Кашфиёти ҳаётига зомин бўлган ихтирочилар
Ихтирочилар кўпинча умум манфаат учун ишлайди. Кимдир мол-мулкидан, баъзилари бўш вақтидан, бошқалари эса саломатлигидан воз кечади. Қуйида келтирилган ихтирочи олимлар ҳаётини илм-фан йўлида қурбон қилганлардир.
Александр Богданов

Инсоннинг қариш жараёнини ўзгартириш ғояси билан яшаган рус шифокори, файласуф, иқтисодчи, фантаст ёзувчи ва олим. Афсуски, унинг тажрибаларидан бири фожиали якунланди.
Қон қуйиш тажрибаси орқали инсон организмининг қариш жараёнини ортга қайтариш мумкин, деб ишонган ва бундан олдин 10 марта ўзига қон қуйган Богданов билмаган ҳолда безгак ва сил касаллигидан азият чеккан бемор қонини ўзига қуйди. Шифокор 1928 йилнинг 7 апрелида, 54 ёшида вафот этди.
Генри Уинстенли

Англиянинг Рэйм-Хед ярим оролидан бир неча километр узоқликда жойлашган Эддистоун маёғини ихтиро қилган британиялик рассом ва муҳандис. Генри Уинстенли ўзи яратган конструкциянинг кучини шахсан назорат қилишга қарор қилди. Муҳандис ва унинг жамоаси маёқ ичида бўлган пайтда, денгизда кучли бўрон бошланди. Афсуски, тўлқинлар ва шамол босими остида қулаб тушган бино синовга дош беролмади ва уни синаб кўрмоқчи бўлганларнинг барчасини, жумладан, Уинстенлининг ўзини ҳам вайроналар остида қолдирди.
Отто Лилиенталь

Планеризм қироли, немис дизайнери ва биринчи планер учувчиси, 18 та самолёт тузилиши муаллифи Отто Лилиенталь ўзи қурган планерда ҳавога чиққан биринчи одам эди. Ўша пайтда дунёдаги барча газеталар унинг жасорати ҳақида ёзишган.
Афсуски, парвозлардан бирида у 17 метр баландликдан ерга қулади. Умуртқа поғонаси синган Лилиенталь эртаси куни вафот этди. Учувчи ўлими олдидан қуйидаги гапларни айтган: “Кичик қурбонликлар ҳам қилиб туриш керак”.
Уильям Баллок

Матбаа ва журналистикада инқилоб қилган америкалик ношир ва ихтирочи Уильям Баллок икки томонлама босиб чиқарадиган машинани патентлади.
Кунларнинг бирида у босма станокни тузатмоқчи бўлиб, пресс ғилдирагини жойига қўймоқчи бўлганида, машина детали оёғи устига тушиб кетди. Бироз вақт ўтгач, гангрена бошланди ва ихтирочи жуда кеч оёғини ампутация қилишга розилик берди. Оқибатда, Баллок операция столида вафот этди.
Мария Склодовская-Кюри

Радий ва полоний каби иккита элементни очган физик, кимёгар, икки карра Нобель мукофоти совриндори Мария Склодовская-Кюри кимёнинг янги бўлими - радиологиянинг кашфиётчиси эди.
Олима зарарли нурланиш таъсирининг бевосита натижаси - апластик анемиядан вафот этди. Кюри уйида, қўшимча хавфсизлик чораларисиз тажриба ўтказар, радиофаол изотопларни чўнтагида олиб юрар ва уларни стол тортмасида сақларди.
Афсуски, 100 йил олдин яшаган одамлар радиоизотопларнинг салбий таъсири ҳақида билишмаган.
Б.МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.