчига нисбатан қўполлик қилгани учун Раҳим Шокирбеков беш кунга ҳибсхона карцерига ташлансин”.

Яна шу терговчи томонидан 1941 йил 4 мартда тузилган далолатномадан: “Саид Носиров билан юзлаштириш чоғида Раҳим Шокирбеков унга қарата “Сен ҳамиша ёлғон-яшиқ тўқиган одамсан. 1930 йилда ҳам нотўғри гапириб, кўпларнинг бошига бало ёғдиргансан. Сен ифлос, муттаҳамсан” деди. Ушбу далолатнома шу ҳақа тузилди”.

У ўзини Маҳмуд Ҳодиев (Боту), Собир Қодиров, Ботир Ғуломов, Усмон Салимий, Нарзулла Иноятов, Маннон Рамзи, Лутфулла Алавий билан юзлаштиришини талаб қилди. Лекин унинг бу талаби рад этилди. Бундан келиб чиқадики, Раҳим Шокирбековнинг 1930 йилда у билан бирга суд қилиниб қамалган Боту, Ботир Ғуломов сингари кишилар 1937-38 йилларда СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси трибунали томонидан отувга ҳукм қилинганлигидан хабари бўлмаган.

Шу ерда Носир Саидов 1941 йил 4 мартда Раҳим Шокирбеков билан юзлаштирилганда нима деб кўрсатма берганлигига тўхталиб ўтиш керак, деб ҳисоблайман. Мана у айтган гаплардан парчалар: “Мен Шокирбеков Раҳимни Маориф халқ комиссарлигига ишга келганидан бошлаб биламан. У Маориф халқ комиссарлигидаги аксилинқилобий-миллатчилар гуруҳининг фаол аъзоси эди”.

“1927 йил август ёки сентябрь ойида мен Назрулла Иноятовнинг хонадонига таклиф қилинган эдим. Келсам, унинг уйида Шокирбеков ва Рамзи ўтирган экан. Рамзи шу ерда аксилинқилобий ташкилотнинг махфий йиғилишини ўтказди. Бунда ташкилот фаолиятини фош қилган менинг акам Саидов Обидни ўлдириш ҳақидаги масала муҳокама этилди”.

Бу гаплардаги мантиқсизликка қаранг. Аввалига, Носир Саидов “Мен Раҳим Шокирбековни Маориф халқ комиссарлигига келгандан буён биламан” демоқда. Ҳолбуки, Р.Шокирбеков бу комиссарликка 1930 йилнинг бошларида келган. Кейин эса 1927 йилда Назрулла Иноятов хонадонида улар билан акасини ўлдириш режасини бирга муҳокама этишганини айтаяпти. Ҳар қанча бўлмасин, укасининг олдида унинг акасини ўлдириш режасини муҳокама қилиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

Саккиз ой давом этган сўроқлар, бу даврда бошидан кечирган жисмоний ва руҳий азоблар ҳам унинг иродасини синдиролмади. Ўзига қўйилган бирорта айбни тан олмади. Лекин шундай бўлса-да, СССР НКВДси ҳузуридаги Алоҳида кенгаш 1941 йил 16 сентябрда “Раҳим Шокирбеков советларга қарши ташкилот фаолиятидаги иштироки учун 8 йилга меҳнат-тузатиш лагерига қамоққа юборилсин”, деган қарор чиқарди.

Шундан сўнг унинг Қозоғистон ҳудудидаги турли қамоқхоналарда саргардонлик кунлари бошланди. У Актюбинск, Аральск, Қарағанда лагерларида кунларини ҳибсда ўтказди. Р.Шокирбеков у ерларда ҳам ҳалол меҳнат қилди. Буни 1947 йил 20 июлда 21-меҳнат-тузатиш колонияси бошлиғи Куровнинг юқори органлар учун унга берилган таснифномаси ҳам кўрсатиб турибди: “Маҳбус Раҳим Шокирбеков Актюбинск комбинатидаги лагерга 1942 йил 5 августда келтирилди. Лагерда бўлган даври давомида ўзини яхши ишчи сифатида кўрсатди. Юқори кўрсаткичлари туфайли лагерь маъмурияти томонидан бир неча марта рағбатлантирилди.

1946 йил 20 апрелдан ҳозирги пайтгача у Аральск шаҳридаги 21-меҳнат-тузатиш колониясида сақланмоқда. Бу ерда ҳам ҳалол ва виждонан меҳнат қилди. Шу давр ичида лагерь тартибларини бузганлиги учун танбеҳ ёки жазо олмаган”.

1947 йил 15 июлда Р.Шокирбеков СССР Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Алоҳида кенгаш номига “1930 йилдаги иш бўйича иккинчи марта ноҳақ қамалганлигини” айтиб шикоят хати ёзади. Лекин Алоҳида кенгаш унинг шикоятини асоссиз, деб топади ва рад жавобини беради. Бундан илгари, 1947 йил март ойида худди шундай шикоят билан ЎзССР Давлат хавфсизлиги вазирлигига ҳам мурожаат қилган эди. Мана, унга ЎзССР Давлат хавфсизлик вазирлиги тергов бўлимининг 2-бўлинмаси бошлиғи ўринбосари, катта лейтенант Борисов имзоси билан йўлланган жавоб хатидан парча: “Шокирбековнинг унинг ишини қайта кўриб, қамоқдан озод қилишларини сўраб берган аризаси асоссиз, деб топилсин ва рад этилсин”.

Ниҳоят, 1948 йил кириб келди. Бу унинг қамоқдаги охирги йили бўлиши керак эди. Чунки 1949 йил январь ойининг бошларида жазо муддати тугарди. Аммо совет тузумининг ўзига нисбатан душанликда айбланган кишиларни озодликка чиқариш нияти йўқ эди.

СССР Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик вазирлиги, СССР Прокуратураси Марказий Комиссиясининг 1948 йил 10 июнда ўтказилган мажлиси баённомасидан кўчирма: “1941 йил 15 сентябрда СССР НКВДси ҳузуридаги Алоҳида кенгаш томонидан советларга қарши ташкилот фаолиятидаги иштироки сабабли 8 йилга қамалган Раҳим Шокирбеков хавфли давлат жиноятчиси сифатида Ички ишлар вазирлигининг алоҳида лагерида сақлаш учун ўтказилсин”.

Шундан кейин уни Қарағанда вилоятининг “Жезқазған-Рудник” қўрғонидаги қамоқхонага юборишди. 1949 йил 2 февралда Давлат хавфсизлик вазирлиги Қарағанда вилояти бошқармаси бошлиғи, подполковник Хамидуллин Москвадан қуйидаги кўрсатмани олди: “Раҳим Шокирбеков қамоқ муддати тугаши билан сургунда сақлаш учун Қарағанда шаҳрига, Давлат хавфсизлик бошқармаси ихтиёрига юборилсин”. Уни муддатсиз сургунни ўташга Қарағанда вилояти Нурин туманининг Морозовка қишлоғига жўнатишди.

Кичик қизи Элианора Раҳимовна Шокирбекова хотираларидан: 

 - Мен отамни биринчи марта 14 ёшимда кўрганман. Биз опам Светлана билан фақат унинг альбомда сақланган суратларини кўриб ўсдик. Онам, отамнинг онаси Тожи бувим бизга у киши ҳақида кўп сўзлаб беришарди. Фақат Сталин вафотидан кейин сургундагиларнинг оила аъзоларига улардан хабар олиш, учрашишга рухсат берилди. 1954 йил март ойларида онам мени олиб, Қарағандага жўнади.. Опамни ҳам олиб боришга балки пули етмагандир... Қарағандага поездда, кейин Нурин тумани марказига от-аравада, Морозовка қишлоғига эса бир рус бобойнинг от қўшилган чанасини ёллаб, 60-70 километр йўл босиб борганмиз. Отам бизни қишлоққа кираверишдаги танишининг уйида кутиб ўтирган экан. Уч кун бирга бўлганмиз. У кишининг қамоқ азоблари, оғир меҳнат туфайли жуссаси кичрайиб, бўйи мен тенги бўлиб қолганди. Суҳбатларимизда “Энди катта ўзгаришлар бўлиши керак. Мен ва менга ўхшаганларнинг озод бўлишига кўп қолмади”, деб такрорлардилар.

Фақат бу ўзгаришларни, озодлик онларини у яна икки йил кутишга мажбур бўлди. 1956 йил февраль ойида Москвадан келган хатни олгандан кейингина ўн беш йилга чўзилган бу ғурбатлар ортда қолганига ишонди.

Мана ушбу расмий хатнинг таржима қилинган мазмуни:

“Қарағанда вилояти Нурин тумани, Морозовка қишлоғи, Шокирбеков Раҳимга

Шуни маълум қиламанки, СССР Бош прокурори ўринбосари келтирган раддияга асосан, ЎзССР Олий Судининг Жиноий ишлар бўйича судлов коллегияси 1956 йил 9 январда 1941 йилда сиз қамоқ жазосига ҳукм қилинган жиноий ишни қайта кўриб, уни ЎзССР Жиноят-процессуал кодексининг 2-моддасига мувофиқ ҳаракатдан тўхтатди.

Бу иш бўйича Сиз тўла оқландингиз.

Махсус ишлар бўйича прокурор                   /Прохоров/”

Шу тариқа жами 20 йил умрини қамоқхона ва сургунларда ўтказган Раҳим Шокирбеков 55 (баъзи ҳужжатларда 57) ёшида оиласи бағрига қайтди. Совет ҳукумати эса унга охирги иш жойидаги маошидан икки ойлигини тўлаб беришга қодир бўлди, холос. Лекин ғурбатда ўтган, ноҳақликдан, ОГПУ, НКВД деб аталган машъум ташкилотлар томонидан тўқилган асоссиз айблар туфайли азиз умрининг бир қисмини хорликда кечиришга мажбур бўлган инсоннинг ички изтиробларини қайси мезон, қанча пул билан ўлчаш мумкин? Йиллар давомида ўғлининг йўлига кўз тиккан, унинг келишини кутиб, ҳар куни ҳовли олдидаги курсида ўтирган ва фарзандининг дийдорини кўролмай жойида жон берган онаси Тожи Йўлдошованинг кўнглида кетган армонларини-чи?

1982 йил СССР ташкил топганлигининг 60 йиллиги ва 1984 йил январда ЎзССР тузилганлигининг 60 йиллиги арафасида Шокирбековнинг хотираларини Самарқанд вилоятининг “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида чоп этганмиз. Бундан ташқари, Раҳим Шокирбеков ўзи бош бўлиб ташкил этган Уруш ва меҳнат фахрийлари Самарқанд шаҳар кенгашини 1962 йилдан 1984 йилгача узликсиз бошқарди. Шу сабабли турли тадбирларда у киши билан кўришиб турардик. Раҳим Шокирбеков 1984 йил май ойида вафот этди. Лекин бу камтарин, катта-ю кичикка ҳамиша меҳрибон, кўнгли тоза инсоннинг хотирасини кўплаб катта ёшдаги самарқандликлар ҳамон эслаб юришади.

Музаффар МУҚИМОВ,

СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи директори.