Туркияда дунёнинг энг ноёб соатлари намойиш этилмоқда
Туркия Миллий саройлар бошқармаси илк маротаба дунёнинг энг ноёб соат тўпламларини Топкапи саройининг Соат музейида кенг оммага тақдим этди.
Музейда Усмонийлар даврининг машҳур соатсозлари Аҳмад Эфлаки Деде ва Сулаймон Лезиз яратган асарлардан тортиб, Европадан келтирилган нафис намуналаргача бўлган 300 дан ортиқ асарлар намойиш этилмоқда.

Дунёга машҳур уч йирик коллекциядан бири
Айтиш мумкинки, Топкапи саройи Туркиянинг энг қимматли тарихий меросларидан биридир. Маросимда сўзга чиққан Миллий саройлар бошқармаси раҳбари Ясин Йилдиз саройдаги соатлар тўплами дунё миқёсида эътироф этилган уч йирик коллекциядан бирига киришини таъкидлади:
- Топкапи саройи хазинаси кўпинча соатлар хазинаси ҳам деб аталади, - деди у. - Коллекция жами 380 асардан иборат. Бугун музейда таъмирланган ва реставрация қилинган 300 асарни ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола этамиз. Авваллари хазинадаги асарларнинг жуда кичик қисминигина кўриш мумкин эди. Бугундан бошлаб эса тўпламдаги барча асарлар омборлардан чиқарилиб, илк бор тўлиқ ва кенг қамровли тарзда халққа намойиш этиляпти.
Ясин Йилдизнинг сўзларига кўра, саройдаги Имраҳор хонаси илгари омбор вазифасини бажарган ва кейинроқ султонларнинг отларига масъул бўлган хизматкорлар яшаган. Ҳозир эса ушбу хоналар босқичма-босқич реставрация қилинмоқда.
Ясин Йилдиз яқинда сарой ҳудудида жаҳон даражасидаги тўртта янги музей очилишини маълум қилди. Унга кўра, Топкапи саройининг бетакрор чинни тўплами, қуроллар коллекцияси, хаттотлик санъати ва саноат асбобларидан иборат 10 мингдан ортиқ ёдгорликлар кенг жамоатчиликка намойиш қилинади.

“Бу ердаги баъзи соатлар дунёда ягона”
Музейдаги коллекция сарой учун махсус тайёрланган ва турли мамлакатлардан туҳфа қилинган соатлардан иборат.
- Усмонийлар империяси XV-ХVII асрларда дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлган, - дейди Ясин Йилдиз. - Ўша даврларда дунёнинг энг нуфузли соатсозлик марказларидан саройга махсус буюртмалар келиб турган. Бу ердаги айрим соатлар дунёда ягона. Аҳмад Эфлаки Деде ва Сулаймон Лезиз каби машҳур усталарнинг нодир асарлари бизнинг қўлимизда. Тўпламдаги энг қимматли совғалардан бири — Франция императори Наполеон томонидан Султон Маҳмуд II учун ясатилган “пендуле (маятник)” деб номланувчи махсус соат. Бу соатнинг дунёда атиги еттита намунаси мавжуд бўлиб, улардан бири айнан шу коллекцияда сақланмоқда. Энг муҳим жиҳати, у бошқа соатлардан фарқли ўлароқ, махсус Усмонли саройи учун тайёрлангани ва Истанбулнинг турли манзаралари билан безатилгани ҳамда ёнида битта чўнтак соати ҳам борлигида. Бундан ташқари, Султон Абдулҳамид II давридаги дипломатик муносабатлар натижасида саройга келган соатлар, Франция ва Англиянинг машҳур соатсоз усталарига оид нодир соатлар ҳам тўпламдан жой олган.
Зилола тайёрлади.