Мирбозорнинг давлат улуши сотилди, яна учта бозорда жараён давом этмоқда

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрелдаги “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги фармонига кўра, вилоятдаги давлат иштирокидаги 10 та корхона устав капиталидаги улушлар, 64 та кўчмас мулк объектлари, 730 гектар ер участкаларини аукцион савдосига чиқариш белгиланган.

Мазкур фармон билан бозорлар ва савдо мажмуалари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди.

– Бу йил вилоятимизнинг Нарпай туманидаги “Мирбозор”, Паст Дарғом туманидаги мева-сабзавот ва буюм бозорлари, Самарқанд шаҳридаги “Мармар деҳқон бозори” ва “Шодиёна” савдо мажмуаси давлат улуши сотилиши белгиланган, – деди Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Маҳмараҳимов оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган матбуот анжуманида. – Шу пайтгача “Мирбозор”даги давлат улуши аукционга қўйилиб, сотилди. Қолган учта бозор бўйича жараёнлар давом этмоқда.

Матбуот анжуманида, шунингдек, йил бошидан буён 31 та давлат активлари 290,6 миллиард сўмга, 946 та (126,3 гектар) ер участкаси 62,6 миллиард сўмга сотилгани, ҳозирда бошланғич нархи 130,7 миллиард сўмлик 46 та давлат активи ҳамда 120,6 миллиард сўмлик 5669 та лотдан иборат 815,1 гектар ер участкасининг аукцион савдоси давом этаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Самарқанд шаҳар, Самарқанд ва Нуробод туманларидан ўтувчи халқаро ва маҳаллий аҳамиятдаги йўл бўйларидан 18 та умумий майдони 11,9 гектар бўлган 18 та ер участкаси мастер-режа асосида аукцион савдоларига чиқарилиб, 19,6 миллиард сўмга сотилди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳари, Ургут, Тойлоқ, Самарқанд ва Паст Дарғом туманлари ҳудудидан ўтган Дарғом канали бўйини қисқартириш ҳисобига 100 гектардан ортиқ ер майдонида турзим, замонавий хизмат кўрсатиш, савдо ва сервис нуқталарини барпо этиш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилмоқда. Бу иш якунига етгач ушбу ер майдонлари ҳам аукцион савдоларига чиқарилиб, сотилиши айтилди.