Cуд тизимида халқ вакиллари ҳайъати
жамиятда ҳуқуқий маданиятни оширади
Халқ вакиллари ҳайъати суди (присяжли суд) институти адолатни таъминлашда халқнинг иштирок этиш шакли бўлиб, жиноят процессининг демократик функцияларини кучайтириш мақсадини кўзлайди. Бу институт давлат ҳокимиятининг бўлиниши, ошкоралиги ва баҳслашув принципларини акс эттириб, дунёнинг кўплаб давлатлари ҳуқуқий тизимида қонунчилик билан мустаҳкамланган.
Ўзбекистонда присяжли суд аҳоли суд тизимига ишончини оширишда истиқболли механизм сифатида қаралади. 2025 йил 26 декабрда Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатида суд тизимини модернизация қилиш ва халқ иштирокини таъминловчи институтлар орқали қонунчилик ва адолат принципларини мустаҳкамлаш зарурлиги, жумладан, жиноят процессида халқ вакиллари ҳайъати судини босқичма-босқич жорий этиш алоҳида таъкидланган.
Халқ вакиллари ҳайъати суди - бу жиноят ишлари бўйича фактларни ҳал қилувчи жамаотчилик судьяларидан иборат суд органи бўлиб, улар судьяга айни бир жиноят иши бўйича маслаҳат беради ва чигал ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишда кўмаклашади.
Институт ҳуқуқий таҳлил ва жамият фикрини бирлаштириши билан характерланади. Бу эса далилларни баҳолашда ижтимоий адолатни инобатга олиш имконини беради.
Анъанавий тушунчага кўра, халқнинг адолатни таъминлашдаги иштирок этиши жиноят процессининг демократик принципларини амалга ошириш шаклларидан бири ҳисобланади. Англосаксон ҳуқуқ анъанасида халқ вакиллари ҳайъати суди институти шахсни давлат ҳокимиятининг қатъиятсизлигидан ҳимоя қилиш воситаси сифатида ривожланган.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда халқ вакиллари ҳайъати судини жорий этиш бўйича қонунчилик асосларини яратиш устида ишлар давом этмоқда. Жиноят-процессуал қонунчилигида тегишли нормалар ҳали тўлиқ амалга оширилмаган бўлса-да, давлат сиёсати уларни яқин йилларда жиноят процессларига интеграция қилишга қаратилган.
Ҳуқуқий давлатда халқ вакиллари иштирокини конституциявий принциплар асосида таъминлаш зарур. Адолатли судга ҳуқуқ ҳамда Жиноят-процессуал кодекси орқали халқ вакиллари ҳайъатини шакллантириш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг мустақиллигини кафолатловчи процессуал механизмлар белгиланиши керак.
АҚШда халқ вакиллари ҳайъати суди жиноят ва қисман фуқаролик суд жараёнида асосий элемент ҳисобланади. У “trial by jury” принципига асосланган бўлиб, АҚШ Конституциясига кўра муҳофаза қилинади ва демократия ҳамда фуқароларни ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг асосий устунларидан бири саналади.
Испанияда халқ вакиллари ҳайъати суди жиноят жараёнининг бир қисми сифатида фаолият юритади ва махсус қонун билан тартибга солинади. Присяжлилар муайян критерий (фуқаролик, саводхонлик, судланмаганлик ва ҳоказо)ларга мувофиқ бўлиши шарт ва уларнинг қарори айбдорликни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.
Қозоғистонда халқ вакиллари ҳайъати судини жорий этиш тажрибаси континентал ёндашувни намоён қилади, шу билан бирга аралаш коллегия хусусиятларига эга. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бу институт баҳслашув, ошкоралиги ва инсонпарварлик принципларини амалга оширишга, шунингдек, жамиятда ҳуқуқий маданиятни оширишга хизмат қилади.
Халқ вакиллари ҳайъати судини жорий этиш бир қатор муаммолар билан боғлиқ:
- халқ вакиллари базасини объектив ва репрезентатив шаклда ташкил қилиш;
- жараёнда иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;
- халқ вакилларининг ваколат ва қонунчилик меъёрларини аниқ тартибга солиш учун жиноят-процессуал қонунчилигини мувофиқлаштириш.
Институтни ривожлантириш истиқболлари халқаро тажрибани интеграция қилиш ва фуқаролик жамиятининг адолатни таъминлашдаги ролини оширишда намоён бўлади.
Халқ вакиллари ҳайъати суди институти жиноят ҳуқуқида демократик принципларни амалга оширишнинг асосий механизмларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон учун уни жорий этиш қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, жамоат назоратини кучайтириш ва суд тизимига ишончни ошириш имкониятини беради. Халқ вакиллари ҳайъати суди хорижий моделлари (АҚШ, Испания, Қозоғистон) миллий-ҳуқуқий анъаналарни инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда халқнинг адолатга иштирокини самарали ташкил этиш учун асос бўлиши мумкин.
Б.ТОШЕВ,
Одил судлов академияси профессори, юридик фанлар доктори.
Р.МЕРЗАЕВ,
Одил судлов академияси тингловчиси.