Маҳаллаларда ишлар қандай йўлга қўйилган?
Булунғур туманида ҳудудда маҳалла ходимлари билан ишлаш, уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган пресс-тур ўтказилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими раҳбари Ҳасан Эгамбердиев ҳамроҳлигида журналист ва блогерлар дастлаб Амир Темур номли маҳалаллада бўлишди. 2021 йилда ҳашар йўли билан қурилган маҳалла биноси таъмирланиб, “маҳалла еттилиги” учун барча шароитлар яратилган. Фаоллар компьютер жамланмаси ва бошқа зарур воситалар билан таъминланган.
— Маҳалламизда 550 та хонадон бор, ҳар бирини ўрганиб чиқиб, зарурларини тегишли дастурларга киритганмиз, - дейди маҳалла раиси Мақсуд Очилов. – “Маҳалла еттилиги”нинг ўз йўналишлари бўйича амалга ошираётган ишларини таҳлил қилиб бораман. Бирор муаммо аниқланса, уни бартараф этиш учун барчамиз бирдек киришамиз. Маҳаллалар уюшмаси фаолиятимиз самарадорлигини оширишда ҳам моддий, ҳам услубий кўмак бериб келмоқда.
Янги Қўрғон маҳалласининг биноси 2022 йилда қурилган. Бунгача маҳалла фаоллари ижарада туриб, ишлашига тўғри келган. Маълумотга кўра, бугун тумандаги 55 та маҳалланинг 52 тасида бино бор. Қолган 3 та маҳалла учун бинолар қурилмоқда. Уларни ҳам тез кунларда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
— Тўғри, маҳаллаларнинг биноси бўлиши керак, лекин иш самарадорлиги фақат шунга боғлиқ эмас, - дейди Ҳасан Эгамбердиев. – Улар иш кунининг асосий қисмини кўчада, халқнинг орасида ўтказиши зарур. Айни жараёнда планшетлар жуда қўл келмоқда. Бугунги кунда ҳар бир маҳалла фаоли махсус планшет билан таъминланган. Улар қурилма ёрдамида маҳалла пратформасига кириб, лойиҳаларни юритиши, мурожаатларни қайд этиши мумкин. Бу платформада фуқаролар ҳам ҳеч қандай оворагарчиликсиз “Бизнесга биринчи қадам” лойиҳаси доирасида 5 миллион сўмгача кредит ололади. Агар кредит мақсадли ишлатилса, кейинги мурожаатда кўпроқ маблағ ажратилади.
Навбаҳор маҳалласида ҳам фаоллар учун шароитлар етарли. Маҳалла биносида бўш турган хона “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш учун ажратилган экан. Унда тажрибали ҳунарманд Гулсара Қудратова ижтимоий дафтарларга киритилган 10 нафардан ортиқ хотин-қизга эсдалик совғалар ясаб, даромад қилиш сирларини ўргатмоқда.
Туманнинг маънавият марказига айланган Фозил Йўлдош маҳалласида ҳам катта бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Жумладан, ҳудуддаги эски маҳалла биноси бузилиб, ўрнига 2,5 миллиард сўм эвазига замонавий, икки қаватли иншоот қуриляпти. Бинонинг биринчи қаватида маҳалла, иккинчи қаватида IT ўқув маркази ҳамда электрон кутубхона жойлаштирилиши режалаштирилган. Унга туташ ҳудудда эса 500 ўринли амфитеатр қурилмоқда.
Асқар Баротов.