Сўнгги сигарет ҳам тугади, мана...

Бир кун аввал мени Хатирчидан Самарқанд вилоят партия комитетининг фан бўлимига чақиришиб:

- Эртага Тошкентда Республика зиёлиларининг кенгаши бўлади, сиз сўзга чиқасиз, маърузани тайёрлаб берамиз, - дейишди.

Кейин кимларнидир чақиришди. Профессорлар экан шекилли. Улар роса баҳслашишди. Мен четда мунғайиб ўтиравердим. Охири зерикиб, журъат қилмайроқ сўрадим:

- Ўзим ёзсам майлими?

Бўлим мудири мен – Хатирчи туманидаги 14-мактабнинг математика ўқитувчисига нописанд қаради-да:

-  Профессорлар тайёрлашади, – деди. Мен уялиб, жим бўлиб қолдим. Профессорлар мен тушунмайдиган алланарсаларни узоқ гапиришди, кун бўйи маърузани ёзишди. Охири кимгадир машинкада ёздиришга беришди. Машинкада ёзишни билсам ҳам, жим ўтиравердим. Сўнг ўқитиб кўриб, менга рухсат беришди.

Хуллас, сўзга чиқишимга беш–ўн дақиқалар қолганда, бир киши ёнимдаги одамни турғизиб, ўтириб олди-да, маърузангизни менга беринг, дедилар. Тезлик билан кўз югуртириб, ғализ жумлаларни чизиб-чизиб ташладилар. Мен осон тушунадиган сўзларни ёздилар. Қойил қолиб, бу киши бояги икки профессордан ҳам зўр экан, деб, завқланиб турибман.

-  Адашмайсизми? - дедилар.

-  Адашмайман, - дедим. Яна шошилиб бошқа жойга ўтиб кетдилар. Ёнимдаги бошқа биров:

-  Бу одамни танийсизми? - дедилар.

-  Йўқ,

-  “Ленин йўли” газетасининг редактори Аҳмаджон Мухторов бўладилар.

Оғзим очилиб турган пайтда менга сўз беришди. Бу ёғи алоҳида воқеа. ...

Орадан уч тўрт йил ўтиб, мактаб директорлигидан А.Мухторов раҳбарлик қиладиган “Ленин йўли” газетасига мухбир бўлиб ишга келдим.

Аҳмаджон ака Мухторов ҳақиқий журналист сифатида ҳаммамизга намуна эдилар. Йиғилишлардан, сафарлардан шошиб келардилар-да, котибасига мақолаларни диктовка қилишни бошлардилар. Овози келиб турган қабулхона эшигидан шарпа чиқармай ўтишга ҳаракат қилардик. Мақолаларида ортиқча сўз ҳам, хато фикр ҳам бўлмасди.

Бир марта қабристонларнинг аҳволи ҳақида рейд ўтказиб, ўн икки соат мобайнида кўрганларини газетанинг беш-олтита сонларига мақола қилиб бердилар. Ҳайрон қолдим, қисқа фурсатда шунча кўп нарсаларни кўриш, ёзиш мумкин экан.

Бир куни “Сизни нуроталиклар сўрашяпти, мақола тайёрлаб келинг”, дедилар. “Нима ҳақида ёзай”, десам, “Ўзингиз биласиз”, дедилар. Эрк текканидан яйраб, уч кун кетиб, газетанинг бешта сонига мақолалар, очерклар тайёрлаб келдим. Маза қилиб ёздим. Тўхтатмай бериб боришди газетага.

Яна бир гал қўлимга Хатирчидан келган шикоят хатини тутқазишди. “Алимент тўлашдан қочиб юрган ота ҳақида ёзиб келинг”, дейишди. Хатирчига бордим, воқеани ўргандим, Бир кун эмас, тўрт кун кетдим. Бир сатр ҳам ёзолмадим. Охири юрак ютиб, Аҳмаджон аканинг қабулига кирдим.

-  Ёздингизми, қани мақола? - деб сўрадилар.

-  Ёзолмадим... одам ўзининг юрти ҳақида ёмон сўз ёзолмас экан...-  ерга қарадим... таънали гапларини кутиб турган эдим.

-  Тўғри қилибсиз, бораверинг, - дедилар.

Лоақал йўқ нарсага тўрт кун кетасизми, демадилар. Юртимга меҳримни тушунди, бағрикенглик қилди..

Яна бир гал рус шоири Владимир Солоухиндан сўзма-сўз таржималарни бердилар. Ўзи салкам тайёр, аммо маданият бўлимидан ўтиши керак экан. Бўлим бошлиғимиз бор эди. Негадир менга берибди. Тайёрлаб, Аҳмаджон Мухторов таржималари, деб бердим. Эртасига газетага қарасам, Хосият Бобомуродова рус тилидан ўгирган, деган ўзгартиришни ўқидим.

Аҳмаджон ака Тошкентга “Қишлоқ ҳақиқати” газетасига муҳаррир бўлиб кетдилар. Бир ўтганимда бир туркум шеърлар қолдирдим. Одатда шоирлар ва журналистлар ўртасида зимдан нимадир борга ўхшайди. Бадиий асарларни бермасликка ҳаракат қилишади. Шунга қарамай, ярим бет ҳажмдаги шеърларимни беришга қарор қилишибди. Эшитишим биланоқ муҳаррирга қўнғироқ қилдим:

-  Илтимос, менинг шеърларимни қолдирсангиз ҳам майли. Унинг ўрнига қизилтепалик (Навоий вилояти) истеъдодли адиба, Нозик Қўзиева (жойлари жаннатда бўлсин)нинг асарини беринг. У жуда тортинчоқ, асарларини ҳеч жойга кўтариб бормайди.

-  Хўп, - дедилар.

Газетанинг икки сонига Нозик Қўзиеванинг “Имомиддин қиссаси” номли ҳажвий асарини тўлиқ берди. Мен қадрдон дугонамдан кўпроқ суюндим, жуда суюндим. Бунинг устига менинг шеърларимни ҳам беришидан умидим йўқ эди. Аммо не кўз билан кўрайки, бир-икки кун ўтиб, ярим бет бўлиб, суратим ва шеърларим “Йўқ, сени яшириб бўлмайди, севги”, деган сарлавҳа билан чиқиб турибди!

Ушбу мақолани ёзишдан аввал эски шеър дафтаримни роса изладим... Бир ҳафта изладим. Илгари дафтарга ёзардик, компьютерлар йўқ эди. Қирқдан ошиқ дафтарлар орасидан излаган шеъримни топмагунча бу мақолани бошлай олмадим. Ниҳоят топдим. Ёзилганига қирқ йилдан ошган, китобларимга кирмаган шеър.

Воқеа бундай бўлган эди, область партия комитетининг биринчи секретари ўтказган ободонлаштиришга бағишланган йиғилишга тўрт киши муҳаррирнинг машинасида кетдик. Қайтишда Аҳмаджон ака биздан рухсат сўраб, сигарет чекди. Бўшаган қутисини ғижимлаб ташларкан, “Сўнгги сигарет ҳам тугади, мана....” деб жим қолди... Бироз ўтиб, шуни шеър қилинг, дедилар. Ҳаракат қиламан, дедим. Шеър ўша тундаёқ тайёр бўлган эди. Ўзимга ғўрроқ туюлиб, кўрсатишни эп кўрмабман. Мана энди топиб олдим:

 

Йўлдаги ўйлар

-  Сўнгги сигарет ҳам тугади, мана – Аҳмаджон Мухторов.

Чекиб бўлдим чоғи, сўнгги ғамни ҳам,

Энди улар қайтиб безовта қилмас.

Қалбимни занг каби кемирган алам,

Яна такрор менинг устимдан кулмас.

 

Йўлларнинг ташвиши тугади, ўлди,

Энг сўнгги парчаси айланди кулга.

Бари менинг юрагимга кўмилди,

Қайта оёқ босиб чиқолмас йўлга.

 

Охирги чекилган сигарет каби

Тугади, шодликдан топмоқлик ҳузур.

Сўнгги бўса олар офтобнинг лаби,

Менинг кўзларимда сўниб борар нур.

 

Тугади, ғунчанинг қилмоғи ханда,

Энди мева тугмас орзулар боғи,

Менинг сўнг нафасим музларкан танда,

Нега кўринмайди, йўлнинг адоғи?

 

Наҳотки бу йўлда яна қанчалаб

Тоза, ёш юраклар чекади озор.

Наҳот кимлардандир қилишар талаб,

Хиёнат, кўз ёши, қўшиқ, алдов, зар...

 

Наҳот умид янглиғ тоза юраклар,

Бу йўлдан топарлар қайта–қайта бахт.

Наҳот кўпдир ҳали сирли сўроқлар,

Жавобин топмоққа қилишарлар аҳд.

 

Наҳотки сигарет каби мен ўзим,

Чекилиб бўлдим-у, абад қолмадим.

Бу йўллар шунчалар эканми узун,

Умр бўйи юриб, тугатолмадим?

 

Ҳеч бўлмаса, битта сигарет каби

Дунёнинг лабида ёндими умрим.

Ёким келажакнинг оёқларига,

Кул каби тўкилиб қолдими умрим.

1980 йил, куз.

Айтишларича, шеър ёзилмайди, содир бўлади. Сўзда сеҳр бор эмиш.. Қирқ беш йил аввал битилган шеър нималарни башорат қилганини билмадим. Билмайман. Аммо устоз Аҳмаджон Муторов мактабини ўтаганлар сўзнинг қадрини билишади. Сўзга хиёнат қилишмайди.

Илоҳо, устознинг жойлари жаннатда бўлсин. Номлари мангуликка туташ бўлсин!

Хосият Бобомуродова,

шоира, Ўзбекистонда хизма кўратган маданият ходими.