Маънавият, маърифат ва маданиятни юксалтириш йўлида муҳим ташаббус

2026 йил 13 апрелдан А.С.Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Китобхонлик ҳафталиги” ўз ишини бошлади. Мазкур ҳафталик Президентимизнинг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Ҳафталик дастури доирасида турли учрашувлар, давра суҳбатлари, китоб тақдимотлари, кўргазмалар ва ижодий кечалар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, “Китобхонлик оиладан бошланади”, “Китобхон она – китобхон бола” каби мавзулардаги учрашувлар оила ва жамиятда китобхонлик муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, Абдулла Қодирий ижодига бағишланган давра суҳбатлари ва кўргазмалар иштирокчиларда миллий адабиётимизга бўлган қизиқишни янада оширди.

Ҳафталик давомида замонавий мавзуларга ҳам эътибор қаратилиб, психологлар иштирокида “Стресс ва уни енгиш йўллари” ҳамда “Ёшлар орасида мотивацияни ошириш” каби долзарб масалалар юзасидан суҳбатлар ўтказилди. Бу эса тадбирларнинг нафақат маърифий, балки тарбиявий аҳамиятга эга эканини кўрсатди.

Китоб тақдимотлари ҳам ҳафталикнинг муҳим қисми бўлди. Ёзувчи ва олимларнинг янги асарлари китобхонларга ҳавола этилиб, улар юзасидан фикр алмашилди. Бундан ташқари, “Китоб улашинг — маърифат тарқатинг” хайрия акцияси орқали китобнинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти яна бир бор намоён этилди.

Талабалар ва ёшлар учун “Қизиқарли кутубхонада” номли экскурсиялар ташкил этилиб, улар кутубхона фаолияти, нодир фондлар ва замонавий хизматлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. “Энг яхши китобхон оила” танлови эса оилавий китобхонлик анъаналарини тарғиб қилишда муҳим ташаббус бўлди.

Ҳафталик давомида ўтказилаётган тадбирлар китобхонлар учун нафақат қизиқарли, балки фойдали бўлмоқда. Муҳими, бу каби ташаббуслар жамиятда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ёш авлодни маънавий етук қилиб тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, ҳафталикнинг сўнгги кунлари китоб кўргазмалари янада кенгайтирилиши, нодир ва янги нашрлар намойиши давом эттирилиши режалаштирилган.