Чарли Чаплиннинг ҳаёт қоидалари: Менинг дардим бировнинг кулгиси сабаби бўлмасин...

Америка ва Англия киноактёри, сценарийнавис, бастакор, кинорежиссёр, продюсер ва монтажчи Чарли Чаплин жаҳон киносининг энг машҳур образларидан бири 1910 йилларда “Кейстоне” киностудиясида намойиш этилган қисқа комедия жанридаги дайди Чарли образини яратди.

Гарчи унинг ижоди 1920 йиллардан бошлаб, жиддий ижтимоий мавзуларни қамраб олган бўлса-да, қисқа метражли фильмларида Чаплин сўзсиз, имо-ишоралар билан кўрсатиладиган томоша - пантомима ва масхарабозлик усулларидан фаол фойдаланган.

Ҳаёт йўлидаги қийинчиликлар ва фожиаларга қарамай, Чарли Чаплиннинг ҳаётга бўлган муносабатини доно, фалсафий ва оптимистик деб таърифлаш мумкин. У самимийлик, соддалик, кулги, даврга мос яшаш ва "қалб донишмандлигини" қадрлаган. Чаплин одамларни  борича қабул қилишни,  бошқалар умидида бўлмасдан, ўзлари билан уйғунликда яшашга интилишни ўргатди.

Бугун Чарльз Спенсер Чаплиннинг қизиқарли иқтибосларини бирга баҳам кўрамиз:

Ҳаёт гўзал нарса - ҳатто медуза учун ҳам.

Мен сийқаси чиққан иборалардан қўрқмайман. Бутун ҳаёт бир қолипдаги гаплардан иборат. Ҳаммамиз яшаймиз ва ўламиз, кунига уч марта овқатланамиз, севамиз ва севишда тўхтаймиз.

Ҳеч қачон бола бўлмаган одам - ҳеч қачон катта бўла олмайди.

Кўп вақтим циркда ўтган. Мен ҳар доим дорбозлардан жуда хавотирланардим.

Ҳаммаси тасодифан содир бўлди. Оператор мендан грим қилинишим кераклигини айтди. Кийим-кечаклар бўлимига қараб борарканман, йўл-йўлакай ўйладим: барчаси бир-бирига қарама-қарши бўлиши керак: кенг шим ва тор кўйлак, катта бош ва кичкина шляпа, жуда толиққан, лекин барибир жентельмен.

Оддийлик - қийин масала.

Ҳаммаси самимийликда. Банан пўстлоғида сирғалиб йиқилиб тушган чолга раҳмимиз келади. Мабодо, худди шу нарса бирор бир ўшқирган бой жаноб билан содир бўлса, биз куламиз.

Менинг дардим бировнинг кулгиси сабаби бўлиши мумкин, лекин кулгим ҳеч қачон бировнинг дардига сабаб бўлмаслиги керак.

Мен томошабиннинг ҳам кулишини ҳам йиғлашини истардим, ким нима деса десин, лекин мен буни уддасидан чиқдим.

Менинг энг яқин дўстим кўзгу, чунки ҳеч қачон мен йиғлаган пайтимда у кулмайди.

Фикрлаш қобилияти скрипка ёки пианино чалишга ўхшайди; бундай машғулот кундалик амалиётни талаб қилади.

Ҳаёт - бу репетиция қилинмайдиган пьеса. Шундай экан, бор кучингиз билан ҳеч қандай қарсакларни кутмасдан, парда йиқилиб, саҳна тугагунча қўшиқ айтинг, йиғланг, рақсга тушинг, кулинг ва сохталашманг.

Бу фоний дунёда ҳеч нарса абадий эмас, ҳатто нохушликлар ҳам.

Кўп нарсага қодир кишилар янглиш даҳо деб қабул қилинган.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.