Бобур меросини чуқур ўрганишни истасак, Бобур номидаги халқаро илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш керак

Бу фикрни Андижон давлат университети профессори Рустам Шамсутдинов илмий асослаб айтди. Уни қўллаб-қувватлаш Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, шеърияти, қолдирган бой меросига бефарқ бўлмаган ва ўрганишни истаган ҳар бир онгли кишининг истагидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори юртимиздаги барча илм аҳли, қолаверса барча юртдошларимизнинг кўнглидаги муддаоларга ҳамоҳанг бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Дарҳақиқат, буюк аждодимиз Заҳириддин  Муҳаммад Бобурнинг миллатимиз адабиёти, тарихи, давлатчилик илми соҳасидаги мероси бениҳоя улуғдир. Бу мерос қалбларимизда қанчалик фахру-ифтихор уйғотса, уни ўрганиш, асраб-авайлаб бугунги ёшларимиз ва келгуси авлодларимизга етказиш шу қадар фахрли бурчимиз саналади. Мазкур қарорда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш тарих фанининг бугунги кундаги долзарб муаммоси ҳисобланади. Профессор Рустам Шамсутдинов томонидан Андижонда Бобур номидаги халқаро илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш таклифи (“Бобур ва биз ҳам ўша тарихий Туронданмиз” - “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2023 йил 2 февраль сони,) бу борада катта имкониятлар эшигини очади.

 Шавкат Мирзиёев “Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз керак” деб таъкидладилар. Бу эса бугун миллий тикланишдан миллий юксалишга ўтиб бораётган Ўзбекистонда тарих фанининг долзарб муаммоларини аниқлаб олишни ва уларнинг ечими борасида илмий хулосалар ишлаб чиқишни талаб қилади. Тарих фанининг бугунги кундаги ижтимоий муаммоларни ечишда иштирок этиши билан нафақат назарий фан, балки назарий-амалий фан сифатида аҳамияти ошиб боради. Бунинг учун Президентимизнинг юқоридаги “Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак”, деган сўзлари тарихчи олимларимизнинг илмий тадқиқотини локомотивига айланиши лозим.

Профессор Рустам Шамсутдинов томонидан таклиф қилинаётган халқаро илмий-тадқиқот институтининг фаолияти ана шундай миллий руҳ билан соғорилган тадқиқотлар сирасига кириши аниқдир. Чунки миллий руҳ деганда, энг аввало, миллий тарих билан ғурурланишни шакллантиришга хизмат қиладиган тадқиқот тушунилади. Ўзбекнинг буюк фарзанди бўлган Бобур билан фахрланиш миллий маданиятни юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим омил бўлиб ҳисобланади.

Келинг, ўзимизга шундай савол бериб кўрайлик: биз буюк аждодимиз меросини ўрганиш, уни келгуси авлодларга бус-бутун етказиш борасида ҳамма ишларни қила олдикми?

Шу кунгача қилинган ишларни ҳеч бир инкор этмаган ҳолда айтиш жоизки, ҳали бу борада қилинадиган ишларимиз кўп. Бобур ижоди ғоят серқирра, ранг-баранг. Бизнингча, унинг ижодида ўрганилмаган, теша тегмаган мавзулар талай. Масалан, жаҳон илм  аҳлини ўзининг илмий, тарихий аҳамияти билан лол қолдириб келаётган “Бобурнома"да ҳали ўрганилмаган, ўрганишимиз зарур бўлган мавзулар бисёр. Бунга СамДУ профессор-ўқитувчиларининг шу асар устида олиб борган камтарона тадқиқотлари мисол бўла олади.

"Бобурнома"ни синчиклаб ва маълум нуқтаи назардан таҳлил қилиш Фарғона водийси ва Зарафшон воҳаси қишлоқ ва шаҳарлари, кентларидаги деҳқончилик ва экологик маданият "оқар сув"лар, яъни суғорма деҳқончилик билан боғлиқ эканини, Ҳиндистонга хос бўлган бетартиблик, экологик ҳамда шаҳарсозлик маданиятининг пастлигига "қора сувлар", яъни бу ерда суғорма деҳқончиликнинг йўқлиги билан боғлиқ эканини англаб олиш имконини беради. СамДУ тадқиқотчиси Абдураҳим Мамановнинг 2015 йилда чоп этилган “Миллий менталитет: ҳусусиятлар ва омиллар” номли монографиясида "Бобурномада "оқар сув"ли ерларга муносабат ва суғорма деҳқончиликнинг экологик маданият ҳамда шаҳарсозликка таъсири масалалари" муаммоси тарихий таҳлил қилинган. Ишончим комилки, Бобур ижодининг худди шунга ўхшаш ҳали очилмаган қирралари кўп.

Рустам Шамсутдинов томонидан кўтарилган таклифнинг аҳамияти умуман тарих фанининг аҳамияти билан белгиланади. Тарих фани ёшларда нафақат тарихий билимни, балки уларни тарбиялаш орқали маънавиятни ҳам шакллантиради. Инсон таълим жараёнида шаклландиган билим негизида ақлли, тарбия жараёнида шаклланадиган маънавият негизида эса доно бўлиб боради.  Ақлли ва доно авлод жамият тараққиётининг муҳим шарти бўлган адолатли ижтимоий тартибни ўрнатиш ва миллий маданиятни юксалтириш асосида миллий тикланишдан миллий юксалишга ўтишга ва орзу қилинаётган фаровон жамиятни қуришга қодир бўлади.

Шу нуқтаи назардан қараганда Бобур номидаги Андижон давлат университети тузилмасидаги қатағон қурбонлари музейи директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Шамсутдиновнинг Андижонда Бобур номидаги Халқаро илмий-тадқиқот институти ташкил этиш ташаббуси барча адабиёт ихлосмандларининг, қолаверса тарихчилар, бутун илмий жамоатчилик кўнглидаги гап бўлди. Фидокор олимимизнинг ушбу ташаббуси Президентимизнинг ёшларни миллий ғурур, ифтихор руҳида тарбиялаш зарур, деган фикрлари билан ҳамоҳанг. Зеро, Бобур шахси, илмий, адабий, сиёсий фаолиятини ўрганиш ёшларимизни миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашда бениҳоя катта ўрин тутади.

Фарҳод Набиев,

СамДУ профессори.