Турмуш чорраҳаларида: Тақдир ҳукми
Ҳафиз кунни бир амаллаб кеч қилди. На ишида, на еган-ичганида ҳаловат бўлди. Учрашув қандай бўларкан? Ўзига қолса, ҳали уйланмоқчи эмасди. Аввал ўқишни тугатиб, ишга жойлашиб, кейин уйланмоқчи эди.
Ўғлининг қарорини отаси ҳам маъқуллади:
- Баракалла, ўғлим, тўғри ўйлабсан, турмушда қийналмайсан...
Аммо Сора буви бу фикрга қўшилмади. У тезроқ келин тушириб, Ҳафизни бола-чақали қилишни, невараларини бағрига босишни хоҳларди. Ҳафиз соатига қаради. «Вақт бўлибди! Феруза билан учрашув қандай бўларкан? У қандай қиз экан?"
Ферузани яхши танийди, бир қишлоқда ўсган. Обрўли оиланинг қизи. Учрашганда, фақат бир марта рўбарў келишганда ҳам салом-аликдан нарига ўтилмаган. У ҳақида бошқа нарса билмайди.
- Ассалому алайкум, Ферузахон, кечирасиз, бироз кечикдим. Онам қўярда-қўймай сиз билан учрашишимни тайинлади.
Феруза ийманибгина саломлашиб, ўрнидан турди.
- Кечикканингиз йўқ, мен ҳам ҳозиргина келгандим. - У нима дейишини билмай, ерга қаради. Ҳафиз ҳаяжонини босиб, муддаога кўчишга журъат этди.
- Феруза, ота-оналаримиз раъйига кўра, агар тақдиримиз қўшилган бўлса, балки турмуш қурармиз. Аммо бу умр савдоси, бир-биримизни яхши билиб олишимиз, тўғри тушунишимиз лозим. Мен ҳали уйланиш ҳақида ўйламаганман, бирортасига оғиз солганим ҳам йўқ. Лекин онамнинг гапини икки қилолмайман. Хуллас, онам сизни келин қилмоқчи. Келинликни эса сиз қандай тушунасиз, билмайман. Бўлажак келин қайнота, қайнонасининг хизматини қилиб, ҳурматлайдиган, оиланинг шаънини ҳар нарсадан юқори қўядиган, борига қаноат, йўғига сабр қиладиган, борини ошириб, йўғини яширадиган бўлса, дейман. Оғир олманг-у, кўнглимдагини очиқ айтдим. Дангал гапни яхши кўраман. Уйланишимдан олдин қизга осмондаги ойни ваъда қилиб, тўйдан кейин сўзининг устидан чиқмайдиган йигитларни ёқтирмайман.
- Раҳмат, Ҳафиз ака, кўнглингиздаги мақсадингизни очиқ айтганингиз яхши бўлди. Мен ҳам шуни қандай айтсам экан, деб ўйланиб тургандим. Мен сиз айтгандай чўри бўлиб турмушга чиққим йўқ. Оиламда ўз ўрним, фикрим бўлса, қайнота-қайнона, қайинсингил, қайнопаларнинг аралашувисиз мустақил яшасам дейман. Афсуски, ниятларимиз бошқа-бошқа экан. Узр! Мана, гулларингизни олинг! Хайр, бошқа бахтингизни топинг!
- Феруза, Феруза, тўхтанг, сиз мени тушунмадингиз... - Ҳафиз қўлидаги гулни нима қилишни билмай, қизнинг ортидан қараб қолди. “Эй, аттанг! Говкалла, биринчи марта учрашган қизга шундай шарт қўядими?”.
Ҳафизнинг ороми йўқолди. Ҳали ҳеч қачон азобли аммо бундай ширин туйғуни ҳис қилмаган эди. У Ферузани севиб қолганди. Бундай муқаддас туйғуга Феруза ҳам эга бўлганда эди: «Хафа қилиб қўймадимми?».
- Баракалла ўғлим, Ферузага маъқул бўлибсан, ота-онаси рози, - Сора буви Ҳафизни елкасига қоқиб қўйди.
... Бу гал хиёбонда Ферузани Ҳафиз кутиб олди.
- Мана бу гулдаста сизга.
Феруза гулдастани бағрига босди.
- Бунча чиройли! Хўш, келин қандай бўлиши керак дегандингиз? - Феруза шўхлик билан Ҳафизга қаради.
Иккаласи ҳам шарақлаб кулиб юборишди.
- Қани, кетдикми, бир музқаймоқ еб, юраклар ҳовурини босайлик. - Ҳафиз қизга билагини тутди.
Тоғаймурод Шомуродов.