Швейцария компанияси Нурободда  ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этади

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Швейцариянинг кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш компанияси раҳбарини қабул қилди.

Мулоқотда Швейцария компанияси раҳбари ишлаб чиқариш фаолияти ҳақида маълумот бериб ўтди. Унга кўра, улар саноатнинг турли соҳалари учун юқори сифатли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келади. Корхонанинг маиший фойдаланиш учун ювиш ва дезинфекциялаш воситалари учун харидорлар - Эрон, Хитой, Грузия, Тожикистон, Афғонистон давлатлари ҳисобланади.

Компания раҳбари В.Салиев вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоевга ўзининг истиқболли лойиҳаларини Ўзбекистонда, хусусан, Самарқандда ҳам давом эттириб, Нуробод тумани ҳудудида кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводини барпо этмоқчи эканлигини билдирди.

Дастлабки босқичда 100 нафар иш ўрни яратилиб, компания томонидан улар олти ойлик курсда кимё соҳасида ишлаш учун ўқитилади. Шундан кейингина ишга қабул қилиниб, корхона цехларида фаолият кўрсатади.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев инвестор лойиҳасини кўриб чиқиб, қонун доирасида кўмак кўрсатишини билдирди.