Булунғурда янги бозор қачон қурилади?
Туман марказида жойлашган деҳқон бозори ва унинг атрофидаги айрим ҳолатлар нафақат сотувчи ва харидорлар учун, балки бозор ёнидаги йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ва пиёдаларга ҳам ноқулайликлар туғдиряпти. Сотувчиларнинг баъзилари кўчада, яъни пиёдалар йўлагида савдо қиляпти. Уларнинг айримлари ҳатто автомобил йўлининг бир қисмини эгаллаб олган.
- Ҳар куни бозор чиптачисига 10 минг сўмдан берамиз, - дейди сотувчилар. Аммо “Нега кўчада савдо қиляпсиз?”, деган саволга эса жавоб йўқ!
- Бир пайтлар бу сотувчилар ҳам автомобилларга, ҳам пиёдаларга халақит бериб, туманнинг марказий кўчаларидан бирида савдо қиларди, - дейди бозорнинг қурилиш бўйича мутахассиси Исматилла Ирисқулов. – Уларни деҳқон бозори ҳудудида савдо қилишга ундадик. Бундан кўпчилик норози бўлди. Аввалига Мингчинор массиви ҳудудида янги бозор қурилиб, бозоримиз фаолияти тўхтатилиши режалаштирилган эди. Шунинг учун сотувчиларга вақтинча кўчада бўлса ҳам савдо қилиб туришига рухсат берилганди. Кейинчалик эски бозор ҳам фаолиятини давом этириши мумкинлиги айтилди. Энди кўчада савдо қилаётган тадбиркорлар учун муносиб шароит яратиш чоралари кўриляпти. Аслида бозоримизнинг катта бир айвони 1989 йилда қурилган. Расталар эса кам ва улар катта жойни эгаллаган, бугунги замон талабига жавоб бермайди.
Шундай бўлса ҳам бозор ҳудудидаги расталарнинг деярли ярми бўш турибди. Мутахассис эса кўчадаги сотувчилар учун бу жойлар камлик қилишини ва тез кунда бозор янги лойиҳа асосида қайта қурилиши режалаштирилаётганини айтди:
- Янги лойиҳа таклифи туман ҳокимлигига тақдим қилинган. Агар шу таклиф қабул қилинса, декабрь ойида қурилиш ишлари бошланади. Ҳозирда бозоримизнинг 437 та савдо ўрни ва 92 та турғун савдо нуқтаси мавжуд бўлса, янги лойиҳа амалга оширилгандан кейин бу кўрсаткич қарийб 2 бараварга ошади. Яъни, 900 га яқин савдо ўрни ташкил этилиши режалаштирилган.
Бозорда айрим маҳсулотлар санитария талабларига жавоб бермайдиган шароитда сотиляпти.
- Бозорда ҳам, кўчада ҳам савдо қилаётган айрим тадбиркорлар усти ёпиқ ҳолда сотилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини очиқ ҳолда сотишади, - дейди харидорлардан бири. – Одамлар олаверади. Ҳақ-ҳуқуқини, тартиб-қоидаларни билишмайди. Биргина мисол, салатлар очиқ ҳолда сотилади. Сотувчилар ҳам, олувчилар ҳам уларнинг устига чанг ва у билан бирга турли микроблар тушаётгани билан иши йўқ.
Айрим маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш санаси ва сақлаш муддати кўрсатилмаган. Бунга бозорда масъул бўлган лаборатория ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларидан ҳеч бирини тополмадик.
Булунғурда янги деҳқон бозори бунёд этилиши бўйича киритилган лойиҳа таклифи қабул қилинадими? Янги бозор қачон қурилиб, қачон ишга туширилади? Унгача кўчадаги тартибсизлик шу ҳолича тураверадими? Бозордаги лаборатория ва санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари ўз ишларига қачон масъулият билан ёндашади?
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).