Ўғлининг дардини ўзига олган шоҳ ва шоир

* Бугун Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кун

Мирзо Бобур назмий ижодиёти ўз ички оламининг кўзгуси бўлса, ажаб эмас. Мисраларидаги туғён бамисоли ҳалқачалардек байтни байтга, сўзни сўзга боғлайди. Сатрдан сатрга кўчган сари ҳолидан, аҳволидан бир баён янғлиқ муножот бўлиб эшилади:

Кўзумнинг нурисен, кўнглум ҳузури,

Таним хуррамлиғи, жоним сурури.

Бу мисралардан завқ майлини ахтарган оввора бўлади. Йўқ, уни ўқир экансиз, кўз ўнгингизда тўшакда тўлғаниб ётган бемор Хумоюн бошида ғамли турган султон ота аксланади:

Дардинг ўлса, иложни нетайин?

Сенсизин тахту тожни нетайин?

Юрт дарди, тупроқ соғинчи ва ҳижрон азобларидан зада қалби яна бир оғир йўқотишдан чўчийди:

Борму эркин ҳеч нима оламда ҳижрондин ёмон,

Ҳар неким ондин ёмонроқ йўқ , будур ондин ёмон.

Шунинг учун ҳам ақл қуввати ўзигагина етади. Илож ва имкони дуога кўчиб, жони учун (фарзанд) жонини фидо айлашга майл этади:

Келки, онда фурқатингдин доғи ҳирмон қолмасун,

Қолмасун ғамда кўнгул, кўнглумда армон қолмасун.

ва:

Ўлганим яхши бу навъ элликдан гар ўтса ёшим...

деган сатрлари ижобатига етди. Ўқиётганингда юрагингнинг туб-тубидан нимадир чирт узилиб кетгандек бўлади. Элликдан нари ёш сўрамаган шоҳнинг сирли олами, бу сўровга ижобат қалбини ларзон этади. Қандай муножотки, ботинида сиру кашф бор? Қандай туйғуки, илдизи таваккулми, тафаккурми, тасаввурми ё тасодиф?!

Бу ҳам ўзи учун, ҳам нуридийдаси Хумоюн учун сўралган “оҳ”ли дуо эди. Қазою қадар ҳукми эди. Ва, “мендан кўрмасин, ўтдан кўрсин, сувдан кўрсин”, деган раббоний ҳикмат садоси, саси эди…

Ажаб дунё, ажиб тақдир шоҳ Бобур Мирзо оғир хасталик билан ўлим тўшагида ётган ўғли Хумоюннинг атрофида гир айланиб, дардни ўзига сўраганлиги ва дуо ижобат бўлиб, Хумоюн соғайиб, Бобур вафот топганлиги тарихий ҳақиқат.

Ўшанда бу зот эндигина қирқ етти йил умр кўрган эди…

Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ.