“Президент Олимпиадаси” мусобақаларида қатнашувчи спортчиларни кузатиш маросими бўлиб ўтди

24 ноябрдан 4 декабрга қадар Тошкент шаҳрида — “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларининг финал босқичи ҳисобланган "Президент Олимпиадаси" бўлиб ўтади.

Мусобақа олдидан вилоятимиз спортчиларини тантанали кузатиш маросими ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев сўзга чиқиб, Олимпия ўйинларига спортчиларни саралаш ва уларни профессионал тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани, бунинг учун яратилган шароитлар ҳақида гапирди ва “Президент Олимпиадаси” мусобақаларида иштирок этадиган барча спортчиларга муваффақият тилади.

Бугундан мусобақа иштирокчилари Тошкентда жам бўлишади. 24 ноябрдан эса юртимизнинг энг кучли ёш спортчилари ғолиблик учун баҳсларга киришадилар.

Бокс, эркин кураш, юнон-рум кураши, дзюдо, оғир атлетика, енгил атлетика, баскетбол, бадиий гимнастика, таэквондо WТ, стол тенниси каби 10 та Олимпия спорт турини ўз ичига олган баҳслар Олимпия шаҳарчаси, Чирчиқ Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Гимнастика бўйича Олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтказилади.

Тадбирда 15-17 ёшли ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган ушбу мусобақа миллий терма жамоаларимизга иқтидорли ёшларни селекция қилиш йўлида муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этилди.

“Президент Олимпиадаси” дастури орқали сараланган иқтидорли ёшлар энди Республика босқичида Самарқанд вилояти шарафини ҳимоя қилади.