Спорт соҳасидаги муаммолар: натижалар қониқарсиз, терма жамоага спортчилар етказиб берилмаяпти, федерацияларга ҳомийлар бириктирилмаган
Яқинда Президент раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ихтисослашган спорт мактабларининг натижаси оддий спорт мактабларидан фарқ қилмай қолгани ҳамда спорт федерациялари фаолияти танқид қилинди.
Хўш, Самарқандда аҳвол қандай? Спорт турларига эътибор қаратиляптими, спорт федерацияларининг натижалари қониқарлими, ҳомийлар бириктирилганми, спорт федерациялари терма жамоага спортчи етказиб беряптими? Ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида ихтисослаштирилган спорт мактаблари ва спорт федерациялари фаолияти билан танишдик.
Ихтисослаштирилган спорт мактабининг оддий спорт мактабидан фарқи нимада?
Вилоятда иккита олимпия ва паралимпия маркази, ўттиздан зиёд спорт мактаби, бешта ихтисослаштирилган спорт таълим муассасаси бор. Республикамизнинг аксарият ҳудудларида олимпия ва паралимпия марказлари сони битта ва бу борада Самарқанд етакчи. Аммо бугун марказлар талаб даражасида фаолият юритяпти, деб бўлмайди. Мисол учун, ўтган йил ўтказилган “Президент олимпиадаси” мусобақаларида Тойлоқ олимпия маркази спортчилари бирорта спорт тури бўйича олтин медални қўлга киритмади. Шундан сўнг спорт вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Самарқанддаги ўрганиши давомида қониқарсиз натижа кўрсатгани ва соҳада тизимли иш олиб бормагани учун ушбу муассаса директори ишдан олинди. Лекин ҳалигача муассасага янги раҳбар тайинлангани йўқ.
Вилоятдаги ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятига келсак, оддий спорт мактабларидан фарқ қилади ва республикада етакчи ўринларда. Хусусан, вилоят гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактабида бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, трамполин каби олимпия ва спорт акробатикаси (ноолимпия ) спорт турлари бўйича 400 нафарга яқин ёшлар шуғулланади. Муассасанинг 18 нафар спортчиси миллий терма жамоанинг асосий, 6 нафари захира таркибига қабул қилинган. Шу йилнинг ўтган даврида спортчилар республика ва халқаро мусобақаларда 17 та олтин, 33 та кумуш ва 22 та бронза медалини қўлга киритган.
– Ихтисослаштирилган спорт мактаби оддий спорт мактабидан тубдан фарқ қилади, – дейди вилоят гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби олий тоифали услубчиси Карим Эшниёзов. – Биринчидан, спорт мактабларида бир нечта спорт турлари билан шуғулланиш мумкин, бизда эса битта спорт тури ва унинг таркибига кирувчи спорт турлари бўйича машғулотлар ўтилади. Иккинчидан, ихтисослаштирилган спорт муассасаларига спортчилар ўқув машғулот гуруҳига қабул қилинса, спорт мактабларида бошланғич гуруҳларга олинади. Учинчидан, ихтисослаштирилган спорт мактабларига разряди, унвони бор спортчилар саралаб олинади. Спорт мактабларига ҳаваскор спортчилар ҳам қабул қилинади. Тўртинчидан, ихтисослашган спорт мактабларига қабул қилиш ёш чегараси бор. Мисол учун, гимнастика спорт турлари бўйича соғломлаштириш гуруҳларига 5 ёшдан 18 ёшгача қабул қилинса, спорт мактабларига 30 ёшгача этиб белгиланган. Бешинчидан, ихтисослаштирилган спорт мактабларида натижа кўрсатган, яъни чемпионлар етиштирган тренер-ўқитувчилар ҳам саралаб олинади.
Мутахассис фикридан кўриш мумкинки, ихтисослаштирилган спорт мактаблари оддий спорт мактабларидан мақсади, танлов жараёни ва тайёргарлик даражаси билан фарқ қилади. Бу муассасалар муайян спорт турига чуқур ихтисослашган бўлиб, асосан сараланган, иқтидорли ва маълум натижага эга спортчиларни тайёрлашга қаратилган. Шу билан бирга, бу ерда юқори малакали, натижа кўрсатган мураббийлар фаолият юритади. Оддий спорт мактаблари эса кенг омма учун мўлжалланган бўлиб, бошланғич даражадаги ва ҳаваскор спортчиларни қамраб олади ҳамда турли спорт турлари билан шуғулланиш имконини беради.
Гимнастика маркази нега фойдаланишга топширилмаяпти?
Президентимизнинг 2022 йил 23 декабрдаги «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Самарқандда замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий гимнастика спорт турларига тайёрлаш маркази ташкил этиш белгиланган. Ҳозирда Самарқанд шаҳрида бунёд этилаётган гимнастика марказининг қурилиш ишлари якуний босқичга етган бўлиб, қурувчи бош пудратчи ташкилот – “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтган йилда фойдаланишга топширилиши керак эди.
– Мазкур объект қурилишини 2023 йилда бошлаганмиз, – дейди “Agromir Buildings” МЧЖ иш бошқарувчиси Саидмурод Кунузоқов. – Лойиҳа қиймати 64 миллиард сўмдан зиёд бўлиб, спорт зал, беш қаватли ётоқхона, ошхона ҳамда маъмурият биносидан иборат. Биз ушбу объектда лойиҳада кўрсатилганидан кўпроқ иш бажарганмиз. Лекин марказ тўлиқ жиҳозланмаган ва белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаяпти. Зарур маблағ ўтказиб берилса, қисқа фурсатда қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлаб, иншоотни топширамиз.
Спорт федерациялари натижаси: қониқарли, ўрта, паст
Вилоят спорт бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, самарқандлик 972 нафар спортчи миллий терма жамоаларнинг асосий, 499 нафари захира таркибига қабул қилинган. Бу республика миқёсида яхши кўрсаткич, лекин терма жамоага спортчи етказиб бермаган ва паст натижа кўрсатаётган спорт федерациялари ҳам бор. Жумладан, вилоятда 13 та спорт тури бўйича натижалар қониқарли (эшкак эшиш, футбол, чим устида хоккей, спорт курашлари, бокс, велоспорт, дзюдо, енгил атлетика, камондан отиш, оғир атлетика, сузиш, гимнастика, стол теннис) бўлса, 6 та спорт тури (волейбол, баскетбол, гандбол, таэквондо WТ, қиличбозлик, от спорти) ўрта, 4 та спорт тури (бадминтон, теннис, ўқ отиш ва регби) қониқарсиз бўлиб, миллий терма жамоаларга спортчилар етказиб бермаган. Шунингдек, адаптив спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш борасида ҳам ишлар қониқарсиз. Хусусан, режада пара спорт турлари бўйича юзга яқин мусобақа ўтказилиши режалаштирилган бўлса-да, шу вақтга қадар бор-йўғи ўнта мусобақа ташкил этилган.
Бадминтон ва регби олимпия спорт турлари, лекин эътибор йўқ
Бадминтон олимпия спорт тури бўлиб, федерациянинг вилоят бўлими 2014 йилда ташкил этилган. Шуғулланиш учун база ажратилган ва ҳозирги кунда 16 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида 400 нафардан зиёд ёшлар бадминтон билан шуғулланиб келмоқда. Бадминтон федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори Марат Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, республика терма жамоасига спортчи қабул қилинмаган. Чунки фақат Жомбой, Булунғур, Паст Дарғом, Каттақўрғон тумани ва шаҳрида бадминтон тўгараклари бор, холос. Аксарият ҳудудларда спорт тренерлари кам, бириктирилган ҳомийлар ёрдам бермайди, маблағ йўқлиги учун мусобақалар деярли ташкил этилмайди.
Регби федерациясининг вилоят бўлими 2015 йилда ташкил этилган. Айни пайтда 7 нафар тренер қўл остида 260 нафардан зиёд ёшлар шуғулланади. Вилоятда мазкур спорт турига ихтисослашган махсус база йўқ, ҳомийлар бириктирилмаган. Шу сабабли машғулотлар асосан Тойлоқ туманидаги спорт мактабида олиб борилади.
– Ушбу олимпия спорт турининг ривожланмаётганига сабаб вилоятдаги аксарият спорт мактабларида регби йўналиши йўқ, тренерларга штат ажратилмаган ва спорт жиҳозлари етишмайди, – дейди Регби федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори Зафар Бердиқулов. – Масалан, ушбу спорт тури билан шуғулланувчилар ўтган йил 60 нафар эди, бу йил эса 200 нафарга етди. Ўтказилган маҳаллий ва халқаро мусобақаларда вилоятимиз ёшлари 13 та бронза медалини қўлга киритди. Албатта, базалар кўпайтирилиб, спорт мактабларида регби йўналиши очилса, бундан-да юқори натижаларга эришиш мумкин. Ҳозир спортчиларнинг мунтазам машғулот ўтказиши учун дарвоза қоплама билан, тегувчи ҳимоя лапаси, регби тўпи ва махсус кийим-кечак керак.
Ўқ отиш спорти бўйича ҳам натижалар қониқарсиз
Вилоятда спортнинг техник ва амалий турлари 24 тани ташкил этади ва 9 нафар тренер қўл остида 130 нафардан зиёд спортчи шуғулланмоқда. “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши тасарруфидаги спортнинг техник ва амалий турлари маркази директор ўринбосари Фахриддин Мардиевнинг таъкидлашича, туманларда 15 та машғулот базаси мавжуд. Бироқ уларнинг аксарияти таъмирталаб ҳолатда, тренерлар кам ва спорт жиҳозлари етишмайди. Хусусан, ўқ отиш спорти йўналишида терма жамоа учун муносиб спортчилар тайёрланмаган. Яқинда Самарқанд шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича Ўзбекистон чемпионатида ҳам самарқандлик спортчилар совринли ўринларни эгаллай олмаган. Шунингдек, ўқ отиш федерацияси вилоят бўлимига 2019 йилдан буён ҳомийлик ёрдами кўрсатилмаган.
Спортда фақат натижага эмас, тизимдаги муаммо ва камчиликларга ҳам эътибор керак. Кўрамиз, Самарқанд спортига масъуллар юқорида келтирилган муаммоларни қанчалик бартараф этар экан. Биз бу мавзуга яна қайтамиз!
Фазлиддн Рўзибоев.





