Самарқанддаги таълим муассасалари фаолияти ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Ҳилола Умарова кеча Самарқанд вилоятидаги қатор таълим ташкилотлари ва муассасалар фаолиятини кўздан кечирди.

Дастлаб Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий лаборатория ҳамда ўқув жараёнлари билан танишди.

Университет жамоаси билан мулоқот давомида илмий-амалий лойиҳалар, рақамли технологиялар соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифати ҳақида сўз юритилди.

Ўрганиш жараёнлари вилоятнинг Ургут туманидаги 1-касб-ҳунар техникумида давом этди. Педагоглар билан учрашувда ёшларни касбга ўқитиш ҳамда хорижий тилларни ўргатиш замонавий меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг муҳим омили эканлиги таъкидланди.

Тумандаги 1-давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 133-умумтаълим мактабида олиб борилган ўрганишлар давомида тарбияланувчи ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар, таълим муассасалари моддий-техник базаси, ўқув хоналарининг жиҳозланиши масъуллар иштирокида кўриб чиқилди.

Таҳлилий ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда таълим сифатини янада ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.