Хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича амалий чоралар: Маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш бўйича манзилли ишлаш тизими яратилмоқда

Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятимизда “пойтахт намунаси” асосида Имом Бухорий мажмуасида хавфсизликни таъминлашга қаратилган масалаларни атрофлича ўрганди.

Яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган мазкур мажмуага келиши кутилаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, улар учун хавфсиз, қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, сайёҳлар оқими ортиб боришини инобатга олган ҳолда автотураргоҳлар сиғимини кенгайтириш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Шундан сўнг, ушбу ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган Пайариқ тумани ИИБ 2-сонли ички ишлар бўлинмасида ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ерда ходимларнинг тун-у кун самарали хизмат олиб бориши учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматлари ҳамда хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан уч сменали, узлуксиз хизматни ташкил этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.

Имом Абу Мансур Мотуридий мажмуасида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳам кўздан кечирилиб, ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар ва транспорт воситалари ҳаракатини хавфсиз ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ўрганишларнинг кейинги манзили Ички ишлар вазирлигига қарашли 7-сонли тергов ҳибсхонаси бўлиб, мазкур муассасада сақланаётган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолати атрофлича кўздан кечирилди. Шу билан бирга, ҳибсхонада олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ўрганилиб, уларни белгиланган муддатларда сифатли якунлаш ҳамда ишларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ Каттақўрғон шаҳрининг криминоген вазияти мураккаб бўлган “Ғариб мачит” маҳалла фуқаролар йиғинида ўрганиш ишларини олиб борди. Ўрганишлар давомида давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш, ҳудудда жиноятчиликка салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Маҳалла етакчилари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ушбу муаммоларни тизимли равишда ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.

Иштихон туманининг Иштихон маҳалласида амалга оширилган ўрганишлар давомида маҳалла еттилиги ҳамда ушбу маҳаллага бириктирилган масъул ходимларнинг фаолияти атрофлича таҳлил қилинди. Жумладан, ёшлар етакчиси томонидан мактаб ўқувчиларининг дарс давоматини таъминлаш, улар ўртасида назорат ва тартибни кучайтиришга қаратилган ишлар бўйича тақдимот намойиш этилди ва амалга оширилаётган чора-тадбирларга баҳо берилди.

Шунингдек, Иштихон туманида жойлашган спорт мактабида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилди. Унда вояга етмаганлар ва ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, айниқса уюшмаган ёшлар билан манзилли ишлашда спортнинг аҳамиятини янада ошириш, уларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш ҳамда спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур йўналишда масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.