Самарқанд вилояти ИИБга янги раҳбар тайинланди

Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига кўра, Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган генерал-майор Арипов Тоҳир Тўлқуновични таништирув тадбири ўтказилди.

Ички  ишлар вазири Азиз Тошпўлатов ва вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирокида ўтказилган йиғилишда вилоятда аҳоли хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга эътибор қаратилди.

Ички ишлар вазири А.Тошпўлатов бугун республикамиз ҳудудлари орасида аҳолиси энг кўп бўлган вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш, "Хавфсиз маҳалла", "Хавфсиз шаҳар" тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда соҳа ходимлари олдида турган вазифаларга тўхталди. Бу борада ички ишлар идоралари ходимлари янги тайинланган раҳбар бошчилигида зиммаларидаги масъулиятни чуқур англаган ҳолда фаолият юритиши кераклигини таъкидлади.

 Мазкур тайинловга қадар Тошкент вилояти ички ишлар  бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган Тоҳир Арипов Самарқандда ҳам Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишини билдирди.

 Йиғилишда, шунингдек, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Ҳайдаров Неъматилла Ибрагимович вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинлангани маълум қилинди.