Самарқанд оромгоҳларида ёз мавсуми қандай ўтмоқда?

Ёз болаликнинг энг гўзал фасли. Мактаб дарсликлари бир четга сурилиб, уч ойлик таътил бошланиши билан ҳар бир ўғил-қиз унутилмас саргузаштларни соғинади.

Айни кунларда Самарқанд вилоятида ана шундай унутилмас онларни болажонларга туҳфа этиш, уларнинг ёзги таътилини мазмунли ва соғломлаштирувчи муҳитда ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар сони 544 минг 88 нафарни ташкил этади. Албатта, уларнинг ҳар бири эътибор ва ғамхўрликка лойиқ. Жорий мавсумда Самарқанднинг хушҳаво бағридаги 14 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида жами 8710 нафар ўғил-қизнинг 5 та мавсум (поток) давомида дам олиши режалаштирилган. Эътиборлиси, уларнинг 6885 нафари Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тизимидаги 10 та замонавий оромгоҳда ҳордиқ чиқармоқда.

Бугунги кун боласини фақатгина табиат қўйнидаги оддий хона билан ҳайрон қолдириб бўлмайди. Уларга замонавий шароит, қулайлик ва қизиқарли машғулотлар керак. Шу боис, Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан оромгоҳларнинг моддий-техник базасини тубдан янгилаш учун нақд 6 миллиард 856 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Оромгоҳлардаги ётоқхоналар учун янги диванлар, шкафлар ва шинам юмшоқ жиҳозлар харид қилинди. Болаларнинг иқтидорини чархлаш мақсадида кулолчилик ва бошқа ҳунармандчилик тўгараклари учун махсус ускуналар ўрнатилди. Оромгоҳларга олиб борувчи автомобиль йўллари, кўприклар таъмирланди, сув ва электр таъминоти, ёнғин хавфсизлиги тизимлари тўлиқ янгиланди.
Бугун мавсумнинг дастлабки икки босқичи аллақачон якунига етди ва бу вақт ичида 4500 нафар болажон мароқли дам олиб улгурди. Оромгоҳлар шунчаки дам олиш маскани эмас, балки ҳақиқий маҳорат ва дўстлик майдонига айланди.

Болалар оромгоҳларда қизиқарли спорт мусобақаларида куч синашмоқда, маънавий-маърифий тадбирлар ва маданий кечаларда ўз иқтидорини намойиш этмоқда, ижодий тўгаракларда янги ҳунарлар ўрганмоқда, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ўзлаштирмоқда.
Бугунги кунда вилоятдаги барча оромгоҳларда ёзги мавсум юқори ташкилий даражада, кўтаринки руҳда давом этмоқда. Масъул ташкилотлар болаларнинг хавфсизлиги, сифатли ва витаминларга бой овқатланиши, малакали тиббий хизмат кўрсатилишини назорат қилиб бормоқдалар.

Хуршида Эрназарова.