Жоҳилнинг фикри тилида бўлади, чунки у ўйлашдан олдин гапиради
Бу ибора инсон тафаккури ва масъулияти ҳақидаги энг аниқ, энг ўткир ҳақиқатлардан бирини ифода этади.
Айтилган ҳар бир сўз — инсоннинг ички дунёси, маънавий савияси ва ақлий салоҳиятининг ойнасидир. Шу боис сўзлашдан олдин ўйлаш, сукутни танлаш — ақл ва заковат белгисидир.
Самарқанд шаҳридаги “Маҳорат” нашриёти (2025 йил)да тиббиёт фанлари доктори, профессор Акбар Имомов қаламига мансуб “Тафаккур дурдоналари” китобининг нашр этилиши ана шу маънавий эҳтиёжга жавоб бўлди. Мазкур асар асрлар мобайнида халқимизнинг юксак тафаккури, ҳаётий тажрибаси ва маънавий қудрати натижасида шаклланган сўз гавҳарларини ўзида жамлаган нодир манба сифатида эътиборга лойиқ.
Қўлингиздаги тўпламда 1500 дан ортиқ халқ мақоллари, панд-насиҳатлар, ўхшатмалар, иборалар ва ҳикматли фикрлар жамланган. Улар инсонни эзгуликка, ҳалолликка, сабр-бардошга, кечиримли бўлишга, ҳар бир ишда ўйлаб қарор қабул қилишга ундайди. Муаллиф бу хазинани фақат йиғибгина қолмаган, балки ҳар бир фикрга ижодий ёндашиб, унга янги руҳ, янги фалсафий мазмун бағишлаган.
Асарда қисқа, лўнда жумлалар орқали ҳаётнинг кенг қамровли, мураккаб ҳақиқатлари ифода этилган. Бу эса китобнинг таъсирчанлигини янада оширади. Ҳар бир ўқувчи ушбу сўз дурдоналари орқали ўз ҳаётига назар ташлайди, ўзини англайди, хулоса чиқаради. Масалан, "Атрофдагиларга кимлигингни исботлашга уринма. Кимлигингни Аллоҳ билса бас", "Гапиришдан олдин ўйлаб, сукут сақлаб, сўнг сўзлайдиган инсон ақлли одамдир", "Қалби пок инсон ҳар қандай шароитда ҳам атрофдагиларга гўзаллик улашади", "Инсонни камтарлик безайди", "Кўриш бошқа, англаш бошқа"...
“Тафаккур дурдоналари” муаллифнинг иккинчи асари бўлиб, унинг биринчи китоби 2022 йилда нашр этилган ва унда 1000 дан ортиқ панд-насиҳатлар ўрин олган эди. Янги асарда эса мазмун ва қамров янада кенгайган. Китобда инсон билан Аллоҳ ўртасидаги муҳаббат, илоҳий кечирим, тақдир, сабр, ризқ, инсон қалбининг поклиги каби мавзулар чуқур фалсафий руҳда ёритилган.
Айниқса, ўзбек халқига хос бўлган миллий қадриятлар, оилавий муносабатлар, дўстлик, садоқат, камтарлик, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги нозик чегаралар китобда кенг ўрин олган: "Ҳақиқий дўст – сенинг ёмон ҳолатингда ўзингни яхши ҳис қилишинга ёрдам берган инсондир", "Одамларнинг энг аҳмоғи - ўзини энг ақлли ҳисоблайдиганидир", "Оилада муносабатлар яхши, барқарор бўлиши учун эр ва хотин кўр, гунг, соқов бўлишлари керак", "Ҳар бир инсон мукаммалликдан йироқдир. Лекин у ўзгаларнинг камчиликларини кечиришга, кўрмасликка
тайёр эмас", "Бугун вақтинг бўлмайди. Эртага кучинг бўлмайди. Индинга ўзимиз бўлмаслигимиз мумкин. Хулоса: бугунги ишни эртага қолдирма".
Бу фикрлар ўқувчини нафақат ўйлантиради, балки маънавий жиҳатдан тарбиялайди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу китоб барча ёшдаги китобхонлар учун тафаккурни чархлайдиган, маънавий-маърифий озуқа берадиган, ҳаётга бошқача назар билан қарашга ундайдиган қимматли манба ҳисобланади.
Китобдан келтирилган намунавий иборалар эса муаллиф қаламининг ўткирлиги, фикрнинг чуқурлиги ва халқ донолигидан қанчалик маҳорат билан фойдаланганини яққол кўрсатади. Улар ҳаёт қонунларини содда, аммо таъсирли тарзда очиб беради.