Мактаб ҳожатхоналари қачон талабга жавоб беради?

Яқинда вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда мактабгача ва мактаб таълими тизимида олиб борилаётган ишлар таҳлили ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати муҳокама этилди.

Унда туман шаҳар ҳокимларига 171 та мактабнинг ҳожатхоналарини ўқув йили бошига қадар таъмирлаш ёки янгисини қуриш бўйича топшириқлар берилган бўлса-да, ҳозиргача ушбу масала охирига етказилмагани танқид қилинди. Мисол учун, Пайариқда 19 та, Иштихонда 15 та, Ургутда 12 та, Паст Дарғомда 9 та, Жомбой, Қўшработ туманлари ва Самарқанд шаҳрида 7 тадан, Тойлоқда 6 та, Нуробод ва Самарқанд туманларида 3 тадан мактаб ҳожатхоналари тайёр эмаслиги аниқланган.

Биз ушбу масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида Пайариқ туманидаги айрим мактабларда бўлиб, ҳожатхоналар аҳволи, мактабнинг санитария-гигиена ҳолати билан танишдик.

Дастлаб тумандаги 23-умумий ўрта таълим мактабида бўлдик. Мактаб 290 ўринли бўлиб, 340 нафар бола ўқийди. Мактаб ҳожатхонаси ўқув биносидан 20-30 метр узоқликда, унга бориш учун бетонли йўлак қилинган. Аммо ердан ковлаб қилингани боис сассиқ ҳид анқиб турибди. Бурчакда чиқинди учун эски челак бор, холос. Ҳожатхонага электр энергияси уланмаган. Табиийки, бундай мактаб ҳожатхоналари қишда иситилмайди, бунга шароит ҳам қилинмаган.

Мактаб ҳовлисида қўлбола усулда қўл ювиш мосламаси ўрнатилган.

- Мактабимиз 2022 йилда реконструкция қилинган, - дейди мактаб директори Ғайрат Махаматов. – Фақат ҳожатхона замон талабларига жавоб бермайди, бизга янги ҳожатхона қуриб берилса яхши бўларди. Шунингдек, кутубхонамизнинг томи чириб кетгани учун том қисмини очиб ташлаганмиз. Шуни ёпиш учун туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига хат қилганман.

Ҳақиқатда мактаб кутубхонаси эски бинода жойлашгани учун шифти яроқсиз ҳолга келган, бировга зарар етказмасин, деб том қисми очиб ташланибди. Ўқув йилига саноқли кунлар қолган бўлса-да, кутубхона устини ёпишга ҳали қурилиш материаллари берилмаган.

Бундан ташқари, мактаб ҳовлисида мевали дарахтлар бўлиб, бу йилги гилос ҳосилидан 5 миллион сўм даромад олинган. Ушбу пул мактаб таъмирига сарфланган. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан берилган қурилиш материаллари мактабнинг фақат битта бўлимининг таъмирига етган. Қолган иккита бўлим гилос ҳосилидан олинган даромад ҳисобига таъмирланган.

Кейинги манзилимиз тумандаги 99-умумий ўрта таълим мактаби бўлди. Мактаб 270 ўринли бўлиб, 370 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Мактаб ҳожатхонаси 2016 йилда ҳашар йўли билан қурилган. Ҳожатхона бўлимлари тахта панель билан ажратилган бўлиб, унинг кўп қисми чириган. Яроқсиз ҳолга келган ҳожатхонада қоғоз, чиқинди учун челак қўйилмаган. Чироқ ҳам ўрнатилмаган. Бу мактабда ҳам қўлбола усулда ясалган қўл ювиш мосламаси бор. Ҳожатхонага бориш йўли бетон қилинган.

Биз мактабда бўлганимизда эски ҳожатхона ёнидан янгисини қуриш ишлари бошланган экан.

- Янги ҳожатхона қуриш ишлари бошланганига уч кун бўлди, - дейди мактаб директори Жасур Тошқулов. – Туман маҳаллий бюджети ҳисобидан қуриб берилади, қурилиш материаллари ҳам келтирилди.

Тумандаги 85- ва 87-умумий ўрта таълим мактаблари ҳожатхоналарида ҳам юқоридаги сингари камчиликлар кузатилди.

Туман ҳокимлиги томонидан 14 та умумий ўрта таълим мактаби ҳожатхоналари таъмири ва янги қурилаётган бешта мактаб ҳожатхонаси учун 220 миллион сўм ажратилибди. Яна 763 миллион сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.

Биз туман мактабларидаги санитария-гигиена ҳолатини ўрганиб, хулоса қилдикки, ҳали қишлоқ жойларида замонавий ҳожатхона ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмабди. Наҳотки, замон ўзгаргани, кишиларнинг яшаш шароити яхшилангани мактабларда сезилмаяпти?

Биз юқоридаги ҳожатхоналарда сув ва дизинфекция воситаларини умуман учратмадик. Лоақал ҳожатхоналарда қоғоз қўйиладиган жой қилинмаган. Бу қоғоз ҳам қўйилмаслигидан дарак эмасми? Бунинг учун ҳам мактаб маъмуриятини айблай олмаймиз. Сабаби, мактабларга ҳеч қачон ҳожатхона қоғози, дизинфекция воситалари берилмайди.

Қаҳратон қишда бундай ҳожатхоналарга болаларнинг қатнашини кўз олдингизга келтиринг. Ўқув биносидан узоқда, иситиш тизими умуман ўрнатилмаган, номига қўйилган эшиклари ҳатто ичкаридан қулфланмайдиган, чироғи ёнмайдиган ҳожатхоналар бугунги кун талабига қанчалик жавоб беради? Ташқарида қўлбола усулда ясалган қўл ювиш жўмраклари қишда музлаб қолиши тайин. Хўш, болалар қаерда қўлини ювади? Қўл ювиш жўмраклари олдида ҳам совун қўйиладиган жой йўқ. Буни масъуллар нега шу пайтгача ўйлаб кўрмаган?

Бизни қизиқтираётгани мактабларда янги қурилаётган ҳожатхоналар унитазли, девори ва поли кафелли, иситиш тизими мавжуд, эшиги қулфланадиган, чироғи, раковинаси бўладими ёки юқоридаги сингари номига қуриб бериладими? Буни биз туман ҳокимлиги масъулларидан сўрамадик. Аксинча, вилоятдаги барча туман (шаҳар) ҳокимликлари ўзлари қураётган мактаб ҳожатхоналарига замон талабига хос ёндашади, деган умидда саволимизни мақола орқали беряпмиз.

Ҳурматли масъуллар, замон ўзгарган, сиз ҳам тафаккурингизни ўзгартиринг!

Яна бир гап. 2025 йилнинг 1 майидан бошлаб Ўзбекистонда “Тоза қўллар” дастури амалга оширилмоқда. Дастур доирасида барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш режалаштирилган. “Тоза қўллар” дастурига кўра, жорий йилнинг май ойида Пайариқ тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига 195170570 сўмлик антисептик воситалари, 130083000 сўмлик суюқ совун, 36000000 сўмлик ҳожатхона қоғози берилган. Аммо масъулларнинг айтишича, ушбу санитария-гигиена воситалари мактабларга ҳали тарқатилмабди.

Худди шундай санитария-гигиена воситалари бошқа туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига ҳам етказилгандир.

Хуршида Эрназарова.