ПИН-код – сирми ёки оммавий ахборотми?

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бугун бозорда ҳам, дўконда ҳам, дорихонада ҳам пластик карта билан тўлов қилиш оддий ҳол. Аммо электрон тўлов маданияти ҳақида гап кетганда, бир савол беихтиёр туғилади: нега айрим савдо шохобчаларида банк картасига муносабат ҳали ҳам эскича?

Бошқа давлатга борганимда бунинг мутлақо бошқача манзарасига гувоҳ бўлганман. Меҳмонхонага жойлашганимиздан сўнг тез-тез харидга чиқардик. Ҳисоб-китоб пайтида кассирга картани узатмоқчи бўлсак, у дарҳол: «Кечирасиз, картани ўзингиз терминалга қўйинг», дерди. ПИН-кодни ҳам фақат ўзимиз киритардик. кассир картани қўлига олмас, код ҳақида эса ҳатто сўрамасди. Бу улар учун оддий одоб эмас, балки хавфсизлик қоидаси эди. Орадан вақт ўтиб, юртга қайтдим. Бироқ бу ерда аксинча ҳолатга дуч келдим. Айрим дўконларда кассир картани бемалол қўлига олади. Баъзан эса: «Кодини айтинг», дейди. Энг ачинарлиси, бу гап касса олдида навбат кутиб турган ўнлаб одамлар эшитиб турган пайтда айтилади.

Хўш, ПИН-код шунчаки тўртта рақамми? Ёки унинг ортида инсоннинг молиявий хавфсизлиги турибдими? Ахир банк картасининг ПИН-коди шахсий ва махфий маълумот ҳисобланади. Уни ҳеч кимга айтиш мумкин эмас. На кассирга, на банк ходимига, на бошқа бировга. Буни молиявий саводхонликнинг энг оддий қоидаси дейиш мумкин. Шундай экан, нега ҳали ҳам айрим савдо нуқталарида харидордан кодини овоз чиқариб айтиш талаб қилинади?

Яна бир таниш ҳолат: «Uzcard ишламаяпти», «Терминал йўқ», «Click қилиб беринг». Бу гапларни эшитмаган харидор топилмаса керак. Нега харидор ўзи истаган қонуний тўлов усулидан эркин фойдалана олмайди? Нега электрон тўлов воситалари тўлиқ ишлаши таъминланмайди? Бу саволлар ҳамиша жавобини кутади.

Қувонарлиси, барча савдо шохобчалари ҳам бундай эмас. Масалан, «Корзинка» савдо тармоғида кассирлар картани қўлга олмайди. Харидор картани ўзи терминалга тутади, ПИН-кодни ҳам мустақил киритади. Бу нафақат замонавий хизмат, балки мижознинг ҳуқуқи ва хавфсизлигига бўлган ҳурматдир. Банк картаси — ҳамён эмас, шахсий молиявий калитдир. ПИН-код эса унинг эгасидан бошқа ҳеч ким билмаслиги керак бўлган сир. Уни ошкор қилиш бир неча сониялик бепарволик бўлиши мумкин, аммо оқибати йиллаб йиғилган маблағни йўқотишга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

Энг муҳими, қонун ва хавфсизлик талаблари қоғозда эмас, амалда ишлаши керак. Савдо ходимлари электрон тўлов маданиятини чуқур ўзлаштириши, харидорлар эса ўз ҳуқуқини билиши лозим. Зеро, замонавий тўлов тизими фақат терминаллар сони билан эмас, ундан фойдаланиш маданияти билан ҳам баҳоланади.
ПИН-кодни айтишни сўраш оддий ҳол эмас. Бу молиявий хавфсизликка беписандликдир. Бу беписандликка эса жамият ҳам, масъул идоралар ҳам бефарқ қарамаслиги керак.

Муниса Шамсиева.