Самарқанддаги 195 та ноқонуний юзасидан судларга даъво аризалари киритилди
Вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекциясининг ўтган йилги фаолияти сарҳисоби чоғида йил якуни билан вилоятда мавжуд 2862 та қурилиш объектидан 2207 таси фаол жараёнда, 581 таси музлатилган ҳамда 74 таси тўхтатилган объектларни ташкил этиши қайд этилди.
– Инспекция томонидан йил давомида 37408 маротаба назорат тадбирлари ўтказилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан 21803 та ёзма кўрсатмалар берилди, – дейди Самарқанд вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси бошлиғи Акмал Шукуров. –327 та ноқонуний қурилиш ҳолати аниқланиб, 289 таси бўйича огоҳлантириш хатлари ва қурилишни тўхтатиш юзасидан ёзма кўрсатмалар тақдим этилди. 195 та ҳолат юзасидан судларга даъво аризалари киритилди. Кўп квартирали уй-жой фондини назорат қилиш доирасида 1770 та кўп квартирали уйнинг техник ҳолати ҳамда 1160 та ертўла ўрганилганда 86 ҳолатда таянч ва тўсиқ конструцияларни бузиш ҳолатлари аниқланди. Шу билан бирга, 31 ҳолатда кўп квартирали уйларни бошқариш органлари томонидан қоидабузарликларга йўл қўйилгани аниқланиб, уларга нисбатан 189,3 миллион сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда давлат ҳисобидан қурилаётган барча объектларда тўлиқ, хусусий сектор объектларида эса босқичма-босқич онлайн кузатув камералари ўрнатилиб, ҳудудий инспекция қошидаги кузатув марказига интеграция қилинмоқда. Кўп квартирали уйларни бошқариш ва сақлаш соҳасида 13 та, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариш соҳасида 12 та йўналиш бўйича назорат тадбирларини рақамлаштириш мақсадида “Shaffof Qurilish” платформасида ахборот тизимлари ишлаб чиқилган. Бугунги кунда ҳудудларда фаолият олиб бораётган барча инспекторлар ёнкамера ва “E-ma’muriy ish” ахборот тизимида ишлайдиган махсус планшетлар билан таъминланган.