Қайси ҳудудларда ўқувчилар мактабга автобусда бепул қатнайди?

Янги ўқув йилининг бошида ижтимоий тармоқларда мактабга кетаётган ўқувчиларни пул тўламаганлиги учун автобусга чиқармаганлиги акс этган видеохабар тарқалди. Ҳолат Пахтачи туманидаги Фай маҳалласи Назаробод қишлоғида содир бўлган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Нега мактаб ўқувчиларига шарт-шароит яратилмайди.? Улар келажагимиз эртаси, деган мазмундаги фикрлар билдирилди.
Ўша куни вилоят ҳокимлиги томонидан мактаб ўқувчилари учун бепул автобус ажратилди. Бу билан бир муаммо ечим топди. Аммо бизда яна бир савол пайдо бўлди. Хўш, вилоятимизнинг бошқа чекка ҳудудларида мактабга қатновчи болаларга ҳам автобус ажратилганми?
Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2025 йил 30 январда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”даги фармони билан Самарқанд ва Жиззах вилояти ҳокимликлари, Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъуллигида “Чекка ва олис ҳудудларда истиқомат қилувчи ўқувчиларнинг таълим муассасаларига бепул, хавфсиз ва мунтазам транспорт хизмати билан қамраб олиш” топшириғи белгиланган.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ва вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, тегишли идоралар, масъуллар ҳамда мактаб директорлари билан ҳамкорликда 2025 йилнинг июнь-июль ойлари вилоятнинг барча ҳудудларидаги жами 1276 та мактаб ва 185 та мактаб филиаллари ўрганиб чиқилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, Қўшработ туманидаги олис ҳудудларга автобус ажратишга келишилган. Қўшработ туманида 88 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, шундан 31 та мактабда 45 та мактаб филиали фаолият юритади. Ушбу филиалларда 822 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 45-бандига кўра, Қўшработ туманидаги 17 та мактабнинг 21 та филиали ўқувчиларининг асосий мактабларга қатновини таъминлаш учун автобуслар ажратилган. Ушбу ажратилган 17 дона “ИСУЗИ” русумли 16 ўриндиқли автобуслар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқсодиёт ва молия вазирлиги масъуллигида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан 13 миллиард 90 миллион сўмга сотиб олинган.
Илгари тумандаги Дўстлик маҳалласи ўқувчилари мактабга бориш учун уч километр масофани босиб ўтишган.
- Болаларим мактабга кетса, хавотир олардим, қор, ёмғирда қолиб кетарди, - дейди ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Нигора Саъдуллаева. – Энди эрталаб уларни соат 07:30 да бекатга олиб келаман, автобус олиб кетади. Дарслар тугагач, соат 12:00 да автобус болаларни мактабдан олиб келади. Биз ота-оналар болаларимиздан хавотир олмайдиган бўлдик.
- Мактабимизга ўқувчилар тўртта қишлоқдан келади, - дейди тумандаги 2-умумий ўрта таълим мактаби директори Тўлқин Раҳмонов. – Ҳозир 230 нафар ўқувчимиздан 110 нафарига автобуслар хизмат қиляпти. Икки навбатда 55 нафардан ўқувчи автобусда мактабга қатнаяпти.
Мазкур мактабларга ажратилган автобусларнинг кундалик харажати маҳаллий буджет ҳисобидан таъминланади.
Шунингдек, бугунги кунда Булунғур, Каттақўрғон, Пайариқ, Нарпай, Нуробод, Оқдарё ва Ургут туманларидаги жами 640 та мактаб ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш жараёнида транспорт қатновига эҳтиёжи бор мактаблар аниқланиб, уларга ҳам автобус ажратиш режалаштирилган.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.