Дунёнинг хароба масканлари

Хароба, дейилганда қулайликлар мавжуд бўлмаган жой, қўлбола материаллардан ясалган фақир кулбалар, чиқинди билан тўлдирилган тор кўчалар, кераксиз нарсалар сақланадиган жой, очиқ осмон остидаги ошхоналар, жулдур кийинган одамлар, кирлаб кетган болалар хаёлингизга келади.

Бундай хароба масканларни ривожланган шаҳарларнинг қоқ марказида, ўта қиммат кварталларнинг ёнгинасида бўлиши мумкин. Ҳатто бундай жойлар тараққий этган мамлакатларда ҳам мавжуд ва ҳукумат учун кўплаб муаммоларни юзага келтиради.

Албатта, мутасадди идоралар бу муаммолардан хабардор. Лекин улар бу масканларни тубдан ўзгартира олмайди ва харобаларда кўплаб одамлар яшайди.

Макаода маҳаллий амалдорлар картон ва таёқлардан ясалган ноқонуний “иншоот”ларни бузишга уринган эди. Бу ҳаракат норозилик намойишлари тўлқинини келтириб чиқарди.

Венесуэла пойтахти Каракасда расмийлар кўп йиллардан бери қурилиши тугалланмаган 45 қаватли Довуд минорасини эгаллаб олган уйсиз одамларни жиловлашга уриниб келмоқда. Лекин бу ҳам натижа бермади.

Дунёнинг машҳур харобалари - “фавела”лар Бразилияда, Рио-де-Жанейрода жойлашган. Бу ердаги фавелалар Жанубий Америкадаги энг йирик ва энг машҳур харобалардан бири саналади.

Расмий маълумотларга кўра, Росинья аҳолиси тахминан 100 000 кишини ташкил этади. Ноқонуний муҳожирларни ҳам қўшсангиз, бу рақам янада кенгаяди.

Қоҳирадаги (Миср) “Ўликлар шаҳри” қадимги араб қабристонида жойлашган. Бу ердаги аҳоли уйга ўхшатиб бирор нарса қуришни ўйлаб ҳам кўрмайди - қабрлар, дахмалар ва мақбаралар орасида яшайди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, “Ўликлар шаҳри”да миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг катта қисми ёш болалардир.

Осиёдаги энг йирик харобалардан бири Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида жойлашган Дхарави манзилгоҳи. 215 гектар майдонни эгаллаган Дхарави харобасини ҳам миллиондан ортиқ одам макон тутган.

Бу ердаги 10 метр квадратдан ошмайдиган битта кулбада беш-ўн киши яшайди. Оқова тизими, ҳожатхона, чўмилиш имконияти йўқ. Аҳоли бу каби ишларни дарё бўйида бажаради.

Шунингдек, Дхарави харобаларида маҳсулотларини бутун мамлакат бўйлаб экспорт қилувчи мини-заводлар ва кичик фабрикалар жойлашган. Одамлар бу муассасадаги меҳнати эвазига кунига 2 доллардан ошмайдиган маош олади. Лекин ҳеч ким шикоят қилмайди. Ўз тақдирини борича қабул қилишади.