Табиат рекордчилари: Ер юзидаги улкан жонзотлар
Таъсирчан ўлчамлар ҳақида гап кетадиган бўлса, ҳақиқатан ҳам ҳайвонлар оламида гигантлар бор. Бироқ Ердаги энг катта ҳайвон номини бериш учун биз дастлаб қайси турдаги (денгиз, қуруқликдаги ёки учар) жонзотлар ҳақида гапираётганимизни аниқлаб олишимиз керак.
Дунёдаги энг катта жонзот - кўк кит

Вояга етган “Balaenoptera musculus” кўк китининг узунлиги 22,8 метрдан 30,5 метргача, вазни эса 150 тоннагача етади. Энг катта кит, энг йирик замонавий жонзот ва эҳтимол, Ер юзида яшаган ҳайвонларнинг энг оғири ҳамдир.
Қуруқликдаги энг катта ҳайвон - Африка фили

Африка “Loxodonta africana” фили қуруқликдаги энг катта ҳайвон бўлиши билан бирга қуруқликдаги энг катта сут эмизувчи ҳам ҳисобланади. Елкасидан ўлчанган катта ёшли филнинг бўйи ўртача 3-3,4 метргача етади. Бундай филларнинг 11,5 тоннагача бўлган максимал вазни қайд этилган.
Қуруқликдаги энг йирик йиртқичлар

“Ursus maritimus” оқ айиғи ҳозирда қуруқликда яшайдиган сут эмизувчи йиртқичлар орасида энг каттаси ҳисобланади. Бўйи етган эркак оқ айиқларининг вазни 800 килограммгача бўлиши мумкин.
Энг баланд ҳайвон - жирафа

Қуруқликдаги энг баланд ҳайвон “Giraffa camelopardalis” жирафалари эркакларининг бўйи 4,3 метрдан 5,7 метргача ўсади.
Энг йирик судралиб юрувчи – денгиз тимсоҳи

Энг катта судралиб юрувчи «Crocodylus porosus» денгиз тимсоҳи Жануби-Шарқий Осиёда, Ҳиндистоннинг шарқий қирғоғида, Шимолий Австралияда ва Микронезия оролларида яшайди. Вояга етган бу йиртқичларнинг узунлиги 6 метргача, вазни эса 1500 килограммгача етади.
Энг йирик қуш - туяқуш

“Struthio camelus” туяқуши эркакларининг бўйи 2,7 метрга, вазни эса 145 килограммгача етиши мумкин.
Энг йирик балиқ – кит акуласи

“Rhincodon typus” кит акуласи сайёрадаги энг катта балиқдир. Ушбу гигантларнинг ўртача узунлиги тахминан 12,2 метрни ташкил қилади, қайд этилган энг катта намунасининг узунлиги 18,8 метрга етган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.