Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоида эмас, балки ҳаёт масаласидир

Йўл ҳаракати қоидалари оддий чекловлар эмас. Улар инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун яратилган энг муҳим тизимлардан бири.

Статистика шуни кўрсатмоқдаки, йўллардаги хавф ҳали ҳам жиддий муаммо. Жумладан, 2024 йилда мамлакат бўйича 9 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Оқибатда 2 мингдан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган. 2025 йилда ҳам вазият барқарорлашгани йўқ - 8 мингдан ортиқ ЙТҲ ва 2 мингдан зиёд ўлим ҳолати қайд этилган. Жорий йилга келиб ҳамон транспорт оқимининг ортиши ва йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик даражаси сақланиб қолмоқда.

Тасаввур қилинг, ҳайдовчи юк автомобилини пиёдалар йўлагида бошқаради. Шу бепарволик туфайли велосипедда кетаётган одам билан тўқнашув юз беради ва фожиа содир бўлади. Бундай ҳолатлар амалиётда оддий қоида бузилиши эмас, балки жиноят иши сифатида кўриб чиқилади. Суд жараёнларида эса ҳайдовчининг олдинги ҳаракатлари, қоидабузарлик даражаси ва бепарволик ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Оғир оқибатлар юз берган тақдирда, қонуний жазо чоралари ҳам шунга яраша оғирлашади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, йўл-транспорт ҳодисалари кўпинча бир лаҳзалик эътиборсизликдан бошланади. “Бир сония етади”, деган бепарво ёндашув эса инсон ҳаётини йўқотилишига олиб келади. Шу боис йўл ҳаракати хавфсизлиги фақат ҳайдовчиларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятига айланиши керак.

Назорат, маданият ва онгли ёндашув бўлмаган жойда хавф доимо юқори бўлиб қолаверади. Индаллосини айтганда, йўлда ҳайдовчи ёки пиёда томонидан қабул қилинган ҳар бир қарор оддий ҳаракат эмас. У инсон ҳаёти билан ўлчанадиган масъулиятдир.

Зебо Ражабова,
Нарпай тумани.