Бозорларда сотувчи-ю харидорга қандай шароит яратиляпти?
Шу йил 15 октябрь куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган муҳокама йиғилишида энг ёмон ҳолатдаги деҳқон бозорларининг ички йўлаклари ҳамда автотураргоҳларини бетонлаштириш ва асфальтлаштириш бўйича топшириқ берилганди.
Вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси ҳамда туман-шаҳар ҳокимликлари масъуллари томонидан ушбу топшириқ ижроси қай даражада таъминланяпти? Шу саволга жавоб топиш мақсадида айрим бозорларда бўлдик.
Аввало, “Паст Дарғом мева-сабзавот деҳқон бозори”да бўлдик. 2,78 гектар майдондан иборат бозор ҳудуди тўлиқ бетонлаштирилган.
- Бозоримизда 152 та савдо дўкони, жами 672 ўринли расталар ҳамда полиз маҳсулотлари сотиладиган 2 та айвон мавжуд, - дейди жамият бош ҳисобчиси Озод Бозоров. – Шунингдек, арзонлаштирилган савдо ярмаркаси учун махсус енгил конструкцияли бино қурилган. Бозор атрофидаги 4650 квадрат метр майдон асфальт қилинган ва 800 квадрат метр пиёдалар йўлаги, 350 метрлик ариқ, бозор ичидаги йўлаклар, 4880 квадрат метрлик автотураргоҳ бетонлаштирилди.
Сотувчи ва харидорлар учун қулай шароитлар яратиб берилгани яхши, аммо бозор атрофидаги йўлдан ўтиб-қайтаётган ҳайдовчи ва йўловчиларни қийнаётган бир масала бор экан. Бу – тирбандлик.
- Айни пайтда бозорга қарашли автотураргоҳда асфальтлаш ишлари кетяпти, - дейди О.Бозоров. – Шу сабабли кўчада тирбандлик ҳосил бўлган. Бу ишлар якунига етгач, автотураргоҳ 200 дан зиёд автомашинани ўз ичига сиғдиради.
Кейинги манзилимиз “Нуробод деҳқон бозори”нинг “Сариқул” филиали бўлди. Чекка ҳудудда жойлашган ушбу бозор филиали ҳафтада бир кун, бор-йўғи 2-3 соат давомида фаолият олиб борар экан.
Аввало, бозорда савдо қиладиган айрим тадбиркорларнинг фикри билан қизиқдик. Айримлари мавжуд имкониятларнинг борига шукур қилиб савдо қиляпти, баъзилари эса...
- Шу бозорда 20 йилдан бери савдо қиламан, - дейди уларнинг бири. – Тўғри, бозорнинг айрим жойлари бетонлаштириляпти, аммо шунча вақтдан бери ёзда иссиқда, қишда ёғингарчиликдан ҳимоя қиладиган айвонларга эҳтиёж катта, бундан кейин бу муаммо ҳал этиладими-йўқми билмадим.
- Самарқанд туманида яшайман, - дейди Шарифа Эсоева. - 15 йилдан бери Нуробод туманидаги катта-кичик бозорларда савдо қилиб келаман. Ҳафтанинг ҳар жума куни шу бозорга келаман. Тўғриси, шу пайтгача умуман шароит йўқ эди. Турадиган жойимиз ёзда чанг, ёғингарчилик пайтида лой бўларди. Бугунги кунда бозор ҳудудининг бир қисми бетонлаштирилиб, расталар қурилди. Бу яхши, энди қуёш нури ва қор-ёмғирдан пана бўладиган айвонлар қурилса, ўзимиз билан бирга олиб келадиган, ортиқча юк бўладиган соябонларга эҳтиёж қолмайди. Секин-аста шароитлар яратиляпти, тез кунда ҳаммаси яхши бўлишига ишонамиз.
- Бозоримиз 7 та филиалдан иборат, - дейди “Нуробод деҳқон бозори” раҳбари Элбек Холбоев. - Аҳоли тарқоқ жойлашгани учун ҳам шундай кичик-кичик филиаллар хизмат кўрсатади. Бозорнинг жами ҳудуди 3,3 гектар бўлиб, энг катта филиалимиз “Сариқул”. Ҳудуди эса 1,5 гектарни ташкил этади. Имкониятимиздан келиб чиқиб, 1 та айвон қурганмиз. Тадбиркорлар ҳисобидан дўконлар ҳам қурилган. Филиалнинг 1000 квадрат метр майдонига бетон қопламаси ётқизилди. 200 ўринли раста қурилди ва уларда савдо қиладиганлар учун шароит яратиш мақсадида 2 та айвон барпо этилиши режалаштирилган.
Нуробод адирликларида жойлашган яна бир бозорда олиб борилаётган бетонлаштириш ишлари билан ҳам танишдик.
- Туманнинг “Кеч келдик” маҳалласида яшаймиз, - дейди Бойхўроз Ботиров. – Бир пайтлар биз яшайдиган қишлоққа яқин ҳудудда бозор йўқ эди. Аҳоли рўзғорига нимадир керак бўлса, ё Каттақўрғон шаҳрига ёки Паст Дарғом туманига боришга мажбур эди. Болалигимда отам билан бозорга борардим. Уловимиз бир тележкали трактор бўларди. Қишлоқнинг ўнлаб одамлари шу транспорт воситасида бозорга қатнарди. Бозорлик қилиб бўлгач, тракторчининг иши битишини кутардик. Бунинг учун кўпинча соатлаб вақт кетарди. Ёғингарчилик ва иссиқдан ҳимояланиш учун тележканинг тагида ўтирардик. Олган озиқ-овқат маҳсулотларимизнинг айримлари уйга етиб келгунча, айниб, сифати бузилиб қоларди...
Б.Ботировга шу ҳолатлар оғир таъсир қилганми ё бошқа сабабми, ҳарҳолда унинг ташаббуси билан Нурбулоқ қўрғони ҳудудида “Яхши ният, фаровон ҳаёт” деҳқон бозори ташкил этилибди. Унга ўзи раҳбарлик қила бошлабди. Қўрғонда аҳоли кўпайиб, инфратузилмалар яхшиланиб, бу бозор торлик қила бошлагач, унинг ўрни замонавий тураржойлар қурилиши учун бўшатиб берилиб, бозор учун эса чеккароқ ҳудуддан, яъни адирликдан 3,5 гектар майдон ажратилибди.
- Ҳудуд чўлдек қақраб ётганди, - дейди у. - Бу ерда бозор бўлишига ҳеч ким ишонмасди. Таваккал қилиб, бозорни кўчириб келтирганимиздан кейин аста-секин ҳудуд обод бўла бошлади. 2020 йилда расман иш бошладик. Ҳозирда атрофидан турли савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этиляпти. Бугунги кунда 1 гектар майдонда деҳқон бозори, 50 сотих ерда мол бозори фаолият кўрсатяпти. Бозорга ажратилган ҳудуднинг қолган қисми бўш турибди, аммо солиқларини тўлаб келяпмиз. Келгусида бозоримизни кенгайтириш ниятимиз бор.
Бу ҳудудда бозор фаолият бошлаганига ҳали кўп бўлмаган, аммо бирмунча қурилиш ишлари бажарилганига гувоҳ бўлдик.
- Деҳқон бозори ҳудудининг деярли ярми бетонлаштирилган, - дейди Б.Ботиров. – 200 ўринли замонавий савдо растаси ва иккита айвон бунёд этилган, яна иккита айвон қурилишига ҳозирлик кўриляпти. Бир ой ичида 2 минг квадрат метр майдонга бетон ётқиздик.
Вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмасидан олинган маълумотларга кўра, 18 ноябрга қадар вилоятдаги 52 та деҳқон бозорида қарийб 63 минг квадрат метр майдонга асфальт ва салкам 100 минг квадрат метр майдонга бетон қопламаси ётқизилган. Босқичма-босқич давом этадиган ишлар самарасида кўрсаткичлар янада ортиб бориши кутиляпти.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (видео+фото).