Барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари аутсорсингга ўтади

Самарқанд шаҳридаги 109-давлат мактабгача таълим ташкилотида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди.

Мазкур давлат мактабгача таълим ташкилоти 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2022 йилда реконструкция қилинган. Пресс-тур иштирокчилари боғчада машғулот хонаси, ётоқхона, ошхона ва уларда яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

- Боғчамиз 2022 йилдан буён аутсорсинг усулида фаолият юритиб келмоқда, - дейди мактабгача таълим ташкилоти директори Севара Қорабоева. – Аутсорсингнинг қулайлик томони шундаки, болаларнинг таълим-тарбияси билан мен шуғулланаман, озиқ-овқати билан аутсорсер шуғулланади.

- Мазкур мактабгача таълим ташкилотига озиқ-овқат маҳсулотларини мен етказиб бераман, - дейди тадбиркор Жамшид Ўроқов. - Сут, гўшт, нон, сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган фирмаларим бор. Озиқ-овқат маҳсулотларини четдан сотиб олмайман, ушбу боғчани ўзим ишлаб чиқарган сифатли маҳсулотлар билан таъминлаб келяпман.

- Шу пайтгача айрим мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг тизими йўлга қўйилган эди, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Салоҳиддин Номиров. – Жорий йилда республикамиздаги барча давлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1-сонли қарорида белгиланган. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан биргаликда мавсумлар кесимида “Ягона мавсумий таомнома” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Энди барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида бир хил "Меню" асосида таом тайёрланади.

Хуршида Эрназарова.