Тадбиркорлар билан учрашувда соҳадаги имкониятлар очиқланди

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоят ҳокими ҳузуридаги Тадбиркорлар жамоатчилик маслаҳат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

- Самарқанд йилнинг беш ойида саноат ишлаб чиқариш кўрсаткичи бўйича республикамизда етакчиликни эгаллади ва режага кўра йил якунигача бу кўрсаткични 10 фоизга етказиш кўзланган, - деди вилоят ҳокими А.Бобоев йиғилиш аввалида. – Бу кўрсаткични сақлаб туриш учун фаолият юритмаётган корхоналарни ўрганиш, қувватлардан тўлиқ фойдаланиш, ишлаб чиқаришга илмий ёндашувни кенг жалб этиш керак. Яхши мутахассисларни жалб этган ҳолда истиқболли соҳаларни аниқлаш, эскирган ускуналарни алмаштириш, янги йўналиш ва бозорларга чиқиш имкониятларини ўрганиш лозим. Бунинг учун ўзимиздаги кучли мутахассисларни шу йўналишга жалб этиш ёки хориждан шундай маслаҳатларни олиб келиш керак.

Яна бир масала. Тадбиркорлик, қурилиш ва ёки бошқа соҳада ҳуқуқий саводхонликни ошириш зарурати юзага келмоқда. Чунки тадбиркор ишлаб чиқариш билан шуғулланади, иши қонуний, лекин ернинг ҳужжати тўғри эмас ёки аксинча, бирор ишни бошлаган ҳуқуқий томондан қонунга тўғри келмайди. Фуқаро ёки тадбиркор бир масалада бир эшикка боради, рад жавоби олгач коррупцион ҳаракатлар бошланади ёки ноқонуний тарзда иш бошлайди. Шунинг учун маълум тўлов эвазига бўлса ҳам кенгаш қошида ҳуқуқий маслаҳат корхонасига ўхшаш идора очилса, тадбиркорлар ариза билан мурожаат қилса шу йўналишдаги барча ечимларга қонуний асосда ишлаш бўйича мааълумотлар олади.

Шундан сўнг вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Самиев вилоятда инвестиция киритиб, ишни бошлаш мумкин бўлган йўналишлар, уларнинг ҳажмлари, миқдори ва манзиллари, вилоятда кўп миқдорда импорт қилинаётган маҳсулотлар, уларга бўлган талаб ва ўзимизда ишлаб чиқариш имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Йиғилишда туризм имкониятлари ва соҳани ривожлантириш йўналишларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2025 йилда вилоятга 3 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ келган. Йил охиригача бу кўрсаткични 6 миллионга етказиш режалаштирилган. Мисол учун, Имом Бухорий мажмуаси очилгандан сўнг 20 мартдан 20 апрелгача 1356 минг сайёҳ келган. Мажмуада қурилган меҳмонхоналарни сотиб олиш учун хорижлик тадбиркорлар томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда. Шунингдек зиёрат туризмидан ташқари тиббий туризм ва гастрономик туризмни ҳам ривожлантириш имкониятлари мавжуд.

Учрашувда тадбиркорлар томонидан фаолиятида учраётган муаммоли масалалар ва уларнинг ечимлари бўйича масъулларга топшириқлар берилди. 

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.