Топкапидаги арвоҳлар
Ер ости йўлакларида баъзан гўё кимдир шошиб югуради, гоҳида кимдир оёқ учида секин юриб ўтаётгандек оёқ товушлари эшитилади...
XV асрдан бери турк султонларининг асосий қароргоҳи бўлиб келган Истанбулдаги Топкапи саройи хонақоҳлари, ҳарами ва ҳовлилари гўё у ерда айланиб юрадиган арвоҳлар ҳақидаги афсоналар билан ўралган. Бу тақдири шу жой билан абадий боғланган ушбу деворлар ичида қатл этилган, заҳарланган ёки қийноққа солинганларнинг руҳлари эканлигига ишонилади. Баъзи ташриф буюрувчилар ўзлари олган суратларда ғалати соялар пайдо бўлиб қолганлиги ҳақида даъво қилишади.
Топкапи (Туркча “Topkapı” - “Тўп дарвозаси” деб таржима қилинади. Ҳар сафар Султон ўз қароргоҳини тарк этганда, тўпдан ўқ узилганлиги сабабли саройга шундай ном берилган).
Асрлар давомида бу ерда фитна, фожиа ва жиноятларга тўла кескин ҳаёт қайнаган. Кўп нарсаларнинг шоҳиди бўлган сарой ва унинг ҳашаматли кошоналари XIX асрнинг бошларида дунёдаги энг йирик музейлардан бирига айлантирилди. Эндиликда ҳар йили бу музейга 2 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради.

Саройнинг зал ва йўлаклари бўйлаб асрлар давомида кезиб юрадиган доимий аҳолиси ҳақида нима дейиш мумкин? Неча асрлар ўтиб, Топкапи билан чамбарчас боғланган тақдири уларга бу жойни тарк этишга тўсқинлик қиладими?

Сарой остидан тўнтариш ёки душман босқини пайтида одамларга бошпана бўла оладиган бутун туннеллар тармоғи ўтади. Бироқ бу зиндонлар фақат жон сақлаб қолиш учун мўлжалланмаган эди. Бу ерда давлатга хиёнат қилишга ва саройдан қочишга уринганликда гумон қилинган Селим IIнинг маслаҳатчиларидан бири ўлдирилган, қилган (ёки қилмаган) жиноятига иқрор бўлиши керак бўлган маҳбуслар деворларга кишанлаб қўйилган.
Афсонага кўра, султон Аҳмад I даврида бир бой юнон савдогари саройдан ўғирланган, ўғридан сотиб олган жавоҳирни қайтаришдан бош тортгани учун уч йилдан ортиқ вақт давомида бу туннелда занжирбанд қилинган экан. Ер ости йўлакларида баъзан, гўё кимдир шошиб югуради, гоҳида кимдир оёқ учида секин юриб ўтаётгандек оёқ товушлари эшитилади.
Туннелларни ўрганган тарихчи Солиҳ Гулен бир куни кетаётиб, ортидан юриб келаётган кўплаб оёқларнинг баланд товушини эшитганини айтиб берди. Гулен орқага ўгирилди: йўлак бўм-бўш эди, лекин дукурлаган оёқ товушлари тобора яқинлашиб борарди. У югураётганларнинг нафас олишини, бўғиқ нидолар, англаб бўлмайдиган хайқириқ ва қуролларнинг шақирлашини эшитди. Оёқ товушлари шиддат билан ўтиб, йўлаклар қаърига кириб, тинчиб қолди.

Топкапи остидаги ер ости йўлаклар борлиги исбот қилинган бўлса-да, ҳарамдан тўғридан-тўғри Босфорнинг тик қирғоғига олиб борадиган улкан қувурнинг мавжудлиги тасдиқланмаган. Афсонага кўра, бу қувурдан саройда айбли иш қилиб қўйган чўриларни сўнгги сафарга юбориш учун фойдаланган. Қувур уларни тўғридан-тўғри бўғознинг совуқ тўлқинларига чиқариб ташлаб, денгизга олиб чиққан. Бу афсона тасдиқланмаган, бироқ ҳарам хоналаридаги ғира-шира кўринадиган шарпаларнинг пайдо бўлишини қандай тушунтириш мумкин? Соя ўзидан худди ҳўл кийим томизиб тургандек ҳўл оёқ излари, томчилар ва кўлмаклар қолдиради.

Ўрта дарвоза рўпарасидаги ҳовлида жойлашган “Жаллод фаввораси” ўта даҳшатли жой. Қатл қилиниш жойи ёнидан ҳеч ким эрталаб ёки кечқурунги қоронғу пайтда ўтишга журъат эта олмайди. Баъзан хира ёруғликда, катта тош устида оғзи очиқ ва қичқираётганга ўхшаш соқолли бош пайдо бўлади.

Сарой айвонларидан бири бўлган қайғули ва даҳшатли жой “Кафес” (Қафас)да Султоннинг ака ёки укалари яшарди. Шаҳзодалар ҳар доим тахтга даъвогар -потенциал таҳдид сифатида кўрилган. Шу боис, ҳар гал ҳокимиятни янги султон эгаллаганида, унинг ака-укалари Қафасларда абадий қамоққа ташланган. Уларга Қафасдан ташқарида ҳеч ким билан гаплашишга ёки чиқиб кетишга, ҳатто фарзанд кўришга рухсат берилмаган.

Агар султон ўз биродари тарафдорларининг фитна уюштирганидан шубҳаланса, уни хоҳлаган куни ўлдириши мумкин эди. Кўпчилик учун бундай ҳаёт эс-ҳушидан айрилиш билан тугаган. Шу сабабли, энг нотинч руҳлар Топкапининг Қафасларида яшайди, деган гаплар ҳам йўқ эмас.
Улар шовқин қилади, қичқиради ва нола қилади, буюмларни ҳаракатга келтиради, эшикларни тақиллатиб ёпади. Баъзан ичкаридан чоғур ва қўшиқ садолари эшитилади. Айтишларича, бу куйлар тахтга ўтиргунга қадар ўзининг 29 йил умрини Қафасларда ўтказган Усмонлилар империясининг 20 султони Сулаймон IIнинг шарпасини эслатар экан.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.